Суриштирув 1125 20.05.2019 14:54:41

Мутахассис: чироқ сабаб ёнғин чиқиши мумкин, агар...

Мутахассис: чироқ сабаб ёнғин чиқиши мумкин, агар...

Ёзнинг жазирамаси мана энди авжга чиқаётган бир пайтда куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари яқинни ёритувчи ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шартлиги тўғрисидаги қоида аҳоли ўртасида ҳали-ҳамон эътирозларга сабаб бўлмоқда.

У ёки бу ижтимоий тармоққа қарасангиз, шу мавзудаги баҳс-мунозарага кўзингиз тушиши мумкин. Айниқса, сўнгги пайтларда бир нечта автомобилларда гўёки фара сабабли, ёнғин келиб чиқаётгани ҳақидаги фотосуратлар ва видеолар кўплаб юртдошимизда янги қоидага нисбатан кескин норозилик кайфиятини уйғотди. Бундан ташқари, масала юзасидан бир гуруҳ депутатлар ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, ушбу қоидани бекор қилиш ҳақдаги таклиф билан ҳам чиқди.

Хўш, машиналарнинг чироқларни ёқиб юриши ҳақиқатдан ҳам ёнғинга сабаб бўлиши мумкинми?

Автомобилларга техник хизмат кўрсатувчи мутахассис Шоҳаббос Абдуллаевнинг айтишича, бу рост. Агар “туманка” ва фаралар узлуксиз ишласа, уларнинг симлари юпқалиги боис қисқа туташув оқибатида ёнғин келиб чиқиши мумкин.

— Кўпчилик заводда қўйилган “туманка”ларни кучлироғига алмаштиради, — дейди Ш. Абдуллаев. — Яъни, яхши ёритадиган чироқ шунга яраша электрни тортади. Аммо симлар бунга бардошли эмас. Сўнгги ўн кун ичида шахсан ўзимга кўплаб “Cobalt” ҳамда “Spark” ҳайдовчилари “Туманкам эриб кетди, ёниб кетди” каби важ билан мурожаат қилди. Шунинг учун оддий лапмочкалар қўйилсагина, юз бермаслиги мумкин.

Мутахассисга кўра, агар фақат чироқларни ёқиб юриш туфайли машинада ёнғин чиқса, қуйидаги нарх-навони ҳам билиб қўйиш фойдадан ҳоли эмас. Яъни, автомобилнинг энг аввал зарар етиши мумкин бўлган эҳтиёт қисмлари — “туманка”нинг ўртача нархи 700 минг сўм, буфер 50 доллар, фара эса 700 минг сўм атрофида экан.


Мавзуга оид