Суриштирув 350 21.06.2019 08:16:41

"Катталар" эътиборидан четда қолган хонадон

"Катталар" эътиборидан четда қолган хонадон

Гоҳида ишимиз юришмай қолса, ҳаёт ташвишларидан нолиб, тақдирдан норози бўламиз. Ўзимизни бахтсиз ҳис этамиз. Бу аҳволга тушганимизнинг сабабини излаб, ҳар хил баҳоналар тўқиймиз. “Мен бундай синовга лойиқ эмасман”, дея ўзимизни оқлаб ҳам қўямиз. Лекин, шундай пайтларда тўрт мучамиз соғлиги, оиламиз, фарзандларимиз тинч-хотиржамлиги ҳақида фикрламаймиз. Бунга шукр қилмаймиз.

Эркин ижодкор Соҳиб Камол билан яқиндан танишиб, унинг бугунги шароитини кўриб, дилимдан шу ўйлар ўтди.

Ҳаётда шундай инсонлар борки, улар ҳеч қачон ўз тақдиридан нолимайди. Гарчи оғир дард бир умр елкасини босиб турса-да, дунёда борлигига шукр қилади. Курашди, ўз ўрнини топишга интилади. Соҳиб Камол ана шундай инсонлардан. Унинг кўзлари кўрмайди. Лекин ҳаёт фалсафасини унча-мунча кўзи очиқ инсонга қараганда чуқурроқ англайди, мушоҳада қилади. Аҳволини рўкач қилиб, мутасаддиларнинг эшигида сарғайиб, ёрдам сўраб юрмайди. Буни ўзига ор билади.
01.jpg Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак, деган эзғу ғоя кундалик ҳаётимизга тадбиқ қилингач, том маънода янги давр бошланди. Йиллаб бир жойда қотиб қолган бир қатор муаммолар ўз ечимини топди. Виртуал қабулхоналар, халқ қабулхоналари, вилоят, туман, шаҳар ҳокимларининг аҳоли билан бевосита тўғридан-тўғри мулоқотлари туфайли оз мунча одамнинг иши битмадими? Очиғи, буни эътироф этмаслик ноинсофлик. Лекин афсуски, шундай яратилаётган имкониятлардан ҳақли равишда фойдаланиши керак бўлган инсонлар четда қолиб, гўёки ўзини ниҳоятда ночор, ёрдамга муҳтож, камига ногирон қилиб кўрсатиб, давлат қанча ёрдам кўрсатса-да, шукр қилмайдиган, ҳар бир учрашувларда ҳамиша олдинги сафда ўтирволиб, кўзидан сунъий ёш тўкиб, "безнинг иши беш" қабилида иш тутаётган боқиманда одамлар ҳам кўпайиб кетди. Шулар туфайли соҳиб Камол сингари чиндан ҳам аҳволи танг, моддий ва ижтимоий кўмакка муҳтож инсонлар мутасаддилар эътиборидан четда қолиб кетмоқда.

Аввало, муаллиф ҳаёти ва ижоди ҳақида икки оғиз сўз
Соҳиб Камол 1968 йил 8 сентябрда Сурхондарё вилояти, Бойсун тумани, Дарбанд қишлоғида туғилган.

1979-1989 йилларда Бухоро шаҳридаги 24-сон махсус кўзи ожизлар мактаб-интернатида ўқиган. Ўқувчилик давридаёқ адабиётга, шеъриятга бўлган қизиқиши уни Тошкент давлат университетига етаклаб келган.
04.jpg Олий ўқув юртини тамомлагач, она диёри Сурхонга қайтган. Ўн йиллар чамаси шу ерда яшаган. Лекин ижодга, шеъриятга бўлган меҳр-муҳаббати уни яна пойтахтга етаклаган.
Пойтахтдаги ҳаёти ва ижоди давомида “505 исм маъноси”, “Одам бўлиб келдик, одам бўлайлик”, “Сенсиз баҳор кулмайди” ҳамда “Тафаккур чашмаси” каби шеърий тўпламларини нашр эттирган.

