Суриштирув 336 20.07.2019 13:54:04

Қўрғонтепа туманида мулкдорлар ҳуқуқи поймол этилдими?

Қўрғонтепа туманида мулкдорлар ҳуқуқи поймол этилдими?

“Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 24-моддаси:
Давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнида вужудга келган хусусий мулк дахлсиздир. Хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмайди ва бекор қилинмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 17.01.2017 йилдаги “Тадбиркорлик мақсадларида фойдаланиш учун давлат мулки объектларини сотишни жадаллаштириш ва унинг тартиб-таомилларини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-4933-сонли Фармони 2-банди:
давлат органлари, шу жумладан назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва судлар томонидан хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан, объектлар қийматини баҳолаш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш масалаларини ўртага қўйиш тақиқлансин.

Мақоламизни бежизга қонун ва шахсан давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев имзолаган қарорлардан иқтибос келтиришдан бошламадик.

Зеро, андижонлик бир гуруҳ фуқаролар томонидан йўлланган мурожаатда барча учун мажбурий бўлган бу норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Андижон вилояти, Қўрғон туман ҳокими, туман маъмурий суди раиси ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг вилоят бошқармаси учун оддий бир қоғоз (балки ундан ҳам қадрсиз) эканлиги ҳақида сўз юритилади.

Гап шундаки, Давлат мулк қўмитаси Андижон вилоят бошқармасининг 1994 йил 29 июндаги Ўзбекистон енгил саноат уюшмаси Қорасув шаҳар пайпоқ тўқиш фабрикасини давлат тасарруфидан чиқариш хусусийлаштириш тўғрисидаги 908-сонли буйруғи орадан роппа роса 25 йил ўтиб, ҳақиқий эмас деб топилди.
Қандай қилиб дейсизми?

Жуда оддий йўл билан. Қўрғонтепа туман ҳокимлиги Давлат активларини бошқариш агентлигининг Андижон вилоят бошқармасини судга бериб, Давлат мулк қўмитаси Андижон вилоят бошқармасининг 1994 йил 29 июндаги 908-сонли буйруғини ҳақиқий эмас деб топишни ва ҳақиқий эмаслигининг оқибатларини қўллашни сўради. Силлиқина ўтган Қўрғонтепа туман маъмурий судида жавобгар сифатида иштирок этган агентликнинг ҳудудий бошқармаси вакили туман ҳокимлигига осонгина таслим бўлиб, даъвони тан олди. Қарабсизки қонуну президент қарорлари оёқости қилиниб, хусусий мулк унинг эгаларидан осонгина тортиб олинди.

Хусусийлаштирилган мулк эгалари бўлмиш бир эмас, юз эмас нақд 258 нафар акциядорлар дод деганча қолаверишди. Судда манфаатдор учинчи шахс сифатида иштирок этган мулк эгаларининг хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан, объектлар қийматини баҳолаш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш масалаларини ўртага қўйиш қатиян ман этилиши ҳақидаги важлари судья А.Норматовнинг парвойига ҳам келмади.

Шу ўринда мазкур суд жараёнларини адолатли ўтганлигини янада кўпроқ шубха остига қўювчи саволлар туғилмоқда.

Биринчидан, бу низо маъмурий судловга тегишлимиди? Ахир Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 26-моддасига кўра маъмурий судга фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар тааллуқлидир.

Иқтисодий процессуал кодекснинг 25-моддасида иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан юзага келадиган низоларга доир ишлар иқтисодий судларга тааллуқли эканлиги белгилаб қўйилган.

Иккинчидан, мулкни хусусийлаштириш ваколатига эга бўлган вилоят ташкилоти раҳбарининг 25 йил аввал чиқарилган буйруғини ҳақиқий эмас деб топишни сўраб судга даъво ариза киритишга туман ҳокими қай даражада ваколатли ёки манфаатдор эди?

Давлат мулк қўмитаси ва давлат мулкини хусусийлаштирган мулкдор ўртасидаги муносабатда туман ҳокимлигининг тараф сифатида судга мурожаат қилиши ҳам жараёнларни жуда ҳам шубҳали эканлигига ишора қилмоқда.

Таҳририятга мурожаат йўллаган бир гуруҳ фуқароларнинг таъкидлашича ушбу хусусийлаштирилган мулкни ҳокимлик томонидан тортиб олинишига қаратилган биринчи ҳаракат эмас экан.
 
Қонунлар устувор бўлган жамиятда яшаётганимиздан ҳали ҳам умидини узмаган мулкдорлар суднинг қарорини бекор қилиш бўйича шикоят киритган. Бундан ташқари, айни масала юзасидан ҳуқуқлари бузилган шахслар бошқа ваколатли органларга ҳам шикоятлар йўллашган.

Мазкур масала юзасидан туман ҳокимлиги, Давлат активларини бошқариш маркази ва Олий суддан тегишли муносабат билдирилиши умид билдириб қоламиз.

Кўрамиз, саволларга бой бўлган ушбу жараёнларнинг натижаси нима билан якун топар экан. Воқеалар ривожини Human.uz да кузатиб боринг.

Хуршид Далиев,
журналист



Мавзуга оид