Суриштирув 684 18.07.2019 14:59:31

Қилғиликни қилган ҳокиму балога қолган халқ ёхуд Фарғона вилояти мутасаддиларининг аҳоли билан иши йўқми?

Қилғиликни қилган ҳокиму балога қолган халқ ёхуд Фарғона вилояти мутасаддиларининг аҳоли билан иши йўқми?

Халқимизда ҳатто қушнинг ҳам уйи бузилмасин, деган гап бор. Дарҳақиқат, мазкур пурмаъно ибора бежиз айтилмаган. Айниқса, бу нақлнинг айни ҳақиқат эканлигини бир неча йиллаб йиғиб-териб, солган уйи сносга тушганлар жуда яхши англашса керак. 1.png Фарғона вилояти, Марғилон шаҳар, Аҳмад Яссавий кўчасида истиқомат қилаётган аҳолининг бошига ҳам бугун шу иш тушди. Бундан бир йил муқаддам мазкур кўча бўйлаб, катта йўл қурилиши ҳақида гап тарқалди-ю, шу ерлик фуқароларнинг юрагига ғулғула оралади. Шундан бери уларнинг на еганида, на ичганида ҳаловат бор.

Келинг, яхшиси воқеа тафсилотларини уларнинг ўзидан эшитсак.

На ер берилди, на пул

— Бундан бир йил илгари шаҳар ҳокимлиги кўчамизда катта йўл қурилиши бошланиши, шу боис уй-жойларимизни ўз ихтиёримиз билан бузишимизни талаб қилишди, — дейди Олимжон Абдураззоқов. — Ўша вақтда шаҳар ҳокими ҳар бир хонадон эгасига ўз уй-жойи қийматида компенсация тўлаб берилиши, бошқа уй-жой солишимиз учун ер учаскалари ажратилиши ҳақида ваъда берган эди. Шу ваъдаларга ишониб, бир қанча фуқаролар яшаб турган уй-жойини бузиб ташлади. Лекин аксарияти на ер, на уй-жойининг қийматида компенсация олишди.2.png Бизнинг уйимиз ҳам дастлаб мутасаддилар томонидан 200 миллион сўмга баҳоланди. Лекин бу суммага рози бўлмадик. Ахир, шу иморатни солганимизга бор-йўғи икки-уч йил бўлган эди-да. Қолаверса, уйимиз барча замон талабларига жавоб берадиган даражада сўнгги жиҳозлар билан жиҳозланган. Хуллас, югур-югур, ёз-ёзлар билан уй-жойимизни 630 миллион сўмга баҳолатдик. Ҳокимлик рози бўлди. Аммо шу пулнинг яримини аранг, бўлиб-бўлиб, ташлаб беришди. Бизга ваъда қилинган ер учаскалари, бошқа тайёр уй-жойлар ҳақида-ку умуман гап бўлиши мумкин эмас.

Олимжон Абдураззоқовнинг айтишича, Аҳмад Яссавий кўчасига тушаётган катта йўл узоғи билан олти ой муддатда битказилиши керак эди. Бироқ орадан қарийб бир йил вақт ўтяпти ҳамки қурилиш ўз ниҳоясига етказилмаган. Икки ўртада шошма-шошарлик билан тинч-тотув яшаб келаётган шу ерлик аҳолининг хонадонлари бузилиб, кўкка соврилган, холос.3.png — Шаҳар ҳокимлиги ваъдасини бажармагач, гарчи қўни-қўшниларим уй-жойларини бузишга киришган бўлса-да, мен бундай қилмадим, — дея сўзида давом этади О.Абдураззоқов. — Чунки шу иморатни не-не орзу-ҳаваслар, машаққатлар билан қурганман. Бунга оз-мунча маблағ сарфламадимми? Шундай бўлгач, уй-жойимнинг келишилган баҳосини тўлаб беришини кутдим. Аммо ҳокимлик мени судга берди. Судда менга қарши қарор чиқди. Ноилож Мажбурий бюросига уй-жойимни узоғи билан ўн беш кун ичида ўз ихтиёрим билан бузаман, дея тилхат ёзиб бердим. Орадан бир кун ўтиб, эрта тонгдан уйни бузишни бошладик. Лекин шаҳар ҳокими ва прокурори келиб, жанжал-тўполон билан мен ва икки нафар ўғлимни олиб кетиб, олти соат қамаб қўйишди. Ўзлари одам ёллаб, не машаққатлар билан солган уй-жойимизни оила аъзоларим ва қўни-қўшнилар кўз ўнгида бузиб ташлади. Эссиз шунча, меҳнатим зое кетди. Аслини олганда мутасаддиларнинг бундай қилишга асло ҳаққи йўқ эди. Ахир қонун биз томонда. Давлат амалдорлари шу ишни қилиб турган бир пайтда дардингни кимга айтишни ҳам билмай қолар экансан. Ҳозир бизга на уйимизнинг пули тўлиқ тўлаб берилди, на иморат солишимиз учун бошқа жойдан ер берилди. Камига фермерликка олган ерларимизнинг оз қисмини зўрлик билан бизни қўрқитиб, тортиб оляпти. Шу адолатданми? 4.png Буйруқ: икки қават қурасан

