Суриштирув 694 19.06.2019 15:45:32

Бир гуруҳ фуқаролар суд қароридан норози. Нега?

Бир гуруҳ фуқаролар суд қароридан норози. Нега?

Таҳририятимизга бир гуруҳ юртдошларимиз мурожаат билан келишди. Касб-кори, феъл-атвори турлича бўлган бу инсонларнинг бизга мурожаат қилишдан кўзлаган мақсад-муддаоси бир, дарди ўхшаш. Уларнинг адолат излаб бормаган жойи, мурожаат қилмаган муассасаси қолмаган. Ўзларини Навоий вилоятидан деб таништирган юртдошларимизнинг сўзларига қулоқ солдик. Суҳбатдошларимизнинг сўзларига кўра, уларнинг яқинлари Навоий кон металлургия комбинатига тегишли бўлган вагондан 10 тонна солярка ўғирлаган. Уни сотиб, тушган маблағни ўз эҳтиёжлари учун сарфлашни режалаштиришган. Бироқ орадан кўп ўтмай, бу ишнинг сири очилиб, ўғирлик қатнашчиларининг барчаси қўлга олинган. Улар Жиноят кодексининг 167-моддасининг учинчи қисми бўйича ҳибсга олинади. Вилоят прокуратурасида бир ой давомида тергов ишлари олиб борилади ва етказилган зарар қопланганидан сўнг айбланувчиларни гаров эвазига қўйиб юборилиши маълум қилинади. Зарар қоплангандан кейин айблов, негадир ЖКнинг моддаси 167-моддадан 169-моддасига ўзгартирилган.

Мунира Юнусованинг турмуш ўртоғи ҳам мазкур жиноят ишига алоқадор деб топилган. Аёлнинг сўзларига кўра, тумуш ўртоғи оилада ёлғиз ўғил. Ота-онаси пенсияда. Фарзандлари бор. Ҳозирда аёлнинг ўзи ишлаб, катта оилани боқяпти. Етказилган зарарни қарз олиб бўлсада тўлаган. Унинг ният ва мақсади турмуш ўртоғига нисбатан жазони енгиллатишни истаяпти.

Зилола Турсунованинг эса бир эмас, икки нафар укаси мазкур ишга алоқадор, деб топилган. Энг қизиғи, жигарларидан бири солярка билан боғлиқ ўғирлик содир бўлганда қамоқда бўлган (буни қамоқхона назоратчилари ҳам тасдиқлайди). Аёлнинг сўзларига кўра, укаларидан бири мазкур жиноятга онасининг касаллиги сабаб қўл урган. “Онам бир неча йил саратон билан оғриди. Бир неча бор жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказди. Шифокорлар уни даволатиш учун Ҳиндистонга бориш кераклигини айтишди. Биласиз, бунинг учун катта маблағ керак”, - дейди Зилола Турсунова. Бу оила ҳам қарийб 28 миллион сўм қарз олиб етказилган зарарни қоплаган. Бироқ шунга қарамай, Зилола Турсунованинг укаларига нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 169-моддага алмаштирилиб, укаларига 5 йилу 6 ой, 6 йилу 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланади. Суд қарорини эшитган она оламдан ўтади. Энг ачинарлиси ҳуқуқ тарғиботчилари ўғилларига онаизорни қабрга қўйишгада рухсат беришмайди. “Булар ашаддий жиноятчи, ватанфуруш эмаску, ахир. Устига-устак, етказилган зарарни қоплаган бўлсак. Наҳотки икки соатга онамни сўнгги манзилга кузатишга қўйиб юбора олмади”, - дейди Зилола Турсунова.

Ражаб Тошевнинг ўғли ҳам мазкур жиноят ишига алоқадор. Отахон ўғлининг ҳаракатлари учун барчадан, хусусан Президентдан узр сўрайди. Яна жигарбандининг соғлиғи қониқарсиз экани сабаб, етказилган зарарни тўлиқ қоплашини айтиб, уни очиқда тергов қилишини сўраган. Мурожаат қилиб пойтахтгача келган. Бироқ барча хату ҳужжатлари қайтиб тергов қилаётган амалдорларга қайтарилган. У эса отахонга қараб: “Тошкентгача мурожаат қилибсиз-а?! Фойдаси йўқ, мана бари бари бир ўзимга қайтади. Энди ўғлингизга ЖКнинг 169-моддаси билан айблов қўйилган”, - деган. Ражаб Тошев 6 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Энг ачинарлиси, 70 ёшида, кексалик гаштини сураман, деган паллада қамоқдаги фарзандлари болаларини боқаман, деб отахон қурилишда ишлаяпти.

Гулбаҳор Сирожованинг ҳикояси бундан-да аянчли. Унинг ўғли солярка ўғирлаш жараёнида иштирок этмаган. Шунчаки биринчи эмас, иккинчи қўлдан ўғирланган соляркани сотиб олган, холос. Ҳуқуқ посбонлари уни ҳам тўдадан кам қилмай 4 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этган. “Билмасдан сотиб олган одамга ҳам шунақа жазо бериладими?! Ахир унинг оиласи, норасида гўдаклари бор”, - дейди кўзида ёш билан она.

Мурожаатчиларнинг қўшимча қилишларича, мазкур иш жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти судига юклатилган. Умид қиламизки, давлатимиз олиб бораётган инсонпарварлик тамойили мазкур жиноят иши айбланувчилари тақдирида ҳам акс этади.

Навоийлик мурожаатчилар фикрларини қуйидаги видеода тўлиқ томоша қилинг:


Навоий суд қарори норози