Суриштирув 1199 25.07.2019 14:43:22

Яна бир хорижий инвестор нимадан норози?

Яна бир хорижий инвестор нимадан норози?

Сўнгги икки-уч йилликда мамлакатимизда тадбиркорликка, катта имкониятлар яратилмоқда. Айниқса, хорижий инвесторларни жалб қилиш йўлида кўплаб хайрли лойиҳалар амалга оширилмоқдаки, бундан хабар топаётган инвесторлар бажонидил мамлакатимизда ўз бизнес фаолиятини бошлашга розилик билдирмоқда. Аммо, афсуски, баъзи бир мутасаддиларнинг шошма-шошарлик билан қабул қилаётган қарорлари туфайли маҳаллий тадбиркорларнинг бизнесига сармоя киритган ва оқибатда шу ишидан афсусланаётганлар ҳақида кунда-кунора хабарлар тарқамоқдаки, бу ўз навбатида ўша мамлакатимизда ўз фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлиб, яхши ният қилиб турган хорижий инвесторларнинг ниятидан қайтишига сабаб бўлмоқда.

Америкалик инвестор Доналд Николсон ҳам айни пайтда мамлакатимизга сармоя киритган, оқибатда шу ишидан пушаймон бўлиш арафасида турганлардан.

Шу инсон билан бошига тушган савдолар ҳақида суҳбатлашдик.

— 1999 йилдан бери Тошкент шаҳрида яшайман, — дейди америкалик Доналд Николсон. — Бу ерга Марказий Осия-Америка тадбиркорлик жамғармаси бош ижрочи директори сифатида келганман. 2002 йили янги тадбиркорлик жамғармаси бўлган Марказий Осия кичик тадбиркорлик жамғармасини ташкил қилдим. Жамғарма 3 та аксиядор — Швейцария ҳукуматининг Тараққиёт Агентлиги, Жаҳон Банкининг таркиби ҳисобланган Халқаро Молия Ҳамкорлиги, Америка Қўшма Штатларининг Халқаро Тараққиёт Агентлиги томонидан қўллаб-қувватланган. Мазкур уч ташкилот жамғармани ташкил қилиш учун 2002 йил капитал киритди. Жамғарма маблағи Ўзбекистонда ва Марказий Осиёдаги бошқа давлатлардаги кичик корхоналарга сармоя киритиш учун шакллантирилди. Биз 2002 йил Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонга сармоя киритишни бошладик. Ўзбекистонда киритилган сармоя туризмдан тортиб қадоқлаш, меҳмонхона соҳаси, молиявий хизматлар, фармацевтика соҳаларини қамраб олган.
photo_2019-07-25_17-24-58.jpg
2002 йилдан буён биз турли хил бизнес турларини ташкил қилдик ва ривожлантирдик. Фақатгина Ақуа-Тудакул қўшма корхонасини ҳисобга олмаганда, муваффақиятга эришдик, десам бўлади. Юқорида айтганимдек, бизнинг ҳомийлар Швейцария ҳукумати, АҚШ ҳукумати ва Жаҳон Банкининг Халқаро молия ҳамкорлигидир. Жамғарманинг бошқаруви Вашинтондаги кичик-хусисий сармоя жамғармаларининг бошқаришга ихтисослашган Кичик тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармалари ташкилотига ишониб топширилди. Мен Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган шу хусусий сармоя жамғармасининг бошқарувчи директориман. Бу ҳақда бироздан сўнг яна тўхталаман. Жамғармани 14 йил давомида бошқаришимдан ташқари АҚШнинг Ўзбекистондаги Савдо Палатаси президенти бўлганман. Мен ҳозирда ҳам палата ва Ўзбекистонда бизнеснинг ривожланиши, янги имкониятлар яратиш учун хориж сармоясини жалб қилиш мақсадида Ўзбек ва халқаро тадбиркорларни Ўзбекистонга жалб қилувчи ташкилотнинг раисиман.

— Ақуа-Тўдакўл қўшма корхонаси хақида гапириб беринг.

— 2003 йил эътиборимизни Ўзбекистонда балиқчилик фермаси ташкил этишга қаратдик. Бу соҳага қизиқишимизга сабаб шундаки, мамлакатингизда балиқ истеъмоли Совет даври пайтидагидан анча камайган. Маҳаллий ҳудудларда истеъмолга чиқариладиган балиқ миқдорида етишмовчилик бор эди. Бу бизга мазкур соҳани ривожлантириш ва яхшигина даромад олиш учун қулай имконият эди.