— Шаҳар ҳокими аввал бошида кимда-ким томидан тўртта шефер олса, ўзи истаган жойдан тўрт сотих ер бераман деган эди, — дейди марғилонлик яна бир жабрдийда иккинчи гуруҳ ногирони Солижон Мамажонов. — Шу гапларга ишониб, биринчи бўлиб, уйимизни буздик. Бироқ, берилган ваъдалар фақат гап экан, холос. Ер тугул уйимизга тўлаб берилиши керак бўлган маблағни ҳам ялиниб-ёлвориб, зўрға олдик. Энг алам қиладигани туман баҳолаш комиссияси хонадонимизни 108 миллион сўмга баҳолаб, якунда бизга 72 миллион сўмгина ташлаб беришди, холос. Бунинг сабабини суриштирсак, қандайдир англашилмовчилик бўлган, сизларнинг уйингизга аслида 72 миллион тўланиши керак, дейди. Қизиқ, йиллаб иморат кўтарсангизу кимдир келиб, уни арзимаган нархга баҳоласа, алам қилар экан. Қоғозларда 108 миллион сўм турса-ю, биз шу суммага қўл қўйсагу 72 миллион сўм пул олсак. Қани бу ерда мантиқ? Камига шаҳар ҳокими ҳар биримизга уйимизни ичкаридан икки қават қилиб солишни буюрган. Бундай кўргиликлардан на кулишимизни биламиз, на йиғлашимизни. 5.png Ҳоким халқнинг хизматкорими ёки..?

Кўриб турганингиздек, фуқаролар бундан бир йил олдин қурилиши бошланиши керак бўлган, аммо ҳали-ҳануз бу иш жадаллашиб кетмаган йўл қурилишидан, ҳокимлик ўз ваъдасида турмаганидан қаттиқ норози. Умуман олганда, бу ўринда аҳолининг эътирозларида жон бор. Чунки бир қатор тегишли тартиб-интизом ва қарор-фармон, қонунларга биноан аҳолининг яшаб турган уй-жойи давлат томонидан бузуладиган бўлса, авваламбор албатта, ўша фуқаронинг талаб ва истаклари тўла-тўкис, сўзсиз бажарилиши шарт. Унга уй-жойининг бадали тўлаб берилиши, ўзига яшаши учун бошқа хонадон ёки уй-жой солиши учун ўзи истаган ердан томорқа ажратилиши керак. Аслини олганда бугун амалга оширилаётган барча ислоҳотлар фақат инсон омили учун қилиняпти, амалдорлар халқнинг хизматкори деяпмиз. Лекин ҳақиқатан ҳам шундаймикан? Афсуски охирги пайтларда бу қонун-қоидалар фақат қоғозларда қолиб кетаётгандек гўё? Борди-ю сўзимиз ёлғон бўлганда эди, Фарғона вилояти, Марғилон тумани мутасаддилари ўз халқини — Олимжон Абдураззоқов, Солижон Мамажонов сингари фуқароларни норози қилиб, уларни давлатдан бугунги ислоҳотлардан кўнгли совишига сабаб бўлмасди.

Мазкур масала юзасидан Фарғона вилояти мутасаддиларидан изоҳ кутиб қоламиз. Биз бу мавзуга яна қайтамиз.

                                                                                                                                                            



Марғилон уй бузиш

Мавзуга оид