Минбар 342 29.11.2019 17:27:04

Журналист: "Депутатга саволим бор!"

Журналист: "Депутатга саволим бор!"

Сайлов яқинлашгани сари депутатликка номзодларнинг оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлари ҳам кўпайиб бормоқда. Албатта, бу яхши. Агар шу фаоллик сайловдан кейин ҳам худди шу тарзда давом этса-ку, нур устига аъло нур бўларди. Майли, шундай бўлади, деган яхши ниятда қоламиз, аммо ҳозир гап бу ҳақда эмас. Гап яқинда депутатликка номзодлар билан бўлган бир учрашувда билдирилган гап-сўзлар ҳақида.

Амалдаги депутат ва ҳозирда номзоди қайта сайловга кўрсатилган Расул Кушербоевни ҳамма танийди. Тиришқоқ, жонкуяр депутат. Ҳамиша халқ назарида бўлишга интилади. Аммо, у кишининг айрим фикр-мулоҳазаларига муносабат билдирмасликни иложиси бўлмади. 

Мен журналистман. Узоқ йиллар давомида асосан ҳаракатланиш хавфсизлиги йўналишида кўрсатув, эшиттириш ва мақолалар тайёрлаб келаман. Шу йўналишдаги янгиликларни, жорий этилаётган инновацион технологияларни тарғиб қилиб келганман. Фаолиятим давомида жуда кўплаб йўл-транспорт ҳодисаларини кўрганман. Айнан мана шу ҳодисаларда бевақт ҳалок бўлган инсонларнинг оиласига борганман, марҳумлар ортида бўзлаб қолган минг-минглаб одамлар билан суҳбатлашганман, уларнинг нолаларини тинглаганман. Мени билишимча, ҳурматли депутат, Сиз бу нарсаларни кўрмагансиз ва ўша мен айтган жабрдийдалар оҳу ноласини тингламагансиз ёки тинглаган бўлсангиз ҳам уларга эътибор қаратмагансиз. Агар билганингизда эди, бу сохага бунчалик юзаки ёндошмаган бўлардингиз. Мен айтаман Сизга унинг нималигини. Сиз тезликни оширган ҳайдовчининг айби билан вафот этган боланинг ортида қолган ота-онанинг изтиробли, қайғули чеҳрасига ҳеч қараганмисиз? Отасидан ёки онасидан бевақт айрилиб, тирик етим бўлиб қолган болаларнинг фарёдиничи, эшитганмисиз? 

Жарималарни камайтириш устида иш олиб борамиз, деб айтаяпсиз. Жарималарни камайтириб нимага эришмоқчисиз, тушунмадим. Ахир, жарималарни камайтириш ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашга салбий таъсир кўрсатади-ку!? Бир миллионлик жарима ўрнига юз минг сўмлик жарима тайинланса нима бўлишини, кўчаларимиздаги қоидабузарликлар сони қандай тезлик билан ошиб кетишини ўйлаб кўрдингизми? Ахир жарималар миқдори анчайин юқори бўлганлиги учун аксарият ҳайдовчиларимиз қоидабузарлик қилишдан тийилиб туришади. Онлайн режимида ишлайдиган ва ўша катта миқдордаги жарималар солинишига сабаб бўлаётган камералар, фоторадарлар сабаб тезлик билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари йилдан-йилга камайиб келаяптику. Қолаверса, жарималар миқдорининг оширилиши айнан қонунчилик палатасида қабул қилинган-ку.

Келинг, бир озгина ортга қайтамиз. Жумладан, 2011 йилда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди ҳамда ўша йилнинг 27 апрель кунидан расман кучга кирди. 

Мазкур қонунни тегишли идоралар билан ҳамкорликда мазкур йўналишдаги ишларни ўрганиб чиқиш, таҳлил қилиш асосида тайёрланган. Қонун дастлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенат томонидан маъқулланган. Бир сўз билан айтганда бу Қонун энг аввало ҳаракат иштирокчиларининг қонунлар олдидаги масъулиятини оширишга, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қоидабузарликларни камайтириш ва шу орқали инсонларнинг бевақт ҳалок бўлиши ва жароҳатланишининг олдини олишга йўналтирилган.

