Суриштирув 433 22.06.2019 13:36:59

“Обод маҳалла”нинг барбод боғчаси ёхуд усти ялтироқ ичи қалтироқ болалар боғчаси кимга керак?

“Обод маҳалла”нинг барбод боғчаси ёхуд усти ялтироқ ичи қалтироқ болалар боғчаси кимга керак?


“Қишлоғимиз “Обод маҳалла” дастурига тушди-ю ишлаб турган боғчамиз қайта таъмирлаш баҳонасида ёпилди. Дастур доирасида анча ишлар қилинди. Афсуски, бу вазифалар охирига етказилмади. Мана салкам бир йил бўлаяпти ҳамки боғчанинг иши ўлда-жўлда қолиб кетди. Мутасаддилардан бунинг сабабини суриштирсак, ҳаммаси бир-бирига солишдан нарига ўтишмайди. Ваҳоланки, ўша вақтда боғчани узоғи билан уч-тўрт ойда битказиб, қайта топширишга ваъда беришган эди. Таассуфки, ваъдалар бажарилмади. Ўртада ота-оналар боласини қайси боғчага олиб боришни билмай, сарсон-саргардон...”

Бундан бир неча ой илгари таҳририятимизга қўнғироқ қилиб, ўзини Паркент тумани, “Гулбоғ” қўрғони, “Қайилма” маҳалласидан Нодира Йўлдошева деб таништирган аёл бизга шуларни айтаркан, мазкур масалада ёрдам беришимизни сўради.

Мурожаатдан икки кун ўтиб, айтилган манзилга бордик. Вазиятни ўргандик. Дастлаб боғчанинг ташқи кўринишини кўриб, мурожаатчи сал оширворибди, ҳаммаси жойида шекилли, деган хаёлга бордик. Аммо, мактабгача таълим муассасасининг ичига кирдигу боя ўйлаганимиз хомхаёл эканини англадик.

Ҳақиқатан ҳам, Нодира Йўлдошева айтганича бор экан. Боғчанинг фақат ташқи тарафига оро берилган холос. Ичкари эса юмшоқроқ айтганда, жуда-жуда аянчли аҳволда.
photo_2019-06-21_16-17-39.jpg Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Нега энди мутасаддилар боғчанинг ички қисмини эмас, фақат ташқи қиёфасини таъмирлашган?

Биринчи бўлиб, мазкур “Ширин” номли 14-мактабгача таълим муассасаси раҳбари Муфассар Саидалихўжаевага юзландик.

— Қишлоғимиз “Обод маҳалла” дастурига тушгач, кўп жойлар обод бўлди. Шу жумладан, бизнинг мактабгача таълим муассасамизга ҳам дастур доирасида беш юз миллион сўм маблағ ажратилган эди, — дея гап бошлади мудира Муфассар Саидалихўжаева. — Лекин, у пуллар боғчанинг ташқи фасад қисми, эшик-деразаларни таъмирлашга етди, холос. Ўша пайтда туманимиздаги мутасадди раҳбарларга таъмирлаш ишларини, аввало, боғчанинг ичидан бошлаш кераклигини айтдим. Аммо, улар рози бўлишмади. Камига ишлар чала-чулпа тугатилгач, мендан боғчани очишни талаб қилишди. Мен унамадим. Ахир, бу аҳволда боғчани ишга тушириш, кўра-била туриб, болаларнинг ҳаётини хавф-хатарга қўйиш билан баробар-ку! Бинонинг ичини ўзингиз кўриб турибсиз. Пол қисми аллақачон чириб, турли зараркунанда ҳашаротларга тўлиб кетган. Ошхона, душхона ва ҳожатхонадаги аҳволни-ку, умуман гапирмаса ҳам бўлади. Деворлар нураб, кафеллар синиб ётибди. Ҳамма жиҳозлар эскирган. Ахир, бу – болалар боғчаси. Санитария-гигиена талабларига тўлиқ жавоб бермайдиган бинони очиб, болаларнинг соғлиғи ва ҳаётини хавф остига қўя олмаймиз. Борди-ю шундай бўлган тақдирда, калтак яна менинг бошимда синади. Қолаверса, қайси ота-она усти ялтироқ ичи қалтироқ аҳволдаги боғчага боласини ишониб топширади?
photo_2019-06-21_16-18-09.jpg Дарҳақиқат, боғча мудирасининг куюнганича бор. Ташқаридан қараганда туппа-тузук кўринадиган мазкур бино ичидан тўкилиб бўлган.

Хўш, мазкур ҳолатни шу ишга масъул бўлган мутасаддилар қандай изоҳлашади?

