Суриштирув 1035 09.07.2019 08:04:11

Навоийдаги ЎЗБЕК-АМЕРИКА қўшма корхонасининг мулки тортиб олиниши ортида собиқ бош вазир ўринбосари Зоир Мирзаев турганмиди?

Навоийдаги ЎЗБЕК-АМЕРИКА қўшма корхонасининг мулки тортиб олиниши ортида собиқ бош вазир ўринбосари Зоир Мирзаев турганмиди?

Human.uz таҳририятига Навоий вилоятида жойлашган умумий майдон 21673 гектар бўлган “Тўдакўл” сув омборини ижарага олиб балиқчилик билан шуғулланиб келган «Aqua-Tudakul» МЧЖ шаклидаги ЎЗБЕК-АМЕРИКА қўшма корхонаси раҳбари Шавқиддин Жамолов мурожаат қилди.

Унинг таъкидлашича вилоятда тадбиркорлик, ҳусусан балиқчиликни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун 2002 йилда давлат раҳбари томонидан “Шуҳрат медали” билан тақдирланган. 2017 йилда давлат мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан вилоятда балиқчилик соҳасини ривожлантиришда қўшган улкан ҳиссси учун Ш.Жамолов Президент Ш.Мирзиёев Фармони билан “Меҳнат шуҳрати” орденига лойиқ кўрилган.

«Aqua-Tudakul» МЧЖ Қўшма корхонасининг Устав фонди 1 230 000 АҚШ доллари бўлиб, шундан 60 фоизини, яъни 740 000 АҚШ доллари миқдоридаги мулк билан Ўзбекистон томон, 40 фоизи яъни 490 000 АҚШ доллари АҚШ фуқароси Дональд Николсон IIга тегишли бўлган.

Хорижлик ҳамкор билан биргаликда амалга оширилган кенг кўламдаги ишлар ўзининг самарасини бериб, муқаддам ҳар йили Тўдакўл сув омборига ўртача 20-30 тонна балиқ чавоқлари ташланиб, 150-200 тоннагача балиқ овланган бўлса, кейинчалик сув омборига ҳар йили 100-200 тоннагача балиқ чавоқлари ташланиб, уларни илмий-амалий боқилганлиги натижасида йилига ўртача 1300 тоннагача балиқ овланишига эришилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 01.05.2017 йилдаги “Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-2939-сонли қарори «Aqua-Tudakul» МЧЖ фаолияти таназзулга юз тутишининг ибтидоси бўлди, дейди корхона рахбари Ш.Жамолов. Унинг таъкидлашича, мазкур қарор қабул қилингандан сўнг “Тўдакўл” сув омборидан фойдаланиш бўйича ижара шартномаси “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси билан тузилган.

“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ташкил этилганидан кейин 2018 йил 23 январь куни ушбу уюшма раиси А.Эргашев билан мен бошчилик қиладиган «Aqua-Tudakul» МЧЖ ҚК ўртасида табиий сув ҳавза участкаларини балиқ овлаш хўжаликларига ижарага бериш, балиқни саноат йўли билан овлаш, балиқ овлаш хўжаликлари табиий сув ҳавзасидан фойдаланганлиги учун ижара тўловини ҳисоблаш ва ундириш юзасидан умумий майдон 21673 гектардан зиёдроқ бўлган “Тўдакўл” сув омборини 10 йил муддатга ижарага олиш ҳақида 6/1-2018-сонли янги шартнома тузилди. Шартноманинг 11-12-бандлари талабига кўра 2018 йил учун бир йиллик ижара тўлови 555 464 079 сўм этиб белгиланиб, ижара ҳақининг 40 фоизини ёки 222 185 632 сўми 2018 йил 1 апрелгача, 60 фоизи ёки 333 278 447 сўм 2018 йил 1 октябргача “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасига тўланиши лозим эди. Шу шартнома бахона биздан сув ҳавзасини тортиб олиш пайига тушишди. Жумладан Бош Вазирнинг собиқ ўринбосари Зоир Мирзаев менга бир неча марта кўлни ихтиёрий топширишим ҳақида кўрсатма берди. Бироқ мен бунга рози бўлмадим, шундан сўнг “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг собиқ раиси А.Эргашевлар билан келишиб, шартнома шартларидан камчилик излаб, уни бекор қилишга эришишди.

З.Мирзаевнинг кўрсатмалари таъсирида “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси амалдаги қонунларни оёқ ости қилган ҳолда 2018 йил 17 апрель куни фуқаролик ва ижара тўғрисидаги қонунларга ўта зид равишда уюшма билан «Aqua-Tudakul» МЧЖ ҚК ўртасида тузилган 6/1-2018-сонли шартномани бекор қилди.

Шартноманинг бекор бўлиш оқибатларига риоя қилинмаганлиги натижасида кўлда мавжуд бўлган, бахоси 3 млн. доллардан ортиқ балиқ маҳсулотлари ва 2 млн. доллардан ортиқ мол-мулклар кўлни ижарага олган шахсга ўтиб кетди.

Энг қизиғи, тендерда ғолиб чиққан “GOLDEN LAKE FISH” фермер хўжалиги ҳозиргача умуман бирон-бир иш қилмасдан фақат биз етиштирган балиқни овлаш ва сотиш билангина шуғулланмоқда. Шу пайтгача 7 ой ичида сувга атиги 600 донага яқин садок қўйилган бўлса, уларнинг ярмидан кўпида умуман балиқ йўқ. Янада энг ажойиби, ушбу фермер хўжалиги бугунгача балиқларни боқиш ва кўпайтириш учун умуман пул харажат қилган эмас. Агар биз балиқчилик соҳасида қарийиб 30 йиллик тажрибага эга бўлсак, унинг раҳбари ва ишчиларида эса бундай тажриба умуман йўқ.

Ачинарлиси, биргина мени эмас, корхонанинг 40 фоиз улуши эгаси бўлган АҚШ фуқароси Дональд Николсоннинг ҳам ҳуқуқлари поймол бўлаётганлиги Ўзбекистоннинг инвестицион муҳитига катта зарар етказмоқда, дейди биз билан суҳбатда Ш.Жамолов.

Маълум бўлишича, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раисининг 2018 йил 17 апрел кунидаги «Aqua-Tudakul» МЧЖ ҚК билан ижара шартномасини бир томонлама бекор қилиш тўғрисидаги буйруғини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ариза Қибрай туман Маъмурий судида кўриб чиқилиб, қаноатлантиришдан рад этилган. Ўзбекистон Республикаси Савдо саноат палатасининг тадбиркорни манфаатларини кўзлаб киритган кассация шикояти Тошкент вилоят Маъмурий судида кўриломқда экан. Тадбиркор Ш.Жамалов ва АҚШ фуқароси Дональд Николсон адолат суд орқали қарор топишига ишонч билдиришмоқда.

Human.uz сайти воқеалар ривожини кузатишда давом этган ҳолда кейинги манзилни “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ва Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томон йўналтиради.

Воқеалар ривожини биз билан бирга кузатинг ва тез кунларда суриштирувимизнинг иккинчи қисмини томоша қилинг.


Мавзуга оид