Жаҳон 236 26.11.2019 11:57:29

Ички ва ташқи босимлар остидаги Эрон

Ички ва ташқи босимлар остидаги Эрон

Эрон Ислом Республикасида бензин нархи ошганидан ғазабга келган оломон кўчаларга чиқди. 40 йилдан бери халқаро санкциялар қаршисида тишини-тишга қўйиб, чидаб келаётган ватанпарвар эронликларни тўхтатиб бўлмай қолди. Қадимий ва кўҳна шаҳар Шерознинг марказий майдони анча пайтлардан бери бу қадар катта издиҳомга мезбон бўлмаган эди. Биргина Шерозда эмас, Ислом Республикасининг камида 20 та шаҳрида одамлар “Ўлим! Ўлим! Диктаторга ўлим!” шиорларини кўтариб чиқишди. Намойишчилар мамлакатнинг олий диний раҳбари оятуллох Али Ҳаманаи портретларини ҳам ёқишга киришди. Ҳар ерда бузилган давлат ва хусусий инфратузилмаларни, ёнган уйлар, банклар, ёнилғи қуйиш шахобчаларини учратиш мумкинлигини жаҳон матбуоти кенг шарҳлади. Расмийлар берган маълумотга қараганда, 12 нафар норозилик намойиши иштирокчиси ва хавфсизлик кучлари ходимлари ҳалок бўлган, 600 киши қамоққа олинган. Amnesty International ташкилоти вакилларининг ҳисоб-китобига кўра, камида 106 инсон қурбон бўлган. Ваҳоланки, Эроннинг ҳукуматга қарашли ОАВ фақат бир нафар полиция ходими ўлим топганини қайд этди. Юз берган ҳодисалар саҳнида Эрон армиясининг илғор бўлинмаси — Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси мамлакат улкан зиён кўрганини айтиб, агар исён тўхтамаса, норозиларни куч билан бостириш борасида огоҳлантирди. Шундан кейин намойишчилар икки кун ўтиб тинчиди.

Норозилик чиқишларига бензин харидини чеклаш, бензин нархига субсидия қисқариши ва унинг нархи кескин кўтарилиши борасида ҳукумат эълон қилган қарор сабаб бўлди. 15 ноябрь куни ҳукумат ёнилғи нархини икки баробар оширишга фармойиш берди: энди бир литр бензин 15 минг риёл (0,2 цент) туради. Автомобилчилар шу нархда ойига 60 литрдан ортиқ бензин сотиб ололмайдилар, чекловдан ортиқ бензин эса 30 минг риёлдан сотилади. Ҳукуматнинг баёнотига кўра, нарх ошишидан олинадиган даромадлар 18 миллион эронлик оилаларни субсидиялашга йўналтирилади. Таъкидлаш керакки, шу пайтгача дунёдаги энг арзон бензин Эронда сотилган.

Норозиликлар бошланганидан кейин расмийлар позицияни бироз юмшатдилар. 18 ноябрь куни нархлар ошишидан энг кўп жабр чеккан аҳолининг энг қашшоқ қатламига қўшимча тўловлар ажратилиши эълон қилинди. Уларга биринчи ҳафтада 2 миллион риёлгача (18 доллардан) ажратишга ваъда беришди, ундан кейин субсидиялар ҳар ойда ажратилиши белгиланди. Шунга қарамай, бу қарор фуқароларнинг умумий кайфиятига таъсир кўрсатмади, норозиликлар давом этди.

Ғазаб ва нафрат илдизи узоқларга бориб тақалади. Эронда узоқ йиллардан бери оғир иқтисодий вазият ҳукмрон. Тадқиқотларга кўра, 2016 йилда айрим провинцияларнинг 40 фоизга яқин аҳолиси қашшоқлик остонасида кун кечирган. Бироқ ҳатто ўшанда мамлакатдаги вазият ҳозиргидан кўра яхшироқ бўлган.