Орадан ярим соатлар ўтиб, Паркент тумани ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари, туман прокурори, туман мактабгача таълим муассасаси бўлим бошлиғи етиб келди. Афсуски, улар келишган заҳоти асосий муаммо бир четда қолиб, бизга ким мурожаат қилганини суриштира кетишди. Ким шикоят қилганини айтсак борми, мутасаддилар ўша ернинг ўзида уни ер билан битта қилгудек важоҳатларини кўриб, очиғи, ҳафсаламиз пир бўлди.

Хуллас, мутасаддилар мазкур боғчадаги тугалланмай қолган ишларни узоғи билан бир ой муддатда якунига етказишга ваъда беришди. Туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Зафар Турсунов қўшимча маблағ ажратишни, қурувчи Намоз Нафасов то смета тасдиқланиб, маблағ ажратилгунча ўз маблағи ҳисобидан қолган ишларни давом эттиришни, туман мактабгача таълим бўлими раҳбари Улуғбек Муҳаммадалиев бошқа боғчага ажратилган маблағнинг маълум бир қисмини шу муассасага йўналтиришни, туман прокурори Дилшод Исмоилов эса мазкур муаммони шахсан ўзи назоратга олишини айтиб, ота-оналар ва биздан бир ой сабр қилишимизни сўради. Мутасаддиларнинг гапларига, ваъдаларига ишондик. Муаммо жойида ижобий ҳал бўлгани учун мақола ёзмаслик шарти билан ортимизга қайтдик. Аммо...

Оғизда бажарилди, амалда эса...

Куни кеча ўша “Ширин” номли 14-сонли мактабгача таълим муассасаси раҳбари Муфассар Саидалихўжаева яна таҳририятга мурожаат қилди. Унинг айтишича, биз бориб келгач, ишлар сал жонланган, лекин айни пайтда таъмирлаш яна тўхтаб қолган. Қурувчи Намоз Нафасов берган ваъдасига биноан маблағи етгунча таъмирлаш ишларини давом эттирган. Лекин, на унинг маблағи қайтариб берилган ва на боғчага ҳокимлик томонидан пул ажратилган.

Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида яна 14-сонли мактабгача таълим муассасасига йўл олдик.

Ҳақиқатан ҳам боғчада анча иш бажарилган. Канализация тизими янгиланган, деворлар қайта сувалган. Аммо, ошхона ҳали-ҳануз ўша аҳволда. Поллар ҳам алмаштирилмаган.
photo_2019-06-21_16-20-07.jpg — Аввал бошида келишилганидек, ўзимизнинг маблағимизга ишни бошладик, — дейди “Элегант Қурилиш Монтаж” МЧЖ иш бошқарувчиси Намоз Нафасов. — Ҳар ҳолда болалар боғчаси ҳақида гап кетаяпти. Бор пулимизга қурилиш материаллари олдик. Миниб юрган машинамизни гаровга қўйиб, усталарнинг иш ҳақини тарқатдик. Шу орада икки-уч марта маблағимизни ўтказиб беришларини сўраб, ҳокимликка мурожаат қилдик. Лекин, улар ҳалигача бир сўм ҳам беришгани йўқ. Қурилишни якунлашга бизда ҳам маблағ қолмади. Қачон ҳокимлик маблағимизни ўтказиб, боғча учун пул ажратиб берса, шунда ишни давом эттирамиз. Икки ўртада сарфлаган харажатимизга куйиб қолмасак бўлди.

Яна мудирага юзландик.

— Боғча аслида тўрт ой муддатга ёпилган эди, — дейди М. Саидалихўжаева. —Афсуски, ишлар биз кутгандек натижа бермади. Мана, салкам бир йил бўлаяпти ҳамки, боғчани очолмаяпмиз. Шу вақт оралиғида бормаган жойим қолмади. Кимга мурожаат қилсам: “Маблағ йўқ, ўзингиз бир амаллаб пул топинг, ота-оналар хомийлик қилишсин, нима қилиб бўлса ҳам боғчани ишга туширинг”, деган гап эшитаяпман.
photo_2019-06-21_16-18-54.jpg Кўриб турганингиздек, ваъдалар унутилган. Мазкур ишга масъул мутасаддилар ўзларини олиб қочишмоқда. Афсуски, аввал келганимизда бизга юзланиб, қоп-қоп ваъдалар берган мутасаддиларни топишнинг иложи бўлмади. Қайси бири муҳим топшириқ билан жойларга чиққан, яна бирови тоби қочиб, шифохонага тушган, бошқаси эса: “Қўлингиздан келганини қилинг, у боғчага бошқа пул йўқ”, дейишдан нарига ўтмади.

