Жаҳон 187 30.10.2019 18:19:47

“Тарихий адолатми” ёки геосиёсат резолюцияси?

“Тарихий адолатми” ёки геосиёсат резолюцияси?

(сиёсий шарҳ)

АҚШ Вакиллар палатаси душанба куни арманлар геноцидини тан олиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди. Резолюция тавсиявий хусусиятга эга бўлишига қарамай, конгрессменларнинг бу қадами АҚШ ва Туркия муносабатларини жиддий мураккаблаштириши мумкин.

Резолюция учун палатанинг 405 нафар аъзоси овоз берди, 11 нафари қарши чиқди. Когрессменлар резолюциянинг тезлаштирилган тартибда кўрилиши Сурия шимолида турклар операцияси сабабли икки давлат муносабатлардаги танглик билан боғлиқлигини тан олишди. Туркия ташқи ишлар вазири Мавлут Чавушўғли Америка Конгрессменларининг қарорини “тарихдан сиёсий мақсадларга эришиш йўлида фойдаланиш” сифатида баҳолади. Расмий Анқара ҳужжат матнини асоссиз айбловларга тўла деб атар экан, энди бунга ўз элчисини Вашингтондан чақириб олиш билан жавоб қайтариши мумкин.

1915 йилда Усмонийлар ҳалифалиги ҳудудида арманларнинг депортацияси ва ўлдирилиши Россия, Германия, Франция, Канада ва жаҳоннинг бошқа қатор давлатларида геноцид сифатида эътироф этилган. Бироқ Туркия бундй талқинга муттасил норозилик билдириб келади, итттифоқчилик нуқтаи назаридан АҚШ ҳукумати олдин бу воқеани геноцид деб аташдан тийилиб келарди. Бу каби резолюциялар узоқ вақт конгрессда кўрилган, бироқ ҳеч қачон Вакиллар палатасига олиб чиқилмаган.

АҚШ президенти Доналд Трамп ва унинг ўтмишдоши Барак Обама расмий чиқишларида 1915 йилдаги ҳодисаларга муносабатда “геноцид” иборасини ишлатишдан қочишарди.

Резолюциянинг қабул қилиниши кўплаб кузатувчилар кутганидан кўра ҳам тезроқ юз берди. Душанба куни резолюция бутун Вакиллар палатасига олиб чиқиш ташаббускори - регламент қўмитаси орқали ўтди, арман лоббичилари истаганидек, тузатиш киритиш имконисиз тақдим этилди. Қонун лойиҳасини келиб чиқиши арман бўлган ва уларнинг манфаатини ифодалайдиган иккита йирик гуруҳ – Америка Арманлар миллий қўмитаси ва “Америка арман ассамблеяси” илгари сурганди. Айни пайтда уларни иккита нуфузли яҳудийлар ташкилоти – Америка яҳудий қўмитаси ва Антидиффамацион лигаси дастаклади. Резолюция учун овоз бериш режалари ҳақида нафақат конгресснинг қуйи палатасида кўпчиликни ташкил этган Демократик партия аъзолари, балки палатадаги қатор нуфузли республикачилар ҳам гапиришди.

Ҳужжат конгрессга январда, янги чақириқдаги Вакиллар палатаси мажлиси очилгандан кейиноқ олиб чиқилди. Демократларнинг кўпчилиги арманлар ва Яқин Шарқнинг бошқа насроний озчиликларининг сезиларли қисми яшайдиган кўплаб сайлов участкасига мансублар. Резолюциюни хорижий ишлар бўйича қўмита раиси Элиот Энгел, қўмитадаги республикачилар озчилиги лидери Майкл Маккол, шунингдек, Калифорниядаги турли округлардан бўлган, бошқа кўплаб масалаларда ҳам умуман келиша олмайдиган икки конгрессмен - Девин Нунес ва Адам Шифф қўллаб-қувватлашди.

Демократ Шифф разведка бўйича қўмитани бошқаради, Трамп импичменти доирасидаги текширувга ҳам деярли бошчилик қилади. Республикачи Нунес Шиффгача қўмита раиси лавозимида ишлаган бўлиб, аксинча, президентга мойиллиги билан машҳур.

"Арман ассамблея"си ва Арман миллий қўмитаси резолюция матнини тайёрлашда бевосита иштирок этган.

Хўш, 1915 йилда аслида нима юз берган эди?
Аксарият тарихчилар биринчи жаҳон уруши даврида юз минглаб арманлар Анадолидан оммавий кўчирилиши даврида ҳалок бўлган, деган фикрда якдиллар.

Геноцид тадқиқоти Халқаро ассоциацияси (IAGS) га кўра, халок бўлганлар сони бир миллиондан ошади. Кўплаб тарихчилар 1,5 миллионли рақамни айтади.

Би-Би-Сига кўра, турк тарихчиси, АҚШдаги Кларк Университети профессори Танер Акчам чоп этган ҳужжатга биноан арманларнинг оммавий қирғини Усмонийлар империяси раҳбарияти буйруғи асосида амалга оширилган.

Россия, Германия, Франция, Бельгия, Италия, Бразилия ва бошқа мамлакатлар Европарламент каби ушбу ҳодисаларни расман геноцид деб тан олади.

