Жаҳон 196 30.11.2019 09:48:57

Фаластин ўз ҳуқуқи йўлидаги курашни давом эттиради(сиёсий шарҳ)

Фаластин ўз ҳуқуқи йўлидаги курашни давом эттиради(сиёсий шарҳ)

БМТнинг 1977 йилдаги қарорига асосан 29 ноябрь – Фаластин халқи билан халқаро бирдамлик куни сифатида нишонланади. 1947 йилнинг худди шу куни БМТ Бош Ассамлблеяси Фаластин ерларида иккита давлат тузиш таклифини илгари сурган ва аммо ҳанузгача Исроилдан фарқли ўлароқ, Фаластин давлати тузилмагани сабабли, бу жафокаш халқ билан бирдамлик куни сифатида сана белгиланди. Шу муносабат билан Фаластин давлати раҳбари Маҳмуд Аббос БМТ Бош котиби, Бош Ассамблея раҳбари ва бутун халқаро жамоатчиликка мурожаат йўллади.
70 йилдан кўпроқ вақт мобайнида Фаластин халқи кўплаб фожиа ва инқирозларни бошдан кечирди. Одамлар жароҳат, дард-алам орттирди, еридан ҳайдалди; ўз тарихи, ватани ва муқаддас жойларини ҳимоя қилиш баробарида ўлдирилди, қамоқларга ташланди. Шунга қарамай, улар БМТ резолюцияларига мувофиқ, миллий орзу ва мақсадлари, эътиқодлари ва ўзларининг ҳар кунлик курашларига содиқ бўлиб қолмоқдалар. Босқинчи мамлакат ҳар қанча зулм-зўравонлик қилмасин, Фаластин халқи таслим бўлмайди ва адлу инсоф тамойили ҳамда халқаро ҳуқуқ меъёрларига таяниб озодлик йўлидаги курашни давом эттиради. Бу ҳақда мазкур давлат раҳбари Маҳмуд Аббос 29 ноябрь – Фаластин халқи билан халқаро бирдамлик куни муносабати билан берган расмий баёнотда сўз боради. Қайд этилишича, Фаластин Исроил билан зиддиятни ҳал этишда биринчи навбатда халқаро ҳуқуқ тамойилларига суянади. Истилодан халос бўлиш йўлида тинч тарздаги кураш ва сиёсий музокаралардан тўхтамайди. “Биз можарони ечиш учун арбитр сифатида халқаро қонунчилик ва халқаро ҳуқуқни қабул қилдик. Биз мустақилликка, оккупация ва можарони тўхтатишга олиб борадиган тинчлик келишувига ва якуний мақомга эришиш борасидаги барча масалаларнинг ечилиши усули сифатида музокаралар олиб бориш, сиёсий ҳаётда ва тинч халқ қаршилик кўрсатишда иштирок этиш аҳдида қатъиймиз”, - дейди Маҳмуд Аббос.

«Осло битими имзолангандан буён ҳудудимизни босиб олган Исроил фақат ғирром усул ва тактикани қўлламоқда. Бундан ташқари, Исроил бош вазири икки давлат мавжудлигини қабул қила олмаслигини билдириб, аннексия ва босиб олинган ҳудудимизга аҳоли кўчиришни давом эттирди. У бошчилигидаги маъмурият давлатимиз пойтахти – Шарқий Қуддуснинг ўзига хослиги ва тийнатини кескин ўзгартиришга уринмоқда», – дейди Фаластин етакчиси. Қайд этилишича, икки ўртадаги битимлар бузилиб, Фаластин шаҳарлари ташқи дунёдан иҳоталаб қўйилди. Оқибатда эса халқ азият чекди, иқтисодиёт издан чиқди, мамлакат табиий бойликлари хомталаш бўлди.

Барча сиёсий, иқтисодий келишувлар ва улар билан хавфсизлик келишувлари бузилди. Икки ҳафта муқаддам АҚШ давлат котиби босиб олинган Ғарбий соҳил, жумладан, Шарқий Қуддусдаги яҳудий манзилгоҳлари халқаро ҳуқуқ нормаларига зид эмаслигини эълон қилди. Бу позиция халқаро ҳамжамият томонидан рад этилди. Ушбу баёнот беҳуда, ноқонуний ҳисобланиб, юридик кучга эга эмас ва тўлалигича халқаро ҳуқуқ ва БМТ резолюцияларига, шу жумладан, Хавфсизлик Кенгашининг резолюцияларига тўла зиддир. Ушбу масалани баҳсли мавзу деб эътироф этаётган Исроил Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғида яхудийлар учун манзилгоҳлар қуриш сиёсати давом эттириб, шу пайтгача 600 мингга яқин яхудийлар кўчиб келтирилди. Шу билан бирга Ғарбий қирғоқда 2 миллион 200 мингдан зиёд фаластинлик истиқомат қилаётганини таъкидлаш жоиз. Фаластиннинг норозилигига сабаб бўлаётган омил шундаки, у Шарқий Қуддус, Ғарбий соҳил ва Ғазо секторида ўзининг мустақил давлатини тузмоқчи.