Шундан сўнг бизга ёрдам бера оладиган ўзбек тадбиркорини қидира бошладик. Биз бундай тадбиркорни Навоий вилоятидан топдик. Бу жаноб бизнинг ҳамкоримизга айланди, биз биргаликда қўшма корхонани шакллантирдик ва 2005 йил ўз фаолиятимизни бошладик.

Тадбиркор ҳукумат вакиллари билан учрашиб, Навоий ва Бухоро оралиғидаги чўл ҳудудида жойлашган 22 минг гектар бўлган Тўдакўл кўлини ижарага олиш ҳуқуқини берувчи келишувга эришди. Билмаганлар учун айтишим мумкинки, Тўдакўл кўли мамлакатдаги иккинчи энг катта сув ҳавзаси ҳисобланади.

Хуллас, 2006-2007 йилларда Ўзбекистонда энг катта балиқ манбаига эга инкубация марказига айландик. Биз Навоийда энг катта Ўзбек-Америка қўшма корхонамиз. Биз шунингдек, бу соҳадаги ягона Ўзбек-Америка қўшма корхонасимиз. 2005 йилдан то 2016-2017 йилгача бизнес ўсиб борди ва биз бизнес янада ривожланиши учун яна сармоя киритдик. Маҳсулотимизни маҳаллий бозорларга, шунингдек, Россия ва қўшни давлатларга ҳам экспорт қилдик.

Кўлга ташлаган балиқларимизни ноқонуний балиқ овловчилардан ҳимоя қилиш учун жуда катта маблағ эвазига бутун кўлни назоратга олиш имконини берувчи юқори даражадаги кузатув тизимини сотиб олишга эришдик. Тунги кузатув тизими кўлга келаётган ноқонуний балиқчилар оқимини, балиқларни ноқонуний тутиш ҳолатларини камайтирди. Бизнес ривожланди ва бизга техник ёрдам кўрсатилди, акциядорларимиздан, жумладан, Швейцария ҳукумати, Исроил, Жаҳон Банкидан кўмак олдик. Исроил ҳукумати бизга техник ёрдам кўрсатган ҳолда ўз техникларини Ўзбекистонга жўнатди ва инкубация тизимини қўллашда бизга ёрдам берди.

Шундай қилиб, 2016 йилда биз улкан Ўзбек-Америка қўшма корхонасига айландик. Бу эса Ўзбек-Америка ёки Ўзбек ва бошқа хориж сармоячиси қандай ишлаши кераклиги борасида намуна бўла олади.

— Ақуа-Тўдакўл корхонасига кейин нима бўлганини айтиб беринг.
photo_2019-07-25_17-24-55.jpg
— 2017 йил сўнггида янги сайланган Президент Шавкат Мирзиёев Навоийга ташриф буюрди ва фаолиятимиз билан жуда қизиқиб қолди. Ҳамкоримиз билан бўлган суҳбатда Президент компания кенгайиши кераклигини таклиф қилди. Биз шундай режамиз борлигини, кенгайиш ҳақида ўйлаётганимизни айтдик. Президент кенгайишни бошлашимизни, маҳаллий ускуналар ва четдан кириб келувчи ускунуларни сотиб олиш учун давлат банкларидан компанияга маблағ ажратилишини айтди. Шундан сўнг давлат банкларининг биридан қарз олдик.

Бизни руҳлантирган яна бир нарса шу эдики, Ўзбекистон ҳукумати балиқларни контейнерларда ўстиришни кенгайтиришга эътибор бера бошлади. Балиқчиликнинг бундай усули кўплаб мамлакатларда, жумладан, Норвейигия, АҚШ, Ветнам, Японияда кенг қўлланилади. Бунинг учун асосий нарса балиқ озуқасидир, аммо балиқ озуқаси Ўзбекистонда ҳануз етишмайди.