Бир қатор шеърлари элимизнинг ардоқли санъаткорлари томонидан қўшиқ қилинган. “Марҳабо” (Равшан Комилов), “Замирам” (Авазбек Олимов), “Ношукр” (Нилуфар Саидова), “Дўстим агар ёнимда бўлса”, “Гулойим” (Ғуломжон Ёқубов), “Биё-биё”, “Кужо рафта” (Озодбек Назарбеков) кабилар шулар жумласидан.

Шу инсоннинг бугун бошига ташвиш тушган, ёрдамга муҳтож. Тақдир уни бугун яна бир синов билан сабрини синамоқда.

Рўйхатда йўқми, демак ёрдам ҳам йўқ
— Бундан тўққиз йил илгари Тошкент вилояти Занги ота тумани, “Боғзор” МФЙдан маблағимизга яраша кичгинагина уй сотиб олдик, — дейди Соҳиб Камол. Ўша кезларда уйнинг ҳеч қандай ҳужжати йўқ эди. Унинг аввалги эгаси уйни сотаётган вақтда барча ҳужжатларни расмийлаштириб беришга ваъда берган эди. Лекин орадан кўп ўтмай у оламдан ўтди. Хуллас, уйнинг ҳужжатини тўғирлай олмадим. Шу вақтгача шу ходадонда уч нафар фарзандим билан ҳеч қандай ҳужжатсиз яшаб келмоқдаман. Давлатимиз раҳбарининг ўтган йили эълон қилган ноқонуний қурилган ва ҳеч қандай ҳужжати йўқ уй-жойларни расмийлаштириш учун бир марталик акциясига биноан Занги ота туманидаги давлат хизматлари марказига мурожаат қилдим. Шароитимни тушунтирдим. Белгиланган тўловларни тўладим. Аммо, биз олган уй қамоқхона ёнида бўлганлиги боис ҳокимиятдагилар тоштурма раҳбаридан розилик хати олиб келишимни талаб қилишди. Тоштурма раҳбари эса 2014 йилда чиқарилган тегишли қарорга кўра, аҳолининг уй-жойлари камида эллик метр узоқликда жойлашган бўлиши кераклигини айтиб, хат беришни рад этди. Ваҳоланки, мендан бошқа барча қўшниларимнинг уй-жойларига эгалик ҳуқуқи бор. Унга шуни айтсам, улар бу ҳужжатни 2014 йил қарор чиққунга қадар қилиб олган, деган гапни эшитдим. Хуллас, шу уй-жойимга эгалик қилиш тўғрисидаги ҳужжатни тўғирлаш учун бормаган жойим қолмади. Лекин натижа йўқ. Аҳволимни кўриб турибсиз, икки кўзим кўрмайди, кенжа қизим ҳам туғма ногирон. Қора қозонни нафақа пули ортидан қайнатамиз. Унча-мунча ижод қилиб, топган арзимас маблағни инобатга олмаганда бошқа келадиган даромадимиз йўқ. Аёлим, мендан ва болалардан ортолмайди. Ишлашга имконияти йўқ. Шу вақтгача на ўзим туғилиб ўсган жойимдан, на ҳозирги яшаётган манзилимдаги мутасаддилардан, на Республика кўзи ожизлар жамиятидан ёрдам сўраганмиз. Улар ҳам бирон марта ўз ҳолича ёрдам бермаган. Ўз кунимизни ўзимиз кўриб келаяпмиз.
03.jpg Ислоҳотлардан бехабар оила
Кўриб турганингиздек, бу инсон ҳақиқатан ҳам ёрдамга муҳтож. Ҳадемай қулаб тушадиган, ҳатто пойдевори ҳам йўқ, зах босган кулбаи-вайронада (уни уй дейишга тилимиз бормади) мутасаддилар эътиборидан четда, ўз ҳолича умр кечириб келмоқда. Соҳиб Камолнинг айтишича, у маҳалладан мазкур масалада ёрдам беришини сўраганда улар бу ерда рўйхатда турмаслигини, шунинг учун унга ёрдам бера олмаслигини рўкач қилган. Ўзи туғилиб ўсган жойдаги мулозимлар эса гарчи ўша ерда райхатга олинган бўлса-да, айни пайтда бу ерда яшамаётганлиги боис улардан нажот кутмаслигини айтишган. Икки ўртада эса кўзи ожиз бир инсон, унинг шу ҳолига шукр қилиб яшаётган бир муштипар аёл, ва энг ачинарлиси, ҳали вояга етмаган уч гўдак сарсон-саргардон. Кимдан мадад кутишни билмай, жони ҳалак.
05.jpg Ана энди бир мулоҳаза юритайлик. Бугун давлатимиз раҳбари ўзининг ҳар бир чиқишларида бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ишлар фақат инсон омили учун, уларнинг бугунидан рози бўлиб яшаши учун амалга оширилаётганини бот-бот такрорлашдан чарчамаяпти. Ҳар бир раҳбардан аввало фуқароларни рози қилишни, яратилаётган қарор ва қонунларни инсонлар фойдасига хизмат қиладиган қилиб чиқаришни таъкидламоқда. Бирон бир ночор инсоннинг бошига оғир иш тушган бўлса, иложи борича қонунни у томонга буриб, масаласини ҳал этиб беришни талаб қилмоқда. Афсуски, баъзи раҳбарлар Президент топшириқларини кутилганидек бажармаяпти. Калтак эса яна Соҳиб Камол сингари фуқаролар бошида синмоқда.
Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, гарчи кўзлари туғма ожиз бўлса-да, жамиятимизда фаол. Озми кўпми ижод қилиб, бир қатор китоблар нашр эттирса-ю, ёзган шеърлари қўшиқ қилинса-ю, лекин бошига иш тушганда ҳеч ким унга ёрдам қўлини чўзмаса? Шу адолатданми? Қани жамоатчилик назорати? Қани бизнинг фуқаролик позициямиз? Ахир, йиқилганни суяш, ночорларга ёрдам қўлини чўзиш каби қон-қонимизга сингиб кетган менталитетимиз қайга йўқолди?

