Суриштирув 2247 16.06.2019 12:27:07

Хорижга чиқиш паспорти билан юртдошларимиз хорижда жаримага тортилишлари мумкин, агарда ...

Хорижга чиқиш паспорти билан юртдошларимиз хорижда жаримага тортилишлари мумкин, агарда ...

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги қарорига мувофиқ, жорий йилнинг 1 январидан Ўзбекистонда хорижга чиқиш учун биометрик паспорт бериш амалиёти жорий этилди. Мазкур турдаги паспортларда фуқаронинг исми ва фамилияси билан бирга отасининг исми ҳам кўрсатилади. Анъанавий биометрик паспортда эса фуқаронинг отасининг исми кўрсатилмаган эди. 

Яъни, хориж паспортида фуқаронинг инглиз тилидаги маълумотлар қисмида, фуқаро отасининг исми ва ким томонидан берилганлиги ҳақида маълумотлар инглиз тилида ҳам қўшилган.

Айрим мамлакатларнинг қонунчилигига кўра, мамлакатда узоқ муддат яшайдиган хорижликлар шахсий маълумотлари билан боғлиқ ҳужжат ўзгаришларидан тегишли идораларни бохабар қилишлари ва зарур ҳужжатларни янгилашлари талаб этилади. 

Жумладан, medium.com интернет нашрининг ёзишича, Жанубий Кореяга янги паспорт билан қайтаётган юртдошларимиз ана шундай масалага рўбарў келишмоқда. 

Мисол учун, хорижга чиқиш паспортини олгач, Жанубий Корея визасисиз (Кореяга биринчи маротаба келаётган фуқаролар бундан мустасно), яъни қўлларидаги ID-карта (хорижликлар учун ушбу давлат ҳудудида амал қиладиган шахсни тасдиқловчи ҳужжат) билан Кореяга келган тақдирда, улар 44 кун ичида Корея миграция хизматида қайта рўйхатдан ўтишлари керак бўлади. Яъни, хориж паспортидаги маълумотлар янгиланади. Бунинг учун бир дона 3х4 расм ва тегишли формани тўлдириш кифоя. Бу жараён тахминан 5 дақиқа вақт кетади. Натижада юртдошларимизга отасининг исми қўшиб қўйилган янги ID-карта берилади. 

Агар маълумотларни янгилаш 44 кундан кечиктирилса, кечиктирилган ҳар бир кун учун жарима тўланади. Бошланғич жарима миқдори 100,000 Корея Республикаси вони.

Корея Республикасида ID-карта хорижликларнинг асосий ҳужжати ҳисобланади ва қолган барча турдаги ҳужжатлар айнан унга боғланган бўлади. Шундай экан, ундаги ҳар қандай ўзгариш маълумотлар тизимида дарҳол қайд этилиши лозим. Масалан: барча юридик аҳамиятга эга ҳужжатлар, фирма маълумотлари, банк ҳисоб рақамлари, телефон ва SIM-карта маълумотлари, ҳайдовчилик гувоҳномаси, илмий тадқиқотчиларнинг ID рақамлари, ҳукуматлараро расмий ишчи визаси билан келган ишчиларнинг шартномалари ва яна шунга ўхшаш бир қанча муҳим ҳужжатлар. 

Бу масала бўйича Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонасига мурожаат қилинганида, айни пайтда Корея ҳукумати билан тегишли музокара олиб борилаётгани ҳақида маълумот олинди. 

medium.com интернет нашрида ёзилишича, Жанубий Корея республикасида 71 мингдан ортиқ ўзбекистонлик истиқомат қилмоқда. Уларнинг кўпчилиги юқорида қайд этилган қоидадан бехабар бўлишлари мумкин. Шунингдек, хориж паспорти билан бошқа давлатларга йўл олаётган юртдошларимизни ҳам бу борада ҳушёр бўлишларини сўраб қоламиз. 

Шуҳрат Сатторов, Human.uz нинг Жанубий Кореядаги мухбири.
medium.com маълумотларидан фойдаланилди. 


Мавзуга оид