Ҳамма муаммо нефт деб аталмиш “балода”. “Қора олтин” Эрон иқтисодиётининг пойдевори ҳисобланади, шу сабабли нархларнинг ҳар қандай тебраниши мамлакатга таъсир кўрсатади. АҚШнинг 2018 йил май ойида киритган жазо чоралари жиддий муаммо туғдирди: Америка Эрон ядровий дастурига оид қўшма умумҳаракатлар режаси келишувидан бир томонлама чиқиб кетганидан кейин Вашингтон Эрон нефти экспортига тўлиқ эмбарго ўрнатди. Натижада Вашингтон санкцияларидан қаттиқ зарар кўришдан чўчиган Теҳроннинг асосий нефть харидорлари “қора олтин” сотиб олишни кескин камайтирди. Натижада Эрон ялпи ички маҳсулоти ўсиши 3,8 фоизгача пасайди. Экспертлар пасайишнинг яна давом этишини башорат қилмоқда. 2021 йилда ЯИМ ўсиши икки мартага қисқариши кутилади. Америкалик мутахассисларнинг айтишича, санкциялар туфайли Ислом Республикаси 50 миллиард долларгача зиён кўрди.

Мамлакатнинг яна бир жиддий муаммоси — ёшлар ўртасида ишсизликнинг юқори даражаси ҳисобланади, 2019 йили бу борадаги кўрсаткич 28 фоизга етди. Умуман олганда, эронликлар санкциялар оқибатида катта иқтисодий босимга учраган, аҳвол абгор, кўплар учун нархлар кўтарилиши сўнгги томчига айланди. Мамлакат аҳолисининг 60 фоиздан кўпроғи 30 ёшга етмаган ёшлар эканлигини инобатга олсак, муаммо нақадар хатарли нуқтага етганлигини кузатишимиз мумкин.

Дарвоқе, оғир иқтисодий вазият билан боғлиқ норозиликлар мамлакат учун янгилик эмас: Эрон бу каби ҳодисаларни 2017-2018 йиллар остонасида ҳам бошдан ўтказган. Ўшанда ҳам одамлар кўчаларга ҳозирги каби шиорлар билан чиқиб, аввал ички муаммоларни ҳал қилиш, кейин ташқи сиёсатга эътибор қаратиш хусусида бонг урганлар.

Ўхшаш кайфиятлар бугун ҳам кузатилади. Одамлар Ҳаманаи режимининг ташқи кампанияларга ҳомийлик қилиш, Яқин Шарқдаги таъсирини кучайтириш, Ливанданги Ҳизбуллоҳ каби ташкилотларни молиялаштириш ишларига бош қўшаётганидан норози. Аста-секин ислоҳотлар талаби Оятуллоҳ шаънига айбловлар ёғдиришга айланди. Тобора ёмонлашиб бораётган иқтисодий вазиятни кузатиб бораётган Вашингтон Ҳизбуллоҳ сингари Эрон “малайлари” молиялаштиришнинг қисқаришидан азият чекаётганини айтиб, “тиржайиш”га тушди. Бу бор гап — шиалар ҳаракати ҳақиқатда моддий ёрдам йиғиш чақириғи билан чиқди. Бир ой ичида икки миллион доллар пул тўпланди. Боз устига Эрон ислом инқилоби қўриқчилари кенгашининг Ироқ ва Сурияга йирик миқдорда нефт контрабандасини амалга ошираётгани борасида миш-мишлар тарқалди. Вашингтонга ҳар жойда қаршилик кўрсатишга уринаётган Теҳроннинг бошқа мамлакатлар ҳукуматлари ва армияларида ўз одамларини тиқиштираётгани эронликларни мамнун қилаётгани йўқ. Уларга 40 йил олдин амалга оширилган ўзларининг инқилоблари ҳам етиб ортади. Ўшанда аввалги диний раҳбар оятуллоҳ Имом Ҳумайний агар эронликлар ортидан эргашса, мамлакатдаги иқтисодий вазият изига тушиши борасида ваъда берди. Энди кўчаларга чиққан одамлар аҳдга вафони талаб қилишаётгани аниқ.