Фаолиятни кенгайтириш учун ҳамма нарса тайёр эди, аммо 2018 йилнинг апрель ва май ойларида “Ўзбекбалиқсаноат” бизга асоссиз талаблар қўйишни бошлади. Мен Ақуа-Тўдакўлнинг асосчиси ва вакили сифатида “Ўзбекбалиқсаноат”га бир неча маротаба мурожаат қилдим. Аммо улар жавобсиз қолди. 2018 йил январь ойида биз билан ижара шартномасини янгилаган “Ўзбекбалиқсаноат” орадан уч-тўрт ой ўтмасдан яъни 2018 йил май ойида шу шартномани бекор қилди.

Аслида шартномани бу тарзда бекор қилиш Ўзбекистон қонун-қоидаларига, қолаверса, икки томон ўртасида имзоланган шартномага мутлақо зид эди. Чунки амалдаги қонунчиликка кўра ҳамда икки томонлама тузилган шартномага биноан тадбиркор билан тузилган шартнома талаблари тадбиркор томонидан бузилса, аввало мутасадди ташкилот судга мурожаат қилиши, суд эса тадбиркордан пеня ундириб беришга қарор чиқариши керак эди. Икки томонлама шартноманинг тегишли бандида шу тартиб алоҳида қайд қилинган. Афсуски, “Ўзбекбалиқсаноат” бундай қилмади. Шартномани шунчаки ички буйруқ асосида бекор қилди-қўйди. Бу хорижий сармоядорларда давлатингизга бўлган ишончни сўндирадиган ҳолат, албатта.

Шундан сўнг “Ўзбекбалиқсаноат”ни Америка ва Швейцария ҳукумати ёрдами билан судга бердик. Бизнинг масала Тошкент туман суди томонидан кўриб чиқилди. Афсуски, суд “Ўзбекбалиқсаноат” фойдасига ҳукм чиқарди.

Шу билан таслим бўлганимиз йўқ. Тошкент вилоят судига мурожаат этдик. Ишимиз Тошкент вилоят суди томонидан кўриб чиқилди. Аммо олдинги ҳукм ўз кучида қолдирилди. Вилоят суди ҳам бизнинг масаламизни одиллик билан ҳал этиб бермади. Шундан сўнг менда Ўзбекистон судига нисбатан шубҳа пайдо бўлди. Айни пайтда биз Олий судга мурожаат қилдик. Бор умидимиз улардан.

Биз хорижий сармоядор сифатида аксиядорларимизга, хусусан Швейцария ҳукумати, Америка ҳукумати, Халқаро молия ташкилотига ҳозирги ҳолатимиз юзасидан маълумот бердик. Биз шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осия ривожланиш банкига ҳам хабар бердик.

Ақуа-Тўдакўл яъни Ўзбек Америка қўшма корхонаси “Ўзбекбалиқсаноат”ининг ноқонуний ҳаракати оқибатида азият чекди. Биз ўзбек ҳукуматидан вазиятга назар ташлашини ва ҳозирда судда қандай процессуал жараён кетаётганини кузатишини сўраймиз. Пастки суд томонидан рад қилинган иш қайта кўриб чиқилиб, хорижий сармоядор сифатида биздан ноқонуний равишда олиб қўйилиб, мусодара қилинган балиқлар учун товон тўланишидан умидвормиз.

— Айни пайтда Ўзбекистанда ҳозирда мавжуд имкониятлар хусусида фикрингиз қандай?

— Президент Шавкат Мирзиёев бошқарувидаги Ўзбекистонда Хориж сармояси фойдасига яхши ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Қўшнилар билан алоқлар яхшилинди. Бу ўз навбатида кичик ва ўрта ҳажмли корхоналарнинг ривожланиши, давлат тасарруфидаги корхоналарни хусусийлаштириш учун яхши имкониятлар яратмоқда.

Умуман олганда, янги сармоядорларни мамлакатга жалб қилишнинг энг синалган йўли хориж сармоядорларининг муваффақиятини кўрсатиш. Агар улар бошқалар муваффақият қозанаётганини кўрса, улар ҳам бунга эргашадилар. Шунинг учун ҳам Ақуа-Тўдакўл ишининг одилона кўриб чиқилиши ва компания ижобий фикрга келиши учун фаол тарзда ҳаракат қилмоқдаман. Бизга ноқонуний тортиб олиниб, мусодара қилинган балиқ учун бадал тўланиши керак. Шундан сўнг компания ижобий хулосага келади. Ҳозирча эса...


Ақш инвестор

Мавзуга оид