Суриштирув 286 06.07.2019 14:13:41

Намунали уйнинг “намунали” камчиликлари... Сифатсиз уй учун йиллаб кредит тўлаётганлар дардини ким эшитади?

Намунали уйнинг “намунали” камчиликлари... Сифатсиз уй учун йиллаб кредит тўлаётганлар дардини ким эшитади?

Бирор буюмни сотиб олаётган вақтимизда сифатини, кафолатини суриштирамиз. Бу табиий. Ахир, ҳеч ким эртага чув тушишни истамайди. Шу боис ишончли, кафолатли, маҳсулотида нуқсон чиқса, алмаштириб бера оладиган синамол жойни қидиради. Бироқ...

Ол(аёт)ганингиз унча-мунча жиҳоз ё маиший техника эмас, нархи осмон бошпана — уй-жой бўлса-чи? Устига-устак, у ипотека кредити эвазига харид қилинган эса-чи? Хонадон эгаси қарздан тезроқ қутулиш мақсадида емай-ичмай, фарзандлари ризқини қийиб, ойлик кредит тўловларни аранг тўлаб борса-ю, сотиб олган уйи уч-тўрт у ёқда турсин, ҳатто, бир йил ўтмасдан яроқсиз ҳолга келиб қолса, дардини кимга айтади?

Бошига ана шундай савдо тушган юртдошларимиздан бири — Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ тумани, “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини 9-хонадонда яшовчи фуқаро Эргаш Хўжаев ҳам шу каби саволларга жавоб тополмай ҳалак...

Э. Хўжаев бундан олти йилча муқаддам қишлоқда, олти сотихли, намунавий лойиҳа асосида қурилган уйлардан бирини 15 йиллик ипотека кредити эвазига сотиб олган. Шартномага биноан қурилиш ишлари 2013 йилда тугатилиши ва хонадон эгаси ўз уйига кўчиб кириши керак эди. Аммо...
photo_2019-06-07_09-54-52 (2).jpg “Ҳафсаламни пир қилди”

— Икки томонлама шартномада кўрсатилганидек, уй-жойимиз 2013 йилнинг охиригача қурилиб, фойдаланишга топширилишини кутиб, кун санадик, — дейди Э. Хўжаев. — Ҳар ҳолда бу кунларга етгунча озмунча машаққат чекмадикми? Ижарама-ижара юришлар, сарсон-саргардончиликлар ниҳоясига етаётганидан, ўз уй-жойимга эга бўлаётганимдан бошим осмонга етган эди. Ўзимча уй-жойим вақти-соатида рисоладагидек топширилади, деб хотиржам юраверибман. Лекин хурсандчилигим узоққа чўзилмади. “Қишлоқ қурилиш инвест” вилоят филиали икки томонлама шартномани қўпол равишда бузиб, уйни айтилган муддатда топширмади. Ҳеч биримизга ҳеч қандай хат-ҳужжат бермади.

Шу тариқа орадан икки йил вақт ўтди. Шу орада инвестнинг вилоят филиали бош муҳандиси мен ва қўшниларимдан гарчи қурилиш тўлиқ якунланмаган бўлса-да, ўз хонадонларимизга кўчиб киришимизни сўради. Қолган камчиликларни узоғи билан уч кунда ҳал этиб беришга ваъда берди. Шу ваъдаларга ишониб, қурилиши якунланмаган уйларга кўчиб кирдик. Лекин мана, орадан салкам беш йил вақт ўтипти ҳамки мутасаддилар ўз ваъдасининг устидан чиқмаяпти. Чала қурилган уйнинг барча кам-кўстини ўзимиз ўз маблағимиз эвазига тўлдириб келяпмиз.
Уйнинг ҳозирги аҳволи умуман талабга жавоб бермайди. Яшаш учун жуда хавфли. Бошқа борадиган жойимиз йўқ. Жон ҳовучлаб, шу ерда яшашга мажбурмиз. Афсус, инвест билан шартнома тузиб, уларга ишонганим панд берди. Агар бошида шундай бўлишини билганимда эди, ҳозир шунча пулга, вақтга куйиб ўтирмас эдим. Очиғи, “Қишлоқ қурилиш инвест” ҳафсаламни пир қилди. 2015 йилда чалакам-чатти топширилган уйга ҳалигача сарфлаган маблағимга ўзим бошқа жойдан бундан яхшироқ уй солиб олсам бўларди.