— Яқинда боғчамизга қатнайдиган бир бола кўчасидан ўтувчи катта ариқда оқиб кетибди, — дея сўзида давом этди мудира. — Яхшиямки уни вақтида кўриб, қутқариб қолишибди. Аммо, ота-онаси уйимга келиб, роса жанжал кўтарди. Шундан сўнг у ерга чопиб, бу ерга чопиб, маҳалла ҳудудидаги бир эски бинони олиб, вақтинчалик боғча очишга мажбур бўлдик. Ҳозир у ерга 40-50 нафар бола қатнаяпти. Лекин, у жой санитария-гигиена талабларига мутлақо жавоб бермайди. Бироқ, ота-оналар шикоят қилишавергач шунга мажбур бўлдик.

— Иккита фарзандим шу боғчага борар эди, — дейди Нодира Йўлдошева. — Муассаса ёпилгач, ишхонамдан ўз ҳисобимдан таътил олдим. Ҳа деганда боғча ишга тушавермагач, ишдан бўшашга мажбур бўлдим. Хусусий боғчага беришга имкониятим йўқ. Ҳозир икки боламга қараб уйда ўтирибман. Боғчани таъмирлаб, талабга жавоб берадиган қилиб очишмас экан нимага ёпишди? Нима учун мутасаддилар ана очамиз, мана тугатамиз, деб бизни алдашади? Бу сарсонгарчиликлар қачон тугайди? Наҳотки, бизнинг дардимизни эшитадиган, муаммоимизни ҳал қилиб берадиган одам бўлмаса?

— Ўзим тадбиркорлик билан шуғулланаман, – дейди яна бир она Гўзал Хусанбоева. — Мудирамиз айтаётган вақтинчалик очилган, аҳволи ниҳоятда танг бўлган боғчага ноиложликдан боламни беришга мажбур бўлдим. Чунки, уни ҳар доим ҳам ўзим билан олиб юролмайман. Тезроқ ўрганган боғчамиз ишга тушса яхши бўларди-да...

“Қаерга борсангиз боринг, пул йўқ...”

Хабарингиз бор, сўнгги уч йилда мактабгача таълим муассасаларига жуда катта аҳамият берилмоқда. Мазкур соҳани янада жадаллаштириш учун ҳатто, Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. Давлат шерикчилик асосида хусусий боғчалар очилмоқда. Президентимиз жойлардаги раҳбарлардан биринчи навбатда болалар боғчаларига катта аҳамият қаратишни талаб қилмоқда, 2021 йилга қадар мамлакатимиздаги 90 фоиз болалар боғчаларга қамраб олиниши кераклигини уқтирмоқда. Бу борада мутасаддилар ва тадбиркорларга кўплаб имтиёзлар яратиб берилмоқда. Бунинг барчаси билимли ва салоҳиятли келажак авлодни тарбиялаб вояга етказиш учун қилинаяпти, ахир.
photo_2019-06-21_16-19-36.jpg Хўш, мутасаддилар давлатимиз раҳбарининг топшириқларини нега вақтида ва масъулият билан бажаришмаяпти? Хусусан, паркентлик мутасаддилар нима учун ота-оналар ва боғча мудирасининг оҳу нолаларига қулоқ тутишмаяпти? Ёки улар бугунги ислоҳотларга, халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак, деган эзгу ғояга, инсон омили учун бўлаётган ўзгаришларга қаршими? Бунақада “Обод маҳалла” дастури баҳонасида ёпилган ва охир-оқибат таъмирлаш ишлари ўлда-жўлда, аро йўлда қолиб кетган боғча учун ким жавоб беради? Умуман, ўзи бу масала аввал бошдан назоратга олинганми?

Назаримизда йўқ. Агар шундай бўлганида, қарийб бир йилдан буён ёпилиб, ўғри тушган оғилхонадек, ҳувиллаб ётган боғчанинг тақдири бу тарзда якун топмас, ота-оналар сарсон-саргардон бўлмас, болалар ариқларда оқиб кетмас эди...
photo_2019-06-21_16-18-30.jpg P.S. Дарвоқе, мақолани тугатиш арафасида недир илинж билан боғча мудирасига сим қоқдик. Вазиятни суриштирдик. Эшитганимиз эса, ўша-ўша гап: “Қаерга борсангиз боринг, нима қилсангиз қилинг, у боғчага ҳозир пул йўқ. Уни ўзингиз бир амаллаб, ишга туширинг...”

Мазкур масала юзасидан Паркент тумани мутасаддиларидан изоҳ кутиб қоламиз.

Таҳририят бу мавзуга яна қайтади.

  Ғуломжон АҲМАД


photo_2019-06-21_16-21-50.jpg


Мавзуга оид