Суриштирув 2179 28.05.2019 16:37:44

“Мувад видео" иши”да Гулнора Каримова ва Рустам Мадумаровнинг қандай қўли бор?

“Мувад видео" иши”да Гулнора Каримова ва Рустам Мадумаровнинг қандай қўли бор?

“Мувад видео” студияси ҳақида эшитганмисиз? У Ўзбекистон мустақилликка эришган дастлабки йилларда ташкил этилган ва мамлакат шоу-бизнесида гигант фигурага айланган тадбиркорлик муассасаси ҳисобланган. Бундан бир неча йил аввал “Muvad video” билан бўлиб ўтган воқеани кўпчилик эсласа керак. Ўша пайтда шоу-бизнесда гуллаётган студия “осмони”да “қора булутлар” пайдо бўлган. Оқибатда унинг раҳбари Абдушукур Исломов иқтисодий жиноятчиликда айланиб, мол-мулклари мусодара қилинган. Ўзига эса узоқ йиллик қамоқ жазоси тайинланган. Бу ҳам етмаганидек, Абдушукур Исломовнинг икки акаси ҳам қамоққа ташланади.

Хўш, бир оиладан уч кишига жиноятчи деган тамға босилиши кимга керак эди? Ака-укалар ҳақиқатдан ҳам иқтисодий жиноятчиликка қўл урганми?

Шахслар ва манфаатлар тўқнашуви қурбонига айланган “Мувад видео” студияси директори Абдушукур Исломов таҳририятимиз меҳмони бўлди. Унинг айтар гаплари ва эътирозлари бор. Биз уларга қулоқ тутдик.

2.jpg

Қаҳрамонимизнинг айтишича, у “Мувад видео”га 1994 йилда асос солган. Дастлаб хусусий фирма, кейинчалик МЧЖга айлантирган. Фирма аудио ва видео кассеталарни тасмаларга ёзиб, уларнинг лицензион шаклини чиқариб келган, концертлар съёмкаси, клиплар ишлаш, хуллас, ижодий маҳсулот яратиш билан шуғулланган. Шу тариқа, ҳалққа сифатли маҳсулот тақдим этиб келган. Буни ҳатто, хорижий давлатларда ҳам эътироф этишади.

Шоу-бизнес оламига Гулнора Каримованинг шаръий турмуш ўртоғи Рустам Мадумаров кириб келгандан сўнг, у ҳам бошқа таниқли санъаткорлар қатори аввалига “Мувад видео” билан яқиндан ҳамкорлик қилади. Орадан вақт ўтиб, Рустам Мадумаров Абдушукур Исломовга тегишли бўлган “Нирвана” дўконларини унинг тасарруфига беришни сўрайди. Аниқроғи, шунга мажбур қилади. Босим бўлгани учун “Мувад видео” раҳбари бунга иложсиз кўнади.

2007-2008 йилларда Абдушукур Исломов Озодбек Назарбеков билан иш бошлайди. Хонанданинг концертларини ташкиллаштириш, унга ҳомийлик қилади. Ундан тушадиган фойдани эса тенг иккига бўлишга келишади. Бу орада Озодбек элга анча танилди. Ана шу пайтларда Рустам Мадумаров Абдушукур Исломов ва Озодбек Назарбековни чақиртириб, уларга бундан буён машҳур хонандаларнинг концертлари “Пантерра” студиясининг бренди остида чиқиши керак, деган шартни қўяди. Бу Гулнора Каримованинг буйруғи экани, агар бундан бош тортса, концерт умуман ташкиллаштира олмаслигини маълум қилади.

А. Исломов эса муросага келишни сўрайди. Шунда Р.Мадумаров А. Исломовга концертлардан 100 минг АҚШ доллари бериб турса, ишини давом эттириши мумкинлигини айтади. Бунинг эвазига унга “Марказ ТВ”, “Замин FM”, “Аъло FM” кабиларда клип ёки концертлар билан боғлиқ рекламаларда ёрдамлашишга ваъда беради. А. Исломов бунга рози бўлади. Лекин чучварани хом санабди. Каналларнинг биронтасидан бепул фойдалана олмайди: ҳаммаси пуллик.