Аввалги норозиликларни ёритган ва бугунги Эронни кузатиб бораётган америкалик журналистлар бир овоздан бу галги инқилоб Ҳаманаи режими учун сўнггиси эканлигини таъкидламоқдалар. Охирги ҳокимият алмашинуви 1979 йилда юз берди. Норозиликлар деярли бир йил давом этди, одамлар иқтисодий ислоҳотларни талаб қилишди. Ўшанда Эрондаги вазият боши берк кўчага кириб қолди. Озиқ-овқат билан боғлиқ доимий муаммолар юзага чиққан, ҳукумат қишлоқларни унутиб шаҳарларни ривожлантиришга зўр берар, ерсиз деҳқонлар шаҳарга кўчиб кетишга уринар, бироқ ҳатто йирик шаҳарларда иш топа олишмасди.

Намойишчилар шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавийнинг истеъфосини талаб қилишди. У мамлакатни якка ёлғиз бошқариб, на ҳукуматга ва на оддий халққа қулоқ тутарди, мухолиф партияларни таъқиқлаб, барча норозиликларни шафқатсизларча бостирарди. Шоҳни уни ҳокимиятга олиб келган на америкалик маслаҳатчилар, на қатағончи аппарат қутқара олди. У мамлакатдан қочишга мажбур бўлди.

aa5451bdbe3f401b8fa58c8b00d95055_18.jpg

Норозилар подшоҳликни бекор қилиб, ўша пайтгача Францияда сургунда яшаган Имом Ҳумайнийни янги администрацияга бош қилиб қўйишди. Айнан у одамларни давлат бошқарувини ўзгартиришга ва шоҳни ағдариб ташлашга чақирган эди. 1979 йилда Эрон биринчи Ислом Республикаси сифатида эълон қилинди.

Вашингтон эса шоҳни қочишга кўндириб, мамлакатдаги таъсир дастакларини тиклашга уринди. Бу муваффақият келтирмади. Эронликлар 1953 йили Америка ва Британия махсус хизматлари ташкил этган давлат тўнтаришини ҳали эсдан чиқармаган ва кечирмаган ҳам эдилар. 1979 йилда Америка элчихонасини ишғол қилган эронлик талабалар АҚШнинг мамлакат ички ишларига аралашувига йўл қўймасликка ваъда берди.

Орадан 40 йил ўтдики, Теҳрон зарбани қайтаришда давом этмоқда. 20 ноябр, норозиликларнинг олтинчи кунида Эрон президенти Ҳасан Руҳоний “минтақанинг реакцион кучлари, сионистлар ва америкаликлар” яна ҳукуматни ағдариб ташлашга уриниб, намойишларга аралашдилар, бироқ Эрон халқи ғалаба қозонганини айтди. Мамлакатдаги кескинлик аста-секин ўз измига тушиб борар экан, президент Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига воқеаларни текшириш топшириғини берди. Бу Эрон ҳукуматининг хорижий аралашув борасида текширув ўтказиш юзасидан бераётган биринчи топшириғи эмас. Масалан, 2018 йилнинг июлида “Моссад” — Исроил сиёсий разведкасининг агентлари 6,5 соат ичида Эрон ядровий дастурига оид ярим тонна махфий материалларни ўғирлаб кетишга муваффақ бўлганлар. Ана шу ерда мавжуд бўлган маълумотлар асосида Исроил АҚШга ядровий дастурга оид келишувлардан чиқишни маслаҳат берган. Доналд Трамп маслаҳатга қулоқ тутди. Натижа эса маълум.