“Мен қайтараман, биз БМТнинг резолюцияси ва қарорлари асосида 1967 йилги чегараларда икки давлат ташкил этиш борасидаги адолатли тинчликка розимиз. Биз ҳеч қачон музокаралар олиб боришдан бош тортмаймиз, шунинг учун ҳам 2018 йилнинг февралида БМТ Хавфсизлик Кенгашига халқаро тинчлик конференциясини ўтказиш, томонларга музокараларда барча муаммоларни ечишда кўп томонлама халқаро механизмларни яратиш юзасидан ўзимизнинг тинчлик ташаббусимизни тақдим этганмиз. Кўп йиллик умидсизлик ва омадсизликларга қарамай, биз халқаро ҳуқуқни ҳурмат қиладиган ва ҳурматни таъминлайдиган кўп томонлама тартиботга содиқ бўлиб қоламиз. Фаластин давлати бундан кейин ҳам халқаро ҳуқуқий тартиботларни мустаҳкамлаш уринишларида, шу жумладан, халқимизнинг, айниқса, аёллар ва ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш йўли орқали иштирок этади”- деди Фаластин етакчиси сана муносабати билан эълон қилган баёнотида.

Айни ўринда тарихга, мозийга мурожаат қилиш фойдадан ҳоли бўлмайди. 1947 йил 29-ноябрда БМТ Фаластинда икки давлат — Исроил яҳудий ва Фаластин — араб давлати ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилди. Версал конференсиясидаёқ (1919-йил) Фаластин ерларининг мустамлакачиси Буюк Британия Фаластинни бошқариш ва у ерда яҳудийлар давлатини ташкил этиш мандатини олган эди. Бу даврда Фаластинда 100 мингга яқин яхудий яшарди.

1942 йили Фаластиндаги яҳудийлар сони 0,5 млн га етди. Улардан яхши ҳарбий тайёргарликка эга, АҚШ ва Буюк Британия томонидан замонавий қуроллар билан қуроллантирилган армия тузилди.Яҳудийлар араблар учун ажратилган ҳудудларни ҳам ишғол қилиб олдилар. 1948 йилнинг 14-майида яҳудийлар раҳнамоси Бен Гурион Исроил давлати тузилганлигини эълон қилди. Тел-Авив шаҳри бу давлатнинг пойтахти бўлиб қолди. Фаластин араб давлати эса тузилмай қолди. Бунинг оқибатида 1948-йил биринчи Исроил-Араб уруши юз берди. Бу урушда иштирок этган араб давлатлари армияси енгилди. Чунки улар қолоқ, замонавий армияга эга бўлмаган давлатлар эди. Яҳудийлар Фаластин арабларини ўз ерларидан қувиб чиқара бошлади. Бунинг натижасида ярим млн фаластинлик араблар Ливан давлати ҳудудига қочиб ўтишга мажбур бўлди. Дунё яхудий ташкилотлари кўрсатган молиявий ёрдам, Германиянинг Исроилга тўлаган 1 млрд. доллар миқдоридаги товони ҳамда АҚШ кўрсатган катта ёрдам туфайли Исроил қисқа вақт ичида қудратли армияга эга давлатга айланди.

1967-йилнинг 5-июнида Исроил Мисрга яна ҳужум қилди. Бу урушда Миср армиясига жуда катта талафот етказилди. Уруш 6 кун давом этди. Шу давр ичида Исроил ўз ҳудудидан икки баравар катта бўлган араб давлатлари ҳудудларини босиб олди. Бу ҳудудлар кейинчалик аннексия ҳам қилина бошланди. Миср Синай ярим оролини, Сурия Жўлан тепалигини, Иордания эса Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғини бой берди. 1967 йил Суданда араб давлатлари раҳбарларининг олий даражадаги учрашуви ўтказилди. Учрашувда Исроил билан музокара ўтказмаслик; Исроилни тан олмаслик ва у билан сепарат тинчлик шартномасини имзоламаслик ҳақида қарор қабул қилинди. Айни пайтда, агар Исроил давлати Фаластин араб халқига ўз давлатини тузиш имконини берса ҳамда босиб олинган ерларни қайтарса, бу қарорни бекор қилиш мумкинлигини қайд этди. Исроил иттифоқчилари катта миқдорда ёрдам кўрсатишни давом эттирдилар. 1969—1979-йиллар оралиғидаги 10 йил ичида Исроил 20 млрд. долларлик ёрдам олди. Ҳукумат босиб олинган ҳудудларга яҳудийларни жойлаштириш сиёсатини юритди. Араб давлатлари ҳам ўзларининг ҳарбий салоҳиятларини мустаҳкамлаш чораларини кўрдилар. СССР уларга зарур ҳарбий техника етказиб берди. 1973-йил 6-октябрида яна араб-исроил уруши бошланди. Шу куни Миср-Сурия армияси Исроилга ҳужум қилди. Араб қуролли кучлари биринчи бор Исроилни оғир аҳволга солиб қўйди. Айни пайтда Фаластин Озодлик Ташкилотининг халқаро обрўси ошиб борди. 1974-йилда араб давлатлари уни фаластин араб халқининг ягона вакили, деб тан олдилар. ФОТга БМТда кузатувчи мақоми берилди. Исроилнинг оғир аҳволга солиб қўйилиши унинг иттифоқчиларини бефарқ қолдирмади. 1979-йилнинг 26-мартида АҚШ Исроил ва Миср ўртасида сепарат Кемп-Девид (АҚШ) битими имзоланишига эришди. Унга кўра, Исроил ўз қўшинларини 1982-йил апрелгача Синайдан олиб чиқиб кетишга розилик берди. АҚШ ҳар икки давлатга иқтисодий-ҳарбий ёрдам кўрсатиш мажбуриятини олди. Араб экстремистлари Миср Президенти Анвар Садатнинг бу сиёсатини сотқинлик деб баҳолади ва 1981-йилнинг 6-октябрида уни ўлдиришга муваффақ бўлдилар. 1980—1990-йилларда араб давлатлари ўртасида Яқин Шарқ масаласида бўлиниш юз берди. Бой араб давлатлари — Саудия Арабистони, Қувайт, Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ва Уммон давлатлари муаммони Исроил билан келишув орқали ҳал этиш кераклигини ёқлаб чиқдилар. Иордания ва Ливан ҳам кейинчалик шундай қилди. Сурия ва Ироқ эса тинч келишув йўлини инкор элдилар. 1994-йилдан бошлаб Яқин Шарқ муаммосини ҳал этиш янги босқичга кирди. Исроил Фаластин миллий автономиясини тузишга ижозат берди. Бироқ бир қанча музокаралар ўтказилса-да, Фаластин давлатини тузиш муаммоси ҳамон очиқлигича қолмоқда. 2005-йилда Ёсир Арофат вафот этгач Маҳмуд Аббос бу ишни давом эттирмоқда.

