Суриштирув 436 30.05.2019 13:47:02

«Қўқонспирт» АЖ корхонасининг 100 нафар ходими кўчада қоладими?

«Қўқонспирт» АЖ корхонасининг  100 нафар ходими кўчада қоладими?

Давлатимизда аҳолини иш билан таъминлаш кун тартибидаги долзарб масала бўлиб турган бир пайтда “HUMAN.UZ” сайти таҳририятига «Қўқонспирт» АЖ корхонасининг бир гуруҳ ишчи-ходимларидан шикоят аризаси келиб тушди. Вазиятни ўрганиш ва холис ахборот тўплаш мақсадида ижодий гуруҳимиз «Қўқонспирт» АЖ корхонасига ташриф буюриб, журналистик суриштирув олиб борди.

Аризада айтилишича, 100 нафар ходим сабабсиз равишда ишдан бўшатилиш ҳақида огоҳлантирилган. Кўқон спирт заводи акционерлик жамияти ишчиларининг мурожаатини ўрганиш мобайнида аниқландики, бу масала мазкур корхона «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти тасарруфига ўтгандан сўнг бошланган.

2019 йил 25 январь куни корхона ишчиларига меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш хақида огоҳлантириш хати берилган. Унда ёзилишича, жамиятнинг 2019 йил 24 январдаги 37 сонли буйруғига асосан иш хусусиятининг ўзгариши муносабати билан огоҳлантириш хати олинган кундан бошлаб, икки ойдан сўнг бекор қилиниши мумкинлиги кўрсатилган. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: огоҳлантириш хати ходимларга 25 январь санаси билан берилган, унга кўра март ойининг охирида меҳнат шартномаси бекор қилиниши лозим эди, аммо нима сабабдан ишчилар орадан 4 ой ўтишига қарамай, ҳали ҳам ишдан бўшатилмаган?

Бу орада кўплаб ходимлар Республика Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳамда бошқа бир қатор давлат муассасаларига ёзма равишда мурожаат қилган. Масалан, Фарғона вилояти Бандлик бош бошқармаси Қўқон шаҳар Бандликка кўмаклашиш маркази Исомиддин Ёрматовнинг аризасига шундай жавоб берган: «Сизнинг мурожаатингиз бўйича қонун бузилиш ҳолатлари аниқланмади. Меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 296-271 моддаларига асосан, шаҳар тумалараро судига мурожаат қилсангиз, мақсадга мувофиқ бўлади. Ариза жавобидан қониқмаган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонуннинг 32 моддасига мувофиқ, юқори турувчи органларга мурожаат қилишингиз мумкин»
04.jpg — Менинг уч нафар фарзандим бор, — дейди заводда назоратчи бўлиб ишлайдиган Феруза Маҳкамова. — Бир нафар фарзандим ва турмуш ўртоғим ногирон. Биз кўп жойга мурожаат қилдик, аммо уларнинг баридан бир хил мазмундаги жавоб олдик. Яъни бизнинг заводда ишлаш ёки ишламаслигимизни фақат «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳал қилиб бера олар экан. Нега завод «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга ўтказилгандан кейин бизни ишсиз қолдиряпти?

— Оилада бир ўзим 5 нафар кишини боқаман, — дейди ишчилардан бири. — 23 йилдан бери шу заводда ишлайман. Агар кўчада қоладиган бўлсак, нима бўлишини билмайман. 50 ёшдан ўтдим, бошқа жой эса мени ишга олмайди.
Заводнинг раҳбарияти ушбу вазиятга қуйидагича баҳо берди:
— Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика ҳудудидаги ўта муҳим тоифаланган объектларни қўриқлаш, тартибини сақлаш тўғрисида»ги 2018 йил 6 декабрдаги 4054 сонли қарорига кўра, ўта тоифаланган объектлар Ички ишлар вазирлиги Қўриқлаш бўлинмасига ўтказилмоқда, — дейди ходимларни бошқариш хизмати бошлиғи Абдуқодир Тўйчиев. — Шунинг учун биз 4054 сонли қарорга асосан, барча қўриқлаш хизматидаги 98 ходимга огоҳлантириш берилган. Бу махфий ҳисоблангани учун кўрсатишга менинг ваколатим йўқ.

Огоҳлантиришнинг муддати ўтиб кетган бўлсада, нима сабабдан меҳнат шартномаси бекор қилинмаганини ходимларни бошқариш хизмати ходими қуйидагича изоҳлади:
— Турли ташкилотларга ишда қолиш тўғрисида мурожаат қилганлиги сабабли юқори турувчи органимиз яъни «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан 1 июлга қадар қолдирилган.

***
«Қўқонспирт» АЖ корхонасидан ўн эмас ўнлаб киши ризқи қийилиш остонасида турибди. Ҳеч бўлмаса, уларнинг келгусида ишга жойлашиб кетишлари учун бирор амалий ёрдам берилса, эътироф этишга арзигулик иш бўлар эди. Ҳар ҳолда корхона бунга бефарқларча муносабатда бўлиши инсофдан эмас.


Мавзуга оид