Суриштирув 408 23.05.2019 10:29:09

Фермер аёл: Агросуғурта пул олишни билади, беришни эса...

Фермер аёл: Агросуғурта пул олишни билади, беришни эса...

Суғурта – бахтсиз тасодифлар, ҳаётимизда учраётган турли нохушликлар оқибатида кўрилган зарарларнинг ўрнини қоплаш орқали фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилувчи тармоқдир. Аҳолининг мажбурий суғурта хизматлари шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарарларнинг ўрнини қопланишини кафолатлаш мақсадида ташкил этилган.

Деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари ва фермерлар маҳсулотини суғурталаш ҳам мажбурий тартибда амалга оширилиши, кўпчилигимизга маълум. Яъни ҳар йили фермерларнинг эккан пахта ва ғалласи мажбурий суғурталанади.

Фермер ва деҳқонлар нима учун, нега суғурталаётганини ҳам кўпида сўраб ҳам ўтирмайди, моҳиятига қизиқмайди. Юқори ташкилотлар, ҳокимликлар томонидан оғзаки топшириқ берилади, суғурта шартномаси ва полиси тутқизилади. Фермер топшириқни бажариб, суғурта ташкилотига айтилган пулни кўчиради. Шу билан иш битади.

Негадир суғурта ташкилоти айнан ўз зиммасига олган масъулият ва вазифага ўрин келганда бўйин товлаш, турли баҳоналар билан суғурта бадалини тўлашдан бош тортишиш ҳолатлари ҳам ҳамон учраб турибди.

Таҳририятимизга мурожаат қилган Тошкент вилояти, Қуйи Чирчиқ тумани фермерлари ҳам айнан “Ўзагросуғурта” Акциядорлик жамиятидан суғурта бадалини ололмаётганини билдирдилар.

“Зафарбек Зарифбек” фермер хўжалигининг иш бошқарувчиси Мунаввар Тўраеванинг айтишича, 2018 йилнинг июнь ойларида “Ўзагросуғурта” АЖ билан пахта ҳосилдорлиги юзасидан шартнома тузилган ва унга мувофиқ шартнома полиси фермерга тақдим этилган. Аммо негадир номаълум сабаблар билан ўтказилган қарийб 4 миллион сўм маблағ фермерга ҳисобига қайтарилган. Бироқ, фермернинг бундан мутлоқа хабари йўқ.

Ўтган йили пахта ҳосилдорлиги ғўзага кўсак қурти тушгани сабабли кам бўлгани учун кўрилган зарарни бироз бўлса-да қоплаш мақсадида шартнома тузган суғурта компаниясига мурожаат қилиб суғурта полисида кўрсатилган 43 млн сўм маблағни сўрашса, суғурталовчи сизлар билан шартномамиз йўқ, бўлмаган ҳам деб фермер мурожаатини қаноатлантирмади. Суғурта компаниясининг билдирилишича фермер хўжалиги ўтказган пул маблағи бир ойдан кейин унга қайтарилган. Унинг сабабларини эса суғурта компанияси асослантириб бера олмаган.

Фермер билан тузилган шартнома ва полислар қалбаки, деб суғурта корхонаси важ кўрсатган.

Мунаввар опанинг айтишича эса, улар фермер пахтасига кўсак қурти тушганини билган заҳоти бир ой ичида ўтказилган маблағни “дайди” пул сифатида баҳолаб қайтариб юборган.

Бугун иш юритувчининг жон куйдирганича бор. Йиллар давомида суғурта учун пул ундириб келган ташкилот фермер бошига иш тушганда турли баҳоналар билан унинг кўксидан итараб турганини қандай баҳолаш мумкин!?

Суғурта компанияси устидан судга мурожаат этилганда, жиноий иш очилганда айбдор ходимларни ишдан бўшатиб, сувдан қуруқ чиқиш йўл-йўриқларини жуда яхши ўзлаштирган корхонанинг юристи, мутахассиси бор. Фермернинг нимаси, ким-м-и бор!?

Фермер далага экин экиб, маҳсулотни нес-нобуд қилмасдан халққа етказишни яхши билади. Унинг суғурта ва ҳуқуқий масалаларга бош қотиришга, ақл ишлатиб, ҳуқуқий жиҳатларини ўйлаб ўтиришга вақти ҳам, тоқати ҳам йўқ.

Фермер ва деҳқонни фақат қўллаб-қувватлаш, шарт-шароит яратиш лозим, холос.

М.Тўраева таъкидлаганидек, фермернинг ҳар бир маблағи ҳисобли, назорат ҳам етарли. Қанча ерга уруғ сочгани, унга қанча ўғит сарфлаши, ёқилғи ишлатиши, ходимларга иш ҳақи бериши барча-барчаси мутасадди ташкилотлар томонидан қатъий нозорат қилинади. Ҳатто, суғурта полиси учун ўтказган маблағи ҳам...

Энди суғурта ҳодисаси юз бериб, суғурта бадалини тўлашга келганда найранг ишлатиш, ишлатганда ҳам қонуний ҳал этиш чораларини топиш фақат қўли узун йирик компания томонидан содир этилиши мумкин. Оддий деҳқон бунинг уддасидан ҳеч қачон чиқолмайди?!

Афсусланарли жиҳати шундаки, мана шу агросуғарта компанияси кенг жамаотчилик орасида ҳеч ҳижолат бўлмай, полонча фермерга пистон миллион сўм суғурта бадали ўтказиб берилди. Ёрдам кўрсатилди, деб ҳисобот юритади.

Ваҳолангки, бугун жойларда “Зафарбек Зарифбек” фермер хўжалиги каби агросуғурта компанияси билан тузулган шартномаси қалбаки ҳисобланиб, 7 ойлаб белгиланган суғурта бадалини ололмаётган ўнлаб, юзлаб фермер хўжаликлари мазкур агросуғурта компанияси ишидан норози бўлиб юрибди. Янада ачинарлиси, бу йил ҳам деҳқон ва фермерлар мажбурий суғуртага жалб этилган.

“Human.uz” таҳририяти мутасадди ташкилотлардан ушбу мурожаат юзасидан изоҳ кутиб қолади.

“Зафарбек Зарифбек” фермер хўжалиги билан тўлиқ суҳбатни томоша қилинг:


Фермер суғурта