Фаластин байроғи БМТда алоҳида мамлакат тимсоли сифатида ҳилпираб турибди. Маҳмуд Аббос бошлиқ давлат бу орган томонидан тан олинди. Исроил билан тинчлик жараёнининг чўзилганидан хафсаласи пир Фаластин БМТ Хавфсизлик Кенгаши қўмитасига уни тўлиқ аъзо сифатида қабул қилиш тўғрисида ариза топширган эди. Аммо иш қўмитадан нарига ўтмади. Фаластиннинг БМТдаги мақомини ошириш таклифини, асосан, ривожланаётган давлатлар қўллаб-қувватлади. Европанинг айрим давлатлари ҳам ҳужжатни ёқлади. Баъзилари, масалан, Британия бетараф, АҚШ ва Исроил эса қарши овоз берди. Агар Фаластин БМТнинг тўлиқ аъзосига айланса, Фаластиннинг халқаро саҳнадаги позицияси кучаяди. Исроил билан ҳеч бир шартсиз музокара қилиш осонлашади. Мақом ошиши билан Фаластиннинг БМТ доирасидаги халқаро битимларга ва ташкилотларга қўшилишига имкон яратилади. Масалан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро меҳнат ташкилоти ва энг муҳими, Халқаро жиноий судга. Агар Халқаро жиноий суд Фаластинни қабул қилса, мухторият ундан Исроилнинг Фаластин ҳудудларидаги ҳаракатларини тергов қилишни сўраши мумкин бўлади.

Бироқ Қўшма Штатлар бу ишга қарши ва давлатчиликка эришишнинг ягона йўли Исроил билан музокара, деб келади. Шартларига кўнгани учун ҳам Вашингтон Фаластинга ҳар йили молиявий ёрдам кўрсатиб келарди. Масалан, 2012-йилда Фаластин учун ёрдам тариқасида 500 миллион доллар ажратган. Аммо ЮНЕСКО Фаластинни ўз сафига қабул қилгани учун Вашингтон Фаластига кўрсатилаётган ёрдамни тўхтатди. Бу эса бюджетда ҳар йил камида миллиард долларлик камомадга юз тутган Фаластинни янада қийнаб қўйди. Шунга қарамай, Фаластин ўз танлаган йўлидан боришга, масалани халқаро ҳамжамият муҳокамасига чиқаришга мажбур. Чунки шу пайтгача унинг дардига ҳеч ким қулоқ солмади, ноласини жиддий қабул қилишмади ва натижада фаластинликларнинг позицияси анча заифлашди.

Хуллас, Фаластин–Исроил зиддияти энг кўп муҳокама этилаётган, аммо ҳали-ҳануз ечимини топмаётган мураккаб-мушкул масалалар сирасига киради. БМТ бош котиби Антониу Гутерришга кўра, зиддият ўзаро соғлом музокара, тоза эътиқод ва халқаро меъёрларга асосан ҳал этилиши керак. Ўзбекистон томони ҳам Фаластин халқи билан унинг ўз суверен давлатини ташкил этиш интилишлари борасида бирдам ва Фаластиннинг Яқин Шарқдаги можароларни тинчлик музокаралари ўтказиш йўли билан бартараф этиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди.

Абдували Сайбназаров,
Human.uz колумнисти  


Мавзуга оид