Суриштирув 1773 24.05.2019 13:35:00

Корея шифохонасида комада ётган Абрам Оқилов оиласига амалий ёрдам кўрсатилдими?

Корея шифохонасида комада ётган Абрам Оқилов оиласига амалий ёрдам кўрсатилдими?

Бундан бир неча ойлар муқаддам, ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон фуқароси Абрам Оқилов Корея Республикасидаги клиникаларидан бирида оғир аҳволда бўлиб тургани тўғрисидаги хабарлар тарқалган эди.

Абрам Оқилов Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги орқали 2017 йилнинг ноябрида Жанубий Кореяга келган. 2018 йил июль ойида иш жойида пластик сақич аралаштириш жараёнида заҳарланган ва комага тушган.

Мазкур хабарлар тарқалгач, жорий йилнинг 28 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги консуллик-ҳуқуқий департаменти бу воқеага муносабат билдириб, ушбу масала мамлакатимизнинг Сеул шаҳридаги Элчихонаси доимий назорати остида эканини маълум қилганди.
photo_2019-05-23_21-01-32.jpg Human.uz сайтининг Жанубий Кореядаги махсус мухбири Шуҳрат Сатторов 26 апрель куни А.Оқилов даволанаётган шифохонага борди ва беморнинг яқинлари билан суҳбатда бўлди. Беморнинг акаси Азизжон Оқиловни айтишича, амалий ҳаракатлар гапдан нарига ўтгани йўқ. Ташқи ишлар вазирлиги Корея Республикасига келишлари учун беморнинг онаси ва синглисига виза масаласида ёрдам берган. Бироқ ҳозирги кунгача барча харажатлар беморнинг ҳисобига ёзилган ва оила катта қарзга ботган. Умумий ҳаражатлар миқдори 170 минг доллардан ошиб кетган. Бунинг устига суғурта компанияси ушбу касалликнинг ишлаб чиқариш ва ходимнинг бевосита меҳнат фаолиятини амалга ошириши билан боғлиқ эканини тан олмаяпти, деди у.

“Муолажалар тугади. Докторлар энди мия ҳужайралари тикланиши учун вақт керак, демоқда. Укамни Ўзбекистонга олиб кетишим керак. Ҳаво ўзгариши ҳам соғлигини кескин ёмонлаштириши мумкин. Шу сабаб олиб кетилаётганида унинг ёнида шифокор бўлиши керак экан. Ўзбекистондан бирор шифокор юбора олишадими? Агар бу ердан шифокор бирга кетса, жуда кўп ҳаражат бўлади. Укам икки марта юрак хуружини ўтказди. Учинчиси ёмон тугаши мумкин экан. Жуда катта қарзга ботдик. Бизга қачон амалий ёрдам беришади?” — дейди беморнинг акаси Азизжон.
photo_2019-05-23_21-01-30.jpg Мазкур вазият юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига мурожаат қилдик. Улар эса бизни масала бўйича саволларимизга жавоб бериш мақсадида агентликнинг Корея республикаси Гвангжу шаҳридаги ваколатхонаси билан боғлаб берди. Масъуллар билан суҳбатлашган чоғда тегишли ташкилотлар билан музокаралар режа асосида давом этаётгани ва якуний қарор учун бир мунча вақт талаб қилинишини билдиришди.

Human.uz таҳририяти режаланган ишлар эмас, амалий натижалар ҳақидаги маълумотларни кутишни маъқул, деб билди.

Ниҳоят орадан ярим ой вақт ўтиб, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Корея республикаси Гвангжу шаҳридаги ваколатхонаси қуйидаги хушхабарни маълум қилди:

“Мазкур иш юзасидан нотўғри ва асосланмаган ахборот тарқалишининг олдини олиш мақсадида Жанубий Кореядаги ташқи меҳнат миграцияси Агентлиги қуйидагиларни маълум қилади.
Айни пайтда Абрам Оқиловнинг аҳволи барқарор.

Агентлик ваколатхонаси ва Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчихонаси жабрланганнинг акаси Азиз Оқилов билан доимий алоқада бўлиб турибди ҳамда Абрам Оқиловнинг адвокати билан фаол ишламоқда.
photo_2019-05-08_15-48-26.jpg Элчихона билан ҳамкорликда олиб борилган ишлар натижасида Сеул шаҳри ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларда компенсация Хизмати бўйича қарор қабул қилиш Комиссияси томонидан суғуртани қоплаш юзасидан ижобий қарорга эришилди.

Суғурта бадали касалхонадаги харажатларни (08.04.2019 йил ҳолатига) 174 023 681 корейс вони, яъни қарийб 153000 АҚШ долларини, меҳнатга лаёқатлик йўқотилгани учун компенсация тўловини ўз ичига олади. Шунингдек, Абрам Оқиловнинг ўтган ўн ой давомидаги ойлик иш ҳақини қоплаб бериш ҳамда акасининг Корея Республикасидаги яшаган даври учун харажатларига компенсация масалалари кўриб чиқилмоқда. Комиссия томонидан белгиланадиган аниқ сумма бошқа (навбатдаги) қарор билан яқин вақт ичида тасдиқланади.
photo_2019-05-08_15-47-21.jpg Комиссия қарори бўйича Сон Чжун Хен исмли хизматнинг масъул ишчисига +8202-2280-2619 ёки 1588-0075 телефон рақами орқали боғланиб, 724-86-00022-0 сонли иш рақамини айтиб (Сеул шаҳри, Ёнгдунгпо-гу, Сеул Берд-стрит 2-8) батафсил ахборот олиш мумкин. Шу билан бирга, №724-86-00022-0 тизимига кириш учун интернетдаги ҳавола орқали муҳокама қилинаётган ишнинг мақомини кўрса бўлади.

Адвокат Гавҳар Мансурова ассистентининг мобиль телефони рақами +821029076660”
photo_2019-05-24_15-30-51.jpg Ҳозирги кунда Оқилов Абрамни Ўзбекистонга қайтаришни тезлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда”.

Маълум бўлишича, ҳозирда 5 ойлик пул А.Оқиловнинг ҳисоб рақамига ўтказилган ва тез фурсатларда қолган суммалар ҳам берилади.  

Human.uz таҳририяти воқеалар ривожини кузатишда давом этади ва жараён хусусидаги энг сўнгги маълумотларни бериб боради. 


Мавзуга оид