Спорт 184 26.04.2019 11:02:25

Боксчиларимиз Банкокда дастлабки олтинларни қўлга киритишди

Боксчиларимиз Банкокда дастлабки олтинларни қўлга киритишди

Бангкок шаҳрида якунига етиб бораётган бокс бўйича Осиё чемпионатининг финал беллашувлари бошланди.

Дастлаб -49 килограмм вазн тоифасида Нодиржон Мираҳмедов рингга кўтарилди ва ҳиндистонлик Дипакка қарши баҳс олиб борди. Н.Мираҳмедов очколар бўйича ғалаба қозониб, Осиё чемпионлигини қўлга киритди.

Шундан сўнг -56 килограмм вазн тоифасида Осиё ўйинлари чемпиони Миразиз Мирзаҳалилов ҳам қитъа чемпионлиги учун ҳиндистонлик бошқа бир боксчи Кавиндер Сингхни мағлубиятга учратди ва иккинчи олтин медални терма жамоа ҳисобига қўшиб қўйди.

Бир неча дақиқа аввал қитъа чемпионатининг 69 кг.гача бўлган вазн тоифасида ҳам чемпион номи маълум бўлди. Унда ҳамюртимиз Бобо-Усмон Батуров япониялик Севонретс Оказавага қарши рингга кўтарилди.

Ўзбекистонлик чарм қўлқоп устаси  рақибини 1-раунддаёқ нокдаун ҳолатига туширди. Бу ҳол 2-раундда ҳам кузатилди. Натижада ҳамюртимиз жангни катта устунлик билан ўз фойдасига ҳал қилди ва Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига учинчи олтин медални ёзиб қўйди.

Бугун, шунингдек,
-91 кг: Санжар Турсунов (Ўзбекистон) – Хёнг Кю Ким (Жанубий Корея)
+91 кг: Баҳодир Жалолов (Ўзбекистон) – Камшибек Конкабаев (Қозоғистон)  қитъа чемпионлиги учун баҳс олиб боришади.


Мавзуга оид