Суриштирув 1003 31.05.2019 17:40:43

“Мувад видео" иши”да Гулнора Каримова ва Рустам Мадумаровнинг қандай қўли бор? 2-қисм

“Мувад видео" иши”да Гулнора Каримова ва Рустам Мадумаровнинг қандай қўли бор? 2-қисм

Сайтимизда Ўзбекистон мустақилликка эришган дастлабки йилларда ташкил этилган ва мамлакат шоу-бизнесида гигант фигурага айланган «Мувад видео» МЧЖ, хусусан, унинг раҳбари Абдушукур Исломов билан бундан бир неча йил аввал юз берган аянчли воқеа ҳақида материал эълон қилинган эди.

Қуйида эътиборингизга “Мувад видео” директори ва яқинлари ўша пайтда қай тарзда қамоққа олингани, қандай мол-мулкидан айрилгани, айни вақтда эса озодликка чиққан бу инсон нималар билан машғул экани ҳақидаги материални ҳавола қиламиз. 

(Давоми)  

Абдушукур Исломовнинг маълум қилишича, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки терговни таъминлаш учун Тошкент шаҳар прокуратурасига берилади. Мазкур жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари терговчи Бахтиёр Воҳидов томонидан ўтказилади. А.Исломовнинг таъкидлашича, у терговчи Б.Воҳидов билан учрашганида орган ходими ҳеч кимга ошкор қилмаслик шарти билан унга айрим ахборотларни етказади. 

Жумладан, буйруқ юқоридан бўлгани учун унинг мол-мулки мусодара қилиниши, бу ишларнинг тепасида шахсан миллий хавфсизлик хизмати раисининг собиқ биринчи ўринбосари Шуҳрат Ғуломов тургани ва назоратидалигини айтади. Хуллас, тадбиркорнинг тақдири ҳал бўлгани, у камида ўн беш йилга “кетиши”ни ошкор қилади. 

А.Исломовнинг айтишича, бу орада унинг офисида солиқ тафтиш ўтказади ва унда иштирок этган ходимлар орасида бир аёл унинг бир девор наридаги қўшниси бўлиб чиқади. Ўша аёл яхшилик тариқасида А.Исломовга унинг вазифаси қандай қилиб бўлмасин, бухгалтериядан камчилик топиши шартлиги, бу миллий хавфсизлик хизматининг буйруғи эканидан хабардор қилади. Текшириш якунига кўра, корхона ишидан камчилик топилади — 56 миллион сўм солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик ҳолати аниқланади.

Аммо бу “қоидабузарлик” МХХни қаноатлантирмайди. Солиқ идораси ишидан кўнгли тўлмагач, улар офисдаги барча ҳужжатларни ҳеч қандай асоссиз олиб чиқиб кетади. Орадан бироз вақт ўтиб, жиноят кодексининг яна бир қанча моддалари билан айбланиб, А.Исломов эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинади.

А.Исломов ўз сўзларида ичкарида уни икки-уч киши аёвсиз, туну кун калтаклаб, қаерда ва кимнинг номида қандай мол-мулки борлиги, ўзига ва яқинларига қарши кўрсатма беришга мажбурлашганини айтмоқда. Уч ой давомида на яқинлари ва на адвокати унинг ёнига яқинлаша олган. Бу пайтда унинг ҳимоясига ўтган тажрибали адвокатнинг хизматидан эса воз кечишни талаб қилишади. Йўқса, аҳволи бундан ҳам оғирлашиб кетишидан огоҳлантиришгач, ушбу тажрибали адвокат хизмати рад этилади.

Шу тариқа, Абдушукур Исломов 2006 йили аукционда сотиб олган офис биноси ҳеч қандай асоссиз, айблов эълон қилмасдан тортиб олинади. Бундан ташқари, 9 та машина, мебель цехи, ўзи яшаб турган хонадон, қисқаси, яқинларининг номида нимаики бўлса, бари мусодара қилинади. Умумий ҳисобда 3 миллион 237 минг доллар қийматидаги мулкидан айрилади.

Суд жараёнига келсак, “Мувад видео” раҳбарига нисбатан жиноят кодексининг 13 та моддаси бўйича айблов эълон қилинади. Суд ҳукмига кўра, А.Исломовга 12 йил, унинг акаларига эса 11 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Жиноят кодексининг айрим моддаларига тегишли ўзгартишлар киритилгандан сўнг, 2016 йил 9 сентябрда А.Исломов озодликка чиқади. 2017 йилда тадбиркорлик фаолиятини қайтадан бошлайди. Аммо унда “жиноятчи” деган тамғани олиб ташлаш ва халқ олдида юзи ёруғ бўлиш истаги борлиги боис, ўзи ва акаларини оқлашни сўраб, бир нечта инстанцияларга мурожаат қилади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, халқ қабулхонаси, Омбудсман, Президентнинг виртуал қабулхонасига ёзади. Бироқ, у ўзи кутган натижага эриша олмайди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар унинг келтирган важларини асоссиз, деб топади.

А.Исломов бундан бир неча ой муқаддам Ўзбекистон Республикаси Олий суд раиси қабулида бўлиб, унда ушбу иш Олий судда қайта кўриб чиқилиши ҳақида жавобни олган. Айни пайтда у суднинг жавобини кутмоқда. У жиноят иши одилона кўриб чиқилиши, адолат қарор топиши ҳамда айбдорлар тегишли жазосини олишни истамоқда.


Мавзуга оид