Мурожаатчининг таҳририятимизга арзи сабаб, унинг уйига бордик. Вазиятни кўздан кечирдик. Хонадон эгасининг жон ҳовучлаб яшаётганича бор экан. Деворлар ёрилган, поллар тешилган. Ён девор ҳимоя шиферлари ўрнатилмаган. Хуллас, қирққа яқин камчилик бор. Камига жорий йилнинг июнь ойида кузатилган кучли шамол уйнинг том қисмини таг-туги билан қўпориб юборган. Бундан ҳам аянчлиси катта хонанинг шифтидаги бетон плиталар синиб кетган.

Фуқаронинг айтишича, мутасаддилардан ҳа деганда наф бўлавермагач, 2017-2018-йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига мурожаат йўллаган. Афсуски, бу мурожаатлари ҳам “ўрнатилган тартибда” кўриб чиқилган. Қаергаки мурожаат қилмасин бари бефойда кетган.

Уй учиб кетибди-ю, мутасаддилар жим

— Жорий йилнинг июнь ойида рўй берган кучли шамол туфайли муаммойимиз икки ҳисса ортди, — дея сўзида давом этади Эргаш Хўжаев. — Уйимиз аввал бошидан сифатсиз қурилган эмасми унга дош бера олмади. Том қўпорилиб тушди. Меҳмонхонадаги шифтнинг бетон плиталари синиб кетди. Хуллас, уй бутунлай яроқсиз аҳволга келиб қолди. Шундан сўнг Фавқулодда вазиятлар вазирлигига хабар бердик. Улар хонадонимизни кўздан кечириб, бу ерда ортиқ қолиб бўлмаслигини, вақтинчалик бошқа жойда яшаб туришимизни айтишди. Маҳалла фаоллари билан бирга уйимиз авария ҳолатига келиб қолгани ҳақида акт туздик ва инвестга топширдик. Хуллас, қоғозда бажарилиши керак бўлган ишларни барчасини қилдик. Аммо, амалий ишга келганда ҳали-ҳануз бизга ҳеч қандай кўмак берилмаяпти. Орадан бир ой ўтди. Ҳеч бир натижа бўлмади. Ёмғирли кунларда томдан чакки ўтиб ётибди. Ёриқлар кенгаяпти. Мутасаддилардан эса дарак йўқ.
photo_2019-06-07_09-54-10 (2).jpg Гувоҳи бўлганингиздек, мазкур мурожаат юзасидан иш фақат қоғозда “ўрганилган”. Орадан қарийб бир ойдан ортиқ вақт ўтяпти ҳамки, уйи авария ҳолатига келиб қолган хонадондан на туман ҳокимлиги мутасаддилари, на ўша қурилиш ташкилотидан бирортаси хабар олган. Ҳар ким ўз бошига ёққан қорни ўзи кураганидек, Э.Хўжаев қаерга бошини уришни билмай, сарсон-саргардон.

Шу ўринда бир ҳақли эътироз туғилади.
Хонадон эгасининг бошига тушган ташвишдан маҳалла, ҳокимлик, “Қишлоқ қурилиш инвест” вилоят филиалининг хабари бор. Қизиқ, наҳотки ҳозирги ҳамма ҳаракатлар энг аввало, инсон манфаати учун амалга оширилаётган айни бир пайтда, тегишли мутасаддилар бу вазиятга мутлақо лоқайд қарамоқда? Ёки бу ерда биз билмайдиган бошқа бирор сир борми? Ахир, мазкур уйда бугун уч нафар вояга етмаган бола улғаймоқда. Ёрилиб ётган деворлар, синиб кетган бетон плиталар бир кун шуларнинг устига қулаб тушмаслигига ким кафолат беради? Умуман, фуқаро, яъни тўловларни ўз вақтида тўлаб келаётган истеъмолчининг наинки манфаатини таъминлаш, балки ҳаётига дахл қилиши мумкин бўлган муқаррар хавфга эътибор шуми? Масалага ўз вақтида ечим топиш учун бирор фожиа юз бериши шартми?

