Юзма-юз 592 16.10.2019 12:32:15

Сенатор Гавҳар Алимова: “Мурожаатларнинг 70 фоизини оилавий масалалар ташкил этади"

Сенатор Гавҳар Алимова: “Мурожаатларнинг 70 фоизини оилавий масалалар ташкил этади"

Ўзбекистонда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни ижтимоий-сиёсий, кези келганда, моддий тарафдан қўллаб қувватлаш борасида Human.uz ахборот портали мухбири Наргиза Юнусова Самарқанд вилоят Хотин-қизлар қўмитаси раиси, сенатор Гавҳар Алимованинг фикрлари билан қизиқди.

-Самарқанд вилояти Хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида иш бошлаганингизга яқинда бир йил бўлади. Ўтган вақт мобайнида қандай ишлар амалга оширилди?
-Хотин-қизлар йўналишида бир қатор ўзгаришлар юз берди. Президентимиз томонидан 2018 йил 2 февралда имзоланган “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони аниқ йўналиш танлаб олишга асос бўлди. Фаолиятимиз хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, улар ўртасида жиноячилик ва ҳуқуқбузарликни олдини олиш, оила институтини мустаҳкамлаш, айниқса, оғир аҳволда бўлган аёлларга моддий-маънавий кўмак беришдан иборат. Биргина Самарқанд вилояти миқёсида мингдан ортиқ ижтимоий-сиёсий фаол хотин-қизларнинг рўйхати тузилиб, улар давлат бошқаруви ва раҳбарлик лавозимларига аёлларни тайёрлаш мақсадида Самарқанд давлат университети ҳамкорлигида ташкил этилган ўқув курсларига жалб этилди. Шунингдек, 1 минг 300 дан ортиқ бошланғич ташкилотлар фаолияти қайтадан кўриб чиқилди. Негаки, 3 нафардан ортиқ аёл бор жойда — корхона, таълим муассасаси, цех ва шифохона — барчасида Хотин-қизлар қўмитасининг бошланғич ташкилоти тузилиши керак. Оғир аҳволдаги хотин-қизлар 3 мингтани ташкил этса, шундан 1 минг 100 таси иш билан таъминланишга муҳтож. Улар доимий иш билан таъминланди, қолгани белгиланган режа асосида моддий рағбатлантирилиб келинмоқда. 258 нафар ана шундай муҳтож аёлларга уй берилди.

-Бир неча ой аввал Самарқанд вилояти, Самарқанд туманида жойлашган, кўпчиликка маълум бўлган “мардикор бозори”га бордингиз. У ердаги вазият билан танишдингиз. Кейинчалик мана шундай ҳудудларда меҳнат ярмаркалари ўтказилиши ҳақида хабар чиқди. Сизнингча, мазкур меҳнат ярмаркалари хотин-қизлар бандлигини таъминлашда, муаммони бартараф этишда қанчалик ёрдам беради?
-Ўша ҳудудга кўп маротаба борганман. Ваъда берганимдек, Самарқанд вилояти Бандлик ва меҳнат муносабатлари бошқармаси билан биргаликда меҳнат ярмаркаси ўтказилди. 50 нафар аёл билан гаплашдим. Уларнинг аксар муаммолари жойида ҳал бўлди. 52 нафар хотин-қиз тавсия қилинган жойларга ишлаш учун йўлланма олди. Энг асосийси уларга бугунги кунда хотин-қизлар учун имтиёзлар, шароитлар, хусусан, қўмитанинг фаолияти тўғрисида ахборот берилди.

Шу ўринда таъкидламоқчиман, Самарқанд вилоятида умумий ишсиз аёллар 30 мингдан ортиқ. Лекин уларнинг барини ишсиз деб бўлмайди. Ўз уйида томорқа ишлари, тикувчилик билан даромад топаётган аёллар ҳам бор. Халқаро меҳнат нормаларига кўра, кун мобайнида 2 соат иш билан банд бўлган инсон ишсиз ҳисобланмайди. Жорий йилнинг ўзида 20 минг аёл иш билан таъминлаш рўйхатига олинган бўлса, 13 мингдан ортиғини иш билан таъминлашга эришдик. Қолаверса, тадбиркорликка истаги ва қобилияти бўлган хотин-қизларга имтиёзли кредит бериш орқали уларни ишга банд қилиш чораси кўрилмоқда.
photo_2019-10-14_14-44-35.jpg
-Хорижга ишлаш учун кетаётган аёллар масаласи ҳам бор. Аёлнинг уйда йўқлиги фарзанд тарбиясида салбий таъсир кўрсатибгина қолмай, вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг кўпайишига сабаб бўлади. Бу борада вилоятда қандай ишлар олиб борилмоқда?
-Статистикага кўра, ҳар йили 50-55 минг нафар аёл хорижга ишлаш учун чиқиб кетади. 50 минг нафарга яқини эса маълум муддат даромад топганидан кейин қайтиб келади. Фарзандларини васийлик ва ҳомийлик тайинламаган ҳолда чиқиб кетиш ҳолатларида энг кўп болалар азият чекади.

Яқинда бир воқеа бўлиб ўтди. Қабулимга эркак киши: “аёлим Туркияга ишлаш учун чиқиб кетяпти, 3 та болам бор, тўсқинлик қилолмаяпман. Илтимос, уни бу йўлдан қайтаришда ёрдам беринг” деган мурожаат билан келди. Биласизми, ўша инсон устачилик қилиб ойига 6 миллион даромад топар экан. Ҳаттоки, аёлнинг ота-онаси ҳам келди. Биз шу аёлни тўхтатиб қолдик. Қандай қилиб? Болани ташлаб кетган онанинг устидан ота судга шикоят аризаси киритишга ҳаққи бор. Шу орқали аёл чет элга кетишдан қайтарилди. Лекин бу ҳам ечим эмас. Ҳақиқатдан, оила эркак кишининг масъулиятсизлиги, ҳеч қандай даромад олиб келмаслиги ҳолатлар ҳам бор. Бунда фақат аёл кишини айблаб бўлмайди.

Бугун иккала томон ҳам келишган ҳолда биргаликда ишлаб даромад топиш ҳуқуқига эга. Бу эса эр ва хотиннинг бир-бири билан иноқлигига, ўзаро тушинишига боғлиқ.

-Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, дунёдаги ҳар учинчи аёл ҳаёти давомида у ёки бу турдаги зўравонликка дучор бўлади. Ўзбекистонда хотин-қизларга асосан кимлар томонидан тазйиқ ўтказилади?
-Мазкур йўналишда ижтимоий тармоқларда тарқалган материаллардан келиб чиққан ҳолда статистика юритдим. 600 нафардан ортиқ аёллар тазйиқ ва зўравонликка учраган. Уларга ўз оиласи яъни турмуш ўртоғи, қайнона, қайнсингил томонидан зўравонлик қилинган. Айрим ҳолатларда учинчи шахснинг аралашуви, айрим пайтлар эса эркак кишининг ичкиликка берилганлиги оқибатида аёлини уриш, дўппослаш каби тан жароҳатлари етказилган.

Мурожаат билан келадиган фуқароларнинг 70 фоизини оилавий масалалар ташкил этса, шундан 20 фоизини тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар ташкил этади. Эркак киши ўз аёлининг жонига қасд қилишга уриниши, жароҳат етказиши битта бўлса ҳам мавжудлиги — бу ачинарли ҳолдир.

СУҲБАТНИ БАТАФСИЛ ҚУЙИДАГИ ВИДЕОЛАВҲАДА ТОМОША ҚИЛИНГ.


Мавзуга оид