Рим папаси Франциск арманлар қирғинини ХХ асрнинг биринчи геноциди деб атаган.

Турк расмийлари эса ҳалок бўлган арманларнинг умумий сони 300 мингдан ошмаслигини даъво қилади. Улар арманларнинг атайин ўлдрилиши Усмонийлар ҳукумати буйруғи бўйича амалга оширилганини тан олмайди.

Резолюциянинг тезлаштирилган тартибда кўрилиши ортида Сурия шарқида турк ҳарбийларининг АҚШнинг террорчиларга қарши урушдаги иттифоқчиси курдларга қарши операцияси туфайли АҚШ ва Туркия муносабатлари кескинлашуви турганлиги кундек равшан.Ушбу гоеосиёсий ишорани резолюция тарафдорлари ҳам яшираётгани йўқ. Арман аҳолиси кўпроқ яшайдиган округдан сайланган конгрессмен Тед Лью турклар операцияси бошланган куни “Твиттер”да ҳозир АҚШнинг арманлар геноцидини тан олишининг айни вақти эканлигини ёзди.
Олдинроқ Туркиянинг АҚШдаги элчиси Сердар Килич америка парламенти вакилларига резолюцияга овоз беришдан олдин Туркия ва АҚШ шерикчилиги давом этиши муҳимлигини ёдга олиш чақириғи битилган мактубни йўллади. У резолюциядаги 1915 йилги ҳодисаларнинг талқинини асоссиз айбловлар деб атади.

АҚШнинг геноцид масаласидаги позицияси анъанавий равишда геосиёсат билан белгиланади. Вашингтон ҳар доим НАТОдаги муҳим иттифоқчи Туркия билан зиддиятга боришга тайёр бўлмаган. Америка президентлари, шу жумладан, Доналд Трамп 1915 йил Усмонийлар империясидаги воқеаларни буюк ёвузлик деб атаган, аммо “геноцид” иборасини қўллашдан қочишган. 

Турк расмийлари 1915-1919 йиллардаги насроний камчиликларни оммавий ўлдириш мақсадли давлат сиёсат бўлганлигини рад этиб келади. Ўтган йили эса Обама маъмурияти вакиллари у сайловолди кампаниясида ваъда қилганидек, геноцидни тан олмагани учун сайловчилардан узр сўрашган. Улар буни хато деб аташди.

"Арманлар геноциди барча томонидан, бироқ аввало Туркия томонидан тан олиниши керак, - дейди 1915 йилдаги ҳодисаларни геноцид деб атагани учун элчиликдан мосуво бўлган АҚШнинг Арманистондаги собиқ элчиси Жон Эванс. У энди Туркия АҚШдаги элчисини чақириб олиши, Анқарадан қоралов сўзларини, америка маҳсулотларини сотиб олмаслик чақриқларини кутиш мумкин деб ўйлайди.

Вакиллар палатасида қабул қилинган резолюция АҚШ расман арманлар геноцидини тан олганини англатади. У Сенат ва АҚШ президенти маъқулловисиз ҳам кучга киради. 


Энди адолат нуқтаи назаридан айтадиган бўлсак, биринчи жаҳон уруши арафасида ўз давлатига эга бўлиш орзусида ёнган арманлар ташқи кучлар қутқуси билан Анадоли томонларда маҳаллий турк аҳолисининг уйларини талади, ўлдирди ва қирғин уюштирди. Бунинг исботи ўлароқ, Туркиянинг Иғдир шаҳрида ташкил этилган арманлар геоциди музейида арманларнинг туркларга қарши уюштирган ваҳшийликлари ҳақида фото лавҳалар ўрин олган. Ана шу ваҳшийлар оқибати ўлароқ, мамлакат шарқида яшайдиган маҳаллий аҳоли арманлар қирғинидан паноҳ сўраб султонга мактуб ёзадилар. Шу билан бирга арманлар Усмонийлар салтанатининг фуқаролари бўла туриб, биринчи жаҳон урушида қатнашаётган ўз давлатининг орқа томонида исён кўтаради. Бу албатта, салтанат томонидан хоинлик деб баҳоланади ва ҳукумат уларни мамлакатнинг бошқа ўлкаларига депортация қилишни бошлайди. Тарихий далилларга кўра, ўша пайтда Усмонийлар ҳудудида 600 мингга яқин арман миллатига мансуб аҳоли яшаган. Демак, 1915 йилда Усмонийлар томонидан 1,5-2 миллион атрофида арманлар қирғин қилингани ҳақидаги иддаолар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ўринда турк тарихчиларининг 300 минг атрофидаги арманлар ўлдирилгани ёки кўчиш пайтида қийинчилик ва очликдан ҳалок бўлгани тарихий ҳақиқатга тўғри келади.

АҚШ Конгресси аъзолари томонидан “тарихий адолатни тиклаш” мақсадида қабул қилинган резолюция эса шундоқ ҳам тушкун кайфиятдаги Туркия-Америка муносабатларининг таранглашувига, аксинча, Россия-Туркия алоқаларининг мустаҳкамланишига, уларнинг ҳарбий-техникавий жиҳатдан янада яқинлашувига хизмат қилади, холос.

Абдували Сойибназаров,
Human.uz колумнисти


Мавзуга оид