Бундай вазият янги саволларни кун тартибига қўяди. Ташқи душманлар нима учун мамлакат ички ишларига шунчалик осонлик билан аралашади? Бироқ саволлар жавоби осон эмас. Нафақат АҚШ ва Исроил, балки кўп йиллар илгари мамлакатдан қочган, шоҳ режими билан алоқадор муҳожирлар ва радикал ташкилотлар ҳам режим душманлари. Масалан, шоҳ Паҳлавийнинг қонуний меросхўри, шаҳзода Ризо оятуллоҳни кескин танқид қилади ва бевосита ҳозирги норозиликларга таъсир кўрсатган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинади. Твиттердаги саҳифасида ёзади: “Сизлар бу режимга қарши турмоғингиз керак, у Эрон халқи тарихи ва маданиятига хиёнат қилмоқда. Оятуллоҳ фақат ғазаб ва нафрат, камситиш уруғини тарқатишга уринмоқда”. Унинг бу қўзғолонга алоқаси йўқдир. Аммо бу галги акциялар сўнгги йиллардаги энг йириги бўлди. Агар 2017 йилда 25 нафар инсоннинг ўлими хабар қилинган бўлса, ҳозир ёстиғи қуриганлар сони камида 106 нафар эканлиги айтилмоқда.

Эрон намойишлари ҳақида гапирганда танганинг орқа томонини ҳам ёддан чиқармаслик лозим. Айрим провинцияларда ҳукуматпараст одамлар режимни ҳимоя қилиб кўчаларга чиқди. Улар назарида исёнчилар душман хизматкорлари. Бироқ одамлар нефт нархининг ошиши ортидан озиқ-овқат нархи кўтарилишидан хавотирга тушаётганини ҳам унутмаслик керак. Мамлакатда АҚШ санкциялари оқибатларини енгиш осон бўлмаяпти.

Бугунги кунда Интернет ва ижтимоий тармоқлар дунё миқёсида оммавий чиқишларга ва давлат тўнтаришларига сабаб бўлаётгани айни ҳақиқат. Шунинг учун қанчалар танқидлар ёмғири остида қолмасин, ҳокимият намойишларнинг биринчи куниданоқ интернетни ўчириб қўйди. Фақат 21 ноябрь куни у қисман тикланди. Энди аҳолининг 10 фоизи тармоқларга кира олиши мумкин. Ҳукумат қарорини тушунса бўлади: у 2011 йилдаги “араб баҳори” такрорланишини истамайди. Биласиз, ўшанда бутун Яқин Шарқ ёшлари норозилик намойишларига чиқди, улар ҳақидаги маълумотлар Twitter орқали тарқалди. Гарчи намойишлар чоғида Хаманаини йўқ қилиш чақириқлари онда сонда учраган бўлса ҳам, одамлар 1979 йилги воқеалар такрорланишини истамайдилар, оддий халқ инқилоблар фақат қашшоқликка, оммавий қотилликларга олиб келишини яхши тушунади. Муайян номлардаги турли давлатлардаги “рангли инқилоблар”, олайлик, Украина, Грузия, Қирғизистон, Сурия, Тунис каби мамлакатлардаги тўнтаришлардан ҳали бу мамлакатлар халқи ўзига келганича йўқ. Тўғри одамлар иқтисодий ўзгаришларни хоҳлайди. Аммо Вашингтоннинг Эрон жамияти ўртасига нифоқ солиш уриниши аксинча, уларнинг жипслашувига хизмат қилмоқда холос. Масалан, АҚШнинг Эрон ислом инқилоби қўриқчилари корпусини террорчи ташкилотлар сафига киритиш қарорини халқ бир овоздан қоралади. Эрон халқида яхши маънодаги миллатчилик бор. Улар ички муаммолар қаршисида ўзаро бўлиниши мумкин. Аммо ташқи хавфу-хатарлар қаршисида бирдам. 2017 йилги намойишлар пайтида Қўшма штатлар раҳбари Доналд Трамп шундай ёзган эди: “Эрон халқи ниҳоят шафқатсиз ва коррупциялашган режимга қарши бош кўтарди. Барча пуллар террорчилар чўнтагига келиб тушди. Одамларда деярли егулик йўқ, мамлакатда инфляция кучли, ҳеч қандай инсон ҳуқуқлари йўқ. АҚШ кузатиб боради!”. Афтидан, ҳали кўп кузатишга тўғри келади. Эрон президенти Ҳасан Руҳоний айтганидек, “одамлар душманларига ўз ҳиссиётлари устида ўйнашга имкон бермайди”. Мамлакатдаги вазият таранг. Бу йил Эрон ислом инқилобининг 40 йиллигини нишонлади. Аввалига, Исломий Инқилоб узоқ яшаб қола олмайдигандек туйилган эди, аммо у жон сақлаб келмоқда. Сайлов ортидан сайлов ўтиб, миллионлаб эронликлар либерал ва консерватив сиёсий қарашлар қоришмасига эга номзодларни танламоқдалар. Бора-бора ҳокимиятга либерал шахслар келмоқда. Аммо улар ҳукумат тепасига келгандан сўнг консерватив руҳдаги тузумни ўзгартира олмаётир. Эрон конституцияга таянган ҳолда, уламолар, Инқилоб қўриқчилари ва бошқа консерватив кучлар, ҳокимиятга ким келмасин, деярли барча нарсани ўз назорати остида сақлаб қолишга муваффақ бўлмоқда. Олий руҳонийнинг обрўси ва таъсири ҳар қандай сайланган президентникидан юқоридир. Консерватив кучлар эса ҳокимиятни қўлдан чиқариб юбормаслик йўлида бор имкониятини ишга солади.