Энди яна бир масала. “Мувад видео”нинг Рустам Мадумаров билан кесишадиган яна бир фаолият йўналиши бор эди. Яъни Каримовада “Ижрочилар гильдияси” Исломовда эса “Ўзбекистон ҳуқуқ эгалари палатаси” нодавлат нотижорат ташкилоти бўлган. Исломовнинг ташкилоти жамоавий бўлиб, у ерда фонограмма ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳам — “Тарона рекордс”, “Мувад видео”, “Оҳанг медиа” ва “CD profi” лар бирлашган. Демакки, унинг фаолият тури кенг ҳисобланган. Мадумаровнинг гильдияси эса тор доирада, фақат ижрочи ва муаллиф масалаларидан иборат эди.

“Ўзбекистон ҳуқуқ эгалари палатаси” ННТ нинг асосий вазифаларидан бири ижрочи, бастакор ва ёзувчиларнинг йиғимларини йиғиш. Яъни кафе, бар, ресторан, тунги клуб, телевидение, радио ва ҳоказоларда машҳур хонандаларнинг айлантириладиган қўшиқларининг мукофот пулларини тўплаш. Шунга кўра, умумий тушумдан ҳар бирига 20 фоиздан тақсимланган. Бу йўналиш жуда ривожланиб, Мадумаровдан ўзиб кетган. Аниқроқ айтканда, ташкилот, хонандаларнинг қўшиқларидан тушадиган маблағга шоир, бастакорга бир ойда 3-7 миллион сўмгача пул тўлаб келган. Хуллас, ҳамма ўзининг қонуний улушига эга бўлган. Санъаткорлар ҳам бундан жуда мамнун эди.

Шундан кейин айрим таниқли хонандалар ўртасида “нега ННТ яхши пул тўлайди-ю, гильдия умуман бермайди” мазмунидаги гаплар чиқиб кетди. Бу эса Р. Мадмумаровга ёқмади ва А. Исломовга яна бир катта муаммони туғдирди. Энди у А. Исломовга ё ташкилотни ёпиш ёки унинг тассарруфига бериш талабини қўяди. А. Исломов ушбу ташкилотга аъзо бошқа корхоналар бунга рози бўлмаслигини айтгач, Мадумаров у ҳолда палатанинг фаолиятини қисқартириш ҳақида кўрсатма беради. Мазмун шундан иборатки, Мадумаровда ижрочи ва муаллифлар, Исломовда эса фақат фонограмма қолади. Содда қилиб айтканда, Исломов кафе ва барлардан тушадиган маблағни йиғади, телевидение ва радиога эса умуман яқинлашмайди. Табиийки, “Мувад видео” раҳбари бунга кўнмайди ва улар билан ишлашдан очиқчасига бош тортади. Фақат Озодбек Назарбеков бўйича пулларни бериб туришини маълум қилади. Бу билан Абдушукур Исломов мисли кўрилмаган муаммолар гирдобида қолиб, ўзига “ҳукм ўқийди”...

2012 йил 4 апрелда унинг фирмаси ва МЧЖ тасарруфидаги бошқа дўкон ва объектларни бир вақтнинг ўзида миллий хавфсизликнинг буйруғи ҳамда бевосита назорати остида ҳеч қандай ҳужжатсиз, ноқонуний равишда солиқ органи ходимлари босади. Офисда тинтув ўтказилади. Бу ердан барча мусиқий аппаратура ва дисклар олиб чиқиб кетилади. Офисдан чиққан пуллар эса кассага топширилмаган деб камомад сифатида топилади (бу пайтда Озодбек Назарбековнинг концертига чипталар ҳам сотилаётган пайт эди. Халқлар дўстлиги саройига ҳам худди шу маҳал текшириш келган). А. Исломов, унинг таъсисчи акаси ва бошқа  фирмада омборчи лавозимида ишлайдиган яна бир акаси ҳибсга олинган. Уларга ҳеч қандай далолатнома ҳам тузилмади. Ҳатто, МЧЖ фаолиятига умуман алоқаси бўлмаган кишилар 15 суткага қамалди. Хуллас, А. Исломовга жиноят иши қўғатилиб, у уюшган ва иқтисодий жиноятчиликда айбдор деб топилди ва қамалди.

Шу тариқа, “Мувад видео” директорига дўст тутинганлар Гулнора Каримова асос солган “Пантерра” студиясига ўтиб кетади. Жумладан, О. Назарбеков ҳам. “Ўзбекистон ҳуқуқ эгалари палатаси” эса Мадумаровнинг тасарруфига ўтиб кетиб, Гулнора Каримова қўли остида иш бошлади.

(Давоми бор)


Мавзуга оид