Суриштирув 2060 25.05.2019 15:00:56

Президент топшириғи бажарилмаяпти: тадбиркор банкротлик ёқасида

Президент топшириғи бажарилмаяпти: тадбиркор банкротлик ёқасида

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, касб-ҳунар коллежининг битирувчи ёшларини қўлидан келганча иш билан таъминлаб, солиқ ҳамда бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаётган, ишлаб чиқарадиган маҳсулотини хорижга экспорт қилаётган тадбиркорга қандай ёрдам керак? Албатта, унинг фаолияти йўлидаги ҳар қандай бюрократик ва сунъий тўсиқларни олиб ташлаш, шу юрт, халқ манфаати учун камарбаста ишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш зарур. Бир сўз билан айтганда, унинг мушкулини осон қилиш, йўлини очиб бериш керак.

Бироқ бундай тадбиркор йўлига тўғаноқ бўлиб, уни “бўғиш”, “синдириш” орқали давлатга нисбатан ишончини йўқотишга сабабчи бўлаётган мутасаддилар ҳам афсуски, бор экан. Энг ёмони, одамларнинг ишсиз қолиб кетишига тўғри маънода шароит яратиб, уларни катта кўчага чиқариб қўймоқда.

Келинг, шулар ҳақда батафсил тўхталсак.

Таҳририятимизга Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи “R-F FORTUNA TEX” МЧЖ раҳбари Фаҳриддин Ядгаров мурожаат қилди. Унинг корхонаси тайёр трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Маҳсулотнинг асосий қисми Россияга экспорт қилинади.

Корхона 2011 йилдан буён ижара шартномасига асосан, “Ўзбекнефтьгаз” АЖ таркибига кирувчи “MURUVVAT TEKS” МЧЖга тегишли бўлган Шайхонтоҳур тумани, Фурқат кўчаси, 6-уйда жойлашган “Қоратош” фабрикаси биносида фаолият олиб боради.

Бугунга келиб, бу ерда 350 нафар ходим ишлайди. Уларнинг аксарияти 30 ёшга тўлмаган хотин-қизлар. Кўпчилиги ногирон, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, вояга етмаган фарзандлари бор ёлғиз оналар. Шу билан бирга, коллеж битирувчиларининг 50 нафари билан тўрт томонлама шартнома имзоланиб, уларнинг доимий бандлиги таъминланган.

Корхона саккиз йил давомида умумий ҳисобда 10 миллион 575 минг 200 АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотни четга сотган. Жорий йил якуни бўйича эса 1 миллион 700 минг АҚШ доллари ҳажмида маҳсулот экспорт қилишни режалаштирмоқда.

Тадбиркор берган ваъдасининг устидан чиқди, лекин мутасаддилар...

2018 йил 10 август куни Президентимиз Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманига ташрифи чоғида республиканинг барча вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида ўтказилган мажлисда Фаҳриддин Ядгаров ҳам тадбиркор сифатида қатнашади. Мажлис давомида давлатимиз раҳбари “Бу ерда муаммоси бор тадбиркорлар борми” деб сўраганларида, у қўлини кўтариб, Президент билан тўғридан-тўғри мулоқот қилади. 

Тадбиркор сўз олар экан, корхонасининг асосий муаммоси ўз биносига эга эмаслиги, иш фаолиятини бошлагандан бери ижарада фаолият юритиб келаётгани ва шу асосда ҳозирга қадар 1 миллиард 840 миллион сўм тўлаганини маълум қилади. Шу боис ушбу бинони ноль қийматда олиб беришда амалий ёрдам сўраб мурожаат этади. Бунинг эвазига у корхонада янги иш ўринлари сонини кўпайтиришга сўз беради. Президентимиз Ф. Ядгаровга агар 200 та иш ўрни яратса, бунга рози бўлишини айтганида, тадбиркор бунга албатта ҳаракат қилиб, уддасидан чиқишга ваъда беради.

Шундан сўнг Президентимиз ўша пайтдаги собиқ Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, “Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбари А. Султоновга масалани зудлик билан ҳал этиш бўйича тегишли топшириқ юклайди. Тадбиркорга мажлисдан кейин ҳеч қаерга кетмаслиги ҳамда А. Султонов билан учрашиши кераклигини таъкидлади. Бироқ... Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи ижроси тегишли мутасаддилар томонидан умуман бажарилмади.