iran-regime-protests.jpg

Эрон мусулмонларининг 90 фоиздан зиёдроғи шиа мазҳабига мансуб. Улар 1979 йилда шоҳ тузумини ағдариб ташлаб, бутун Ислом дунёсини ларзага солган эди. Эрон инқилобидан руҳланган Ливан ва Форс Кўрфазининг айрим қисмларида жойлашган мамлакатлар шиалари ўзининг жамиятдаги энг қуйи қатлам эканини тан олишни бас қилиб, янада кўпроқ нуфузга эга бўлишга интилмоқда. Ғарб томонидан қўллаб-қувватланган шоҳнинг ағдарилишини олқишлаган бўлса ҳам, минтақада яшовчи суннийлар бундай ҳолатдан қаттиқ хавотирга тушди. 1980-1988 йиллар давомида Эрон Ироқ билан қонли уруш олиб борди. Ҳар икки тузум ҳам жон сақлаб қолишга зўр бериб, ҳаракат қилди. Аммо 2003 йилда АҚШнинг Ироққа бостириб кириб, сунний озчилиги ҳокимиятини парчалаб ташлаши ортидан мамлакатни Эрон қўлловини олган шиалар бошқаришга киришди.

Мамлакат 40 йил ичида мунтазам инсон ҳуқуқлари ва айниқса, аёллар ҳуқуқларига эътиборни кучайтириб келади. Исломий Республика аёлларнинг кийинишига қаттиқ тургани билан Саудия Арабистонидек аёллар ҳуқуқларини қўпол равишда оёқости қилмайди. Эрон аёллари бемалол бизнес билан шуғулланади, мол-мулкка эгалик қилади, машина ҳайдайди ва муҳим сиёсий амалларни эгаллаган. Жорий ҳукумат инқилобдан бери анчайин либераллашган. Эҳтимол, Оятуллоҳ Ҳумайний бундай ҳолатга йўл қўймаган бўлур эди, аммо айнан муросасозлик йиллар мобайнида Исломий Республикани қулашдан сақлаб келди. Бугун ҳам либерал ва консерватив йўналишдаги сиёсатчилар ўртасида мамлакатни бошқариш юзасидан шаклланган мўрт муроса ҳали мавжуд экан, Ҳумайнийнинг инқилоби жон сақлаб қолаверади.

Абдували САЙБНАЗАРОВ,
Human.uz колумнисти


Мавзуга оид