Хўш, маҳалла, ҳокимлик, ҳудудга бириктирилган сектор раҳбари туман прокурори, айниқса, “Қишлоқ қурилиш инвест” компанияси нега бу масалани ҳали-ҳануз пайсалга солиб келмоқда? Ахир, такрор бўлса ҳам айтиш керак, хонадон эгаси зиммасига юклатилган талабларни сўзсиз бажариб келмоқда-ку! “Қишлоқ қурилиш инвест”-чи? У ўз мажбуриятини бажармаслигига қандай асоси бор?

Мендан кетгунча, эгасига етгунчами?
photo_2019-06-07_09-54-01 (2).jpg Мазкур хонадонга ташриф буюриш баҳонасида ён-атрофдаги уйларни ҳам кўздан кечирдик. Хонадон эгалари билан суҳбатлашдик. Уларнинг аксарияти “Қишлоқ қурилиш инвест” компанияси буюртмаси билан қурилган уйлардан ҳафсаласи пир бўлаётганини яширмади. Бировиникида иссиқлик тизимида муаммо бўлса, бошқасида электр тармоғида нуқсонлар бор. Ҳатто, кўпчилик хонадонини бутунлай, қайтадан капитал таъмирдан чиқаришга ҳам улгурибди.

— Уйга кўчиб келган кунимдан бошлаб, кам-кўстини ямаб келяпман, — дейди Эргаш Хўжаев. — Ташкилотма-ташкилот, эшикма-эшик сарғайиб юриш жонимга текканидан, уйни ўзим бутунлай қайтадан таъмирлатмоқчи ҳам бўлдим. Лекин, начора, бунга анчагина маблағ кетар экан. Устига-устак, кредит тўлови ҳам бор. Ойликка кун кўраман. Топганим рўзғор, бола-чақадан ортмайди. Шундай экан, биз шартномада кўрсатилганидек, тўловларни ўз вақтида тўлаб бораяпмизми, марҳамат, “Қишлоқ қурилиш инвест” уйимни таъмирлаб ёки сарфланадиган харажатларни қоплаб берсин. Ҳар ҳолда қонун устувор, демократик жамиятда яшаяпмиз.

Дарҳақиқат, бу борада хонадон эгаси ҳақ. Бунга қонуний асоси бор. “Қишлоқ қурилиш инвест” вилоят филиали билан хонадон ўртасида тузилган икки томонлама шартномада бу кўрсатиб ўтилган. Қолаверса, бу “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда ҳам мустаҳкамланган.

Охирги пайтларда “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК МЧЖ қураётган уйлар ҳақида гап кетса, кўпчилик улардан кўнгли тўлмаётганини айтади. Назаримизда, бунинг сабаби оддий: мендан кетгунча — эгасига етгунча қабилида иш тутилаётгандай, гўё. Буни компаниянинг мутасаддилари ҳам жуда яхши билишади. Оммавий ахборот воситалари учун ўтказиладиган матбуот анжуманларида ҳам журналистларнинг намунавий уйлар сифатига оид танқидий саволларига жавоб бериш асносида хато ва камчиликларни тан олишади. Эндиликда сифат борасида бутунлай янги, тизимли ишлар амалга оширилаётгани хусусида бот-бот мақтанилиб, ваъдалар берилади. Бироқ, афсуски, аҳвол ўзгармайди: эски ҳаммом, эски тос. Бунинг жабрини эса рўзғори қозонини қуруқ сувга ташлаб қўйиб, кредитга олган уйининг девори йиқилиб тушиш арафасида турган Эргаш Хўжаев сингари юртдошларимиз тортаверади...

Бугун Президент Шавкат Мирзиёев бизга баландпарвоз гаплар, мақтовлар, қуруқ рақамлар эмас, сифат керак эканини бот-бот таъкидламоқда. Ҳар бир вазирлик, идора ва ташкилотлар олдига қуруқ рақамлар ортидан қувмасдан, фаолиятида амалий ишга ва сифатга эътиборни кучайтириш талабини қўймоқда. Шундай экан, “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК МЧЖ сифатсиз бажарилган иш учун қанча одамлар норозилигини келтириб чиқараётганини қачон англаб етади? Улар билан ҳамкорлик қилаётган пудратчи-қурувчи ташкилотлар-чи?

Ушбу мақолада келтирилган ҳолат юзасидан “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК МЧЖдан жавоб кутиб қоламиз.

Ғуломжон АҲМАД


Сифатсиз уй

Мавзуга оид