Гап шундаки, тадбиркор А.Султонов билан учрашади. Мутасадди раҳбар унинг мурожаатини ижобий ҳал этиш бўйича Жамиятнинг Бошқарув раиси ўринбосари Бахтиёр Шукуров ва бошқарма бошлиғи Х.Зокировга тегишли кўрсатма беради. 2018 йил 11 август куни “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарма бошлиғи Х.Зокиров мутасадди вакиллар билан “R-F FORTUNA TEX” корхонасига келиб, унинг фаолияти билан яқиндан танишишади. Бироқ ноль қийматдаги масала юзасидан расмий хат билан мурожаат қилиш зарурлигини таъкидлаб кетади.

Х.Зокировнинг кўрсатмасига биноан, А.Султоновга расмий хат ҳам тақдим этилади. Шунда Х.Зокиров мурожаат 15 кун ичида ҳал этилиши маълум қилади. Лекин амалда ҳеч қандай натижа чиқмайди. Қайта-қайта мурожаатларга қарамасдан, масала ижобий ечим топмайди.

Ҳукумат қарори ҳам тадбиркор фойдасига, амалда эса...

Бу орада Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 августдаги “Нефть-газ тармоғи ташкилотларининг активларидан янада самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ҳужжатда назарда тутилган активлар ушбу қарор қабул қилингунга қадар ижара шартномалари асосида фойдаланишга берилган тақдирда, ижарага олувчи ижарага олинадиган активни сотиб олишда устунлик ҳуқуқига эга бўлиши, активлар тадбиркорлик субъектларига бозор қийматининг камида ўн беш фоизини олдиндан тўлаш ва тўловларнинг қолган қисмини ҳар йили тенг улушда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилиши қайд этилган. Лекин “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг “MURUVVAT TEKS” компанияси вакиллари буни инобатга олмади ва Ф. Ядгаровнинг мурожаатларига беписандлик билан қаради.

Тадбиркорнинг айтишича, у масалани ҳал этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Бош прокуратураси, Тошкент шаҳар прокуратураси, Тошкент шаҳар ҳокими, Шайхонтоҳур туман ҳокимига такрор ва такрор мурожаат этган. Улардан олинган жавоб хатларида эса бу масалани “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳал этиши лозим деб ёзилган, холос. Бироз муддат ўтгач, “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарма бошлиғи Х.Зокиров Президент томонидан берилган топшириқ Шайхонтоҳур туманида ўтказилган мажлис баёнига киритилмагани боис ижроси таъминланмаганини маълум қилган экан.

2018 йил сентябрь ойида “Қоратош” фабрикаси биноси 12 миллиард сўм нарх билан аукционда сотувга қўйилди. 2019 йилнинг март ойида эса ушбу бино нархи 6 миллиард 400 миллионга туширилди. “R-F FORTUNA TEX” МЧЖ нинг бу суммада бинони харид қилиш имконияти йўқлиги туфайли у аукцион савдосида иштирок эта олмайди.

2019 йил 22 апрелда бино 5 миллиард 160 миллион сўмга “АSR KIMYO INVEST” хусусий корхонасига сотилди. Ҳозирги кунда “АSR KIMYO INVEST” хусусий корхонаси бинони бир ой муддат ичида бўшатишни талаб қилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, бундай адолатсиздик корхонанинг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳияти тушиб кетишига олиб келмоқда. “R-F FORTUNA TEX” МЧЖ экспорт буюртмалари ҳажми кўплиги ва олинган мажбуриятларни ўз муддатида бажара олмаслиги оқибатида экспорт шартномасига асосан, жарима санкциялари қўлланилади. Хориждаги ҳамкорларнинг мазкур корхонага, қолаверса, Ўзбекистондаги тадбиркорлик субъектларининг тўлақонли ва барқарор ишлашига бўлган ишончи йўқолишига олиб келади. Энг ёмони бу ерда ишлаётган ногирон, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, вояга етмаган фарзандлари бор хотин-қизлар доимий иш жойисиз қолишади. Бу ҳақда яна кўп гапириш мумкин...

Биз тадбиркор Фаҳриддин Ядгаров юқорида келтирган муаммоларни инобатга олиб, унинг корхонасида фаолият олиб бораётган ёшлар ва хотин-қизларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилган ҳолда мутасаддилардан ушбу масаланинг адолатли ечим топишини кутиб қоламиз.


Мавзуга оид