Суриштирув 698 11.07.2019 14:24:44

Бош вазир тадбиркорлар учун қабулхона очиб, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилмоқчи. Унинг ўринбосари О.Раматовчи?..

Бош вазир тадбиркорлар учун қабулхона очиб, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилмоқчи. Унинг ўринбосари О.Раматовчи?..

Суратдаги биноларни кўриб уйи бору йўқлар бирдек, ҳавас қилиши тайин. Аммо таҳририятимизга мурожаат қилган тадбиркор ҳикоясига қулоқ тутсангиз, кимгадир озор бериб бунёд бўлганидан этингиз жимирлаши шубҳасиз.

Тадбиркорлар учун Ўзбекистонда барча шароит ва имкониятлар муҳайё, дейишади. Фикримизча, муаммолар ҳам ундан кам эмасдек. Яхши ниятлар билан тадбиркорлик бошлаган фуқаролар ихтиёрсиз муаммоларга учраб, улар қаршисида ожиз бўлиб, нима қилишни ва ечимига йўл топа олмай сарсон-саргардон бўлмоқда. “MEGAPOLIS BIZNES SERVIS” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Рустам Сафаров ҳам ана шундай тадбиркорлардан бири.

Р.Сафаров 2015 йилда яхши ниятлар билан “MEGAPOLIS BIZNES SERVIS” МЧЖни ташкил этиб, қурилиш йўналишида ишлайман, деб ўйлаган эди.

Собиқ Тошкент шаҳар ҳокими Р.Ж. Усмонов 2016 йилнинг 4 ноябрида 994-сонли қарор қабул қилиб, “MEGAPOLIS BIZNES SERVIS” МЧЖга Тошкентнинг Яшнобод тумани, тараққиёт кўчасида кўп қаватли турар жой биноларини қуриш учун 1,3 гектар ер майдонини доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратган.
photo_2019-07-11_12-00-57.jpg Тадбиркор ҳокимнинг ушбу қарори ижросини таъминлаш учун архитектура ва қурилиш бош бошқармасига архитектура режалаштириш, топографик харита ва геологик хулосалар чиқариш, кадастрини чизиш каби барча юмушлар бажарди.

Ҳикоямиз қаҳрамони ҳужжатлар билан овора бўлиб юрган бир вақтда “Ўзбекистон темир йўллари” Акциядорлик жамияти унга ажратилган ер майдонида кўп қаватли турар жой қура бошлайди.

Тадбиркор “Ўзбекистон темир йўллари”АЖ мутасаддиларига ҳокимлик қарори ҳақида билдириб, мазкур ҳудуд унга тегишли эканлигини айтганда, улар ушбу қарор бекор бўлганини, эндиликда ушбу ҳуқуқ уларга тегишли эканлигини айтишади.

Шунда ҳам тадбиркор бу ҳақида хабари йўқлиги учун қурилиш ишини бошламай туришни сўрайди. Аммо, темирйўлчилар ишни тўхтатишни истамайди. Барча ҳаракатлар бесамар, фойдасиз бўлди.

Ажабланарлиси, собиқ Тошкент шаҳар ҳокими бирор бир сабабсиз 2017 йил 11 майдаги 554-сонли қарори билан тадбиркор “MEGAPOLIS BIZNES SERVIS” МЧЖга ер ажратиш тўғрисидаги 2016 йил 4 ноябрдаги 994-сонли қарорини бекор қилган.
photo_2019-07-11_12-00-58.jpg Тошкент шаҳри собиқ ҳокимининг қатъиятсизлиги, узоқни кўзлай олмагани, ўзидан юқори инстанцияларга кўр-кўрона бўйсуниши туфайли тадбиркор жабр кўрди.
Нимадан дерсиз?

“MEGAPOLIS BIZNES SERVIS” МЧЖ Раҳмонбек Усмоновнинг 2017 йил 11 майдаги қарори, ерни беришни бекор қилишга асосли эмас эди. Буни Яшнобод тумалараро Маъмурий суди ва Тошкент шаҳар маъмурий суди қарорлари шундоқ кўрсатиб турибди. Аммо, бевосита раҳбари О.Раматов ҳисобланган “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ қурилишни тўхтатмади.

Эътибор беринг, тадбиркор судга мурожаат қилди. Иш атрофлича ўрганилди, тадбиркор ҳақ эканлигини аниқланиб, унинг фойдасига қарор қабул қилинди.

Тошкент шаҳар маъмурий суди ҳам ишни ўрганиб чиқиб, тадбиркор ҳақлигини исботлади. Лекин якунда Олий суд бу қарорларни инкор этди.

Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими айнан Вазирлар Маҳкамаси қарори ижросини таъминлаш ва темирйўлчилар мурожаатини қаноатлантириш мақсадида навбатдаги қарорини қабул қилади.

Вазирлар Маҳкамасининг Тошкент шаҳрида ер участкаларнинг ажратиш амалиётини ўрганиш Комиссиясининг 2016 йил 31 декабрдаги 4-сонли баённомасига асосан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг мурожаатномаси асосида Р.Усмонов 2017 йил 30 мартда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига ер майдони ажратиб бериш тўғрисида 326-сонли қарор қабул қилади.

Зўрдан зўр чиқса, деб шунга айтишар экан-да. Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан бугун темирйўлчиларга тегишли уйлар қарийб қуриб бўлинди. Суд эса ҳамон давом этяпти.

Ўзбекистон Республикаси олий суди, мазкур иш эндиликда маъмурий судда кўрилиши лозимлигини айтмоқда. Нима учун? Жавоб оддий 154 оила манфаати устун эканлиги инобатга олиняпти. Яна оворагарчилик бошланди.

Ачинарлиси, қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар сабаб, тадбиркор 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб, ҳар чоракда ўзи учун хатланган ер майдони учун 32 миллион сўмдан ортиқ солиқ тўлашга мажбур. Тадбиркор жорий йил биринчи чорак солиқ тўловини амалга ошириб бўлди. Эндиликда ушбу масала қандай ечим топади, ҳайрон.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ сарфлаган харажат ва 150 нафардан ортиқ оила тақдирини ўйлаган тадбиркор ушбу ер майдонига тенг миқдорда Тошкентнинг бошқа ҳудудидан ер ажратилишига ҳам розилик билдирди. Бу ҳақида Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Бош прокуратура ва Президент виртуал қабулхонасига ҳам мурожаат қилган. Натижадан эса дарак йўқ.

Шундай қилиб, ижро ҳокимиятининг узоқни кўзламай қилган бир ҳаракати, тадбиркорга қимматга тушяпти. Тадбиркор иш бошидан судма-суд, сарсон саргардон бўлишга мажбур бўляпти. Янада ачинарлиси, муаммонинг ечимини ким ҳал қилади? “MEGAPOLIS BIZNES SERVIS” МЧЖ арзига ким қулоқ тутади? Ким унга ёрдам беради?

Human.uz таҳририяти ушбу масала юзасидан мутасадди ташкилотлардан изоҳ кутиб қолади.


Тадбиркор суриштирув