Атрофимизда Соҳиб Камолдек ҳақиқатда ёрдамга муҳтож инсонлар кўп. Имконияти чекланган, ғарибгина ҳовлида ночор кун кечиришига қарамай, ҳеч кимдан ёрдам кутиб, бировнинг қўлига қараб ўтирмаганининг ўзи таҳсинга лойиқ. У мутасаддилардан ош-нон ёки бошқа бошпана сўраётгани йўқ. Фақат шу ғарибгина “кошона”сининг ҳужжатларини тўғирлашга ёрдам сўраяпти, холос.
Aneriakalik ayol.01_41_50_09.Still024.jpg Айни пайтда у тадбиркорларга берилаётган кенг имкониятлардан фойдаланиб, бу жабҳада ҳам омадини синаб кўрмоқчи. Айни пайтда ночор кулбасида 20 та қуён парваришламоқда. Бу ҳаракатлари таҳсинга лойиқ. Зеро, бугун гарчи тўрт мучаси соғ, тоғни урса, толқон қулгудек келбати бор бўлса-да, давлатдан умидвор, давлат амалдорлари қабулларида ҳамиша ҳозиру нозир боқимандалар Соҳиб Камолдан ўрнак олса ажабмас.

Ҳаётда ҳар кимнинг бошига ҳар хил синовлар тушиши табиий. Ана шу синовларга бардош бериш, уларни мардонавор енгиб ўтиш учун инсонга метин ирода керак бўлади. Бу инсонда ана ўша метин ирода мужассам. Лекин бу дегани унга ёрдам бериш керак эмас дегани эмас. Ҳар ҳолда у ҳам инсон. Шу давлатнинг фуқароси. Унинг ҳам бугунги ўзгаришлардан, ислоҳотлардан фойдаланишга, давлатдан ниадир ёрдам сўрашга тўла ҳаққи бор. Отасининг этагидан тутиб, эркалик қилаётган, шўхликлари ўзига ярашиб турган, дунёнинг бешавқат синовларидан бехабар жўжабирдай жонлар барча шароитларга эга уйларда яшашга ҳақли назаримизда.

Мутасаддилардан мазкур масала юзасидан изоҳ кутиб қоламиз. Биз бу мавзуга яна қайтамиз.

Карта рақами: 8600041791801302
Телефон рақами: 93-517-89-29
АББ Агробанк Ургут ф-л:
МФО 00300
ИНН 201456067
Х/р 23120000600000300003
Карта коди 8600041791801302
05/20

Ғолиб Мирзо,
Human.uz ахборот портали журналисти


Мавзуга оид