Қонунга киритилган асосий ўзгаришлардан бири бу 128-модданинг биринчи қисмида назарда тутилган қўпол қоидабузарликлар учун жавобгарликни алоҳида моддаларда акс эттирилганлигидир. Масалан, бу Қонун қабул қилингунга қадар ушбу модданинг биринчи қисмида ҳайдовчиларнинг транспорт воситасини пиёдалар йўлкасидан юргизиши, йўл белгилари ва ЙҲҚнинг бошқа талабларига риоя этмаслиги учун жавобгарлик назарда тутилган эди. Бунда қўпол ва кам аҳамиятли ҳуқуқбузарликлар учун бир хил таъсир чораларини қўллаш билан бир вақтда ҳаракат тезлигини ошириб юбориш ва светофорнинг таъқиқловчи белгиларига бўйсунмаслик каби ҳуқуқбузарликларнинг ижтимоий хавфлилиги инобатга олинмаган эди.

Қонунчиликни такомиллаштириш ва ҳуқуқбузарликларни фарқлаш, шунингдек, ҳаракат хавфсизлигига жиддий раҳна солувчи айрим ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш мақсадида ушбу модданинг биринчи қисмидаги ҳаракат тезлигини ошириб юбориш, светофорнинг таъқиқловчи ишораларига бўйсунмаслик, тўсиқсиз ҳаракат қилиш ҳуқуқига эга транспорт воситаларининг ўтиб кетишига халақит бериш ёхуд авария ҳолати юзага келишига сабаб бўлиши учун қўлланиладиган чоралар алоҳида ажратилиб Кодекс 1283, 1284, 1285 ва 1286-моддалар билан тўлдирилди. 

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, 1283-моддада ҳаракат тезлигини ошириб юборганлик учун жавобгарлик қай даражада тезликни ошириш миқдорига қараб белгиланади. Энг асосийси, ушбу ўзгартиришлар қонунчиликни либераллаштириш принципларига ҳам тўла мос келади. Жумладан, аввал бир моддада баён этилган ҳуқуқбузарликлар учун такрорийлик унинг қайси бири содир этилганлигидан қатъий назар ҳисобга олинарди, эндиликда эса айнан содир этилган қоидабузарликнинг такрорийлиги инобатга олиниши белгиланди.

Маълумки, йўлларимизда турли хил кўнгилсизликларнинг содир бўлмаслиги, ҳайдовчи, йўловчи ва пиёдаларнинг ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминланиши асосан «Йўл ҳаракати қоидалари»га қатъий амал қилишга, ҳайдовчи ва пиёдаларнинг бир-бирларини ҳурмат қилишларига боғлиқ. Афсуски айрим ҳайдовчиларимиз баъзи холларда ўз олдиларидаги ана шу масъулиятни унутиб қўядилар, транспорт воситасини йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, маст, ширакайф ҳолда бошқарадилар. Бу эса жуда ҳам ачинарли ҳодисаларни келтириб чиқариши турган гап. Масаланинг мана шу ижтимоий хавфли бўлган томонларини инобатга олган ҳолда ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқариши учун қўлланиладиган жазо чораси кескин кучайтирилди.

Хўш, жарималар миқдорининг ўзгариши жамиятга нима берди? Келинг, буни рақамлар мисолида кўриб чиқайлик. 

Мавжуд маълумотларга назар ташласангиз, 2010 йилда республикамиз бўйича 10706 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганлиги қайд этилган бўлса 2018 йил якунида республикамиз бўйича 8990 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилганлиги рўйхатга олинди. Мана шу рақамларнинг ўзиёқ жарималар миқдори оширилишининг ижобий хулосаси эмасми?

Айтишга осон бу рақамлар. Аммо, улар замирига чуқурроқ кириб борсангиз бу жонсиз рақамлар ортида сизу бизга ўхшаган жонли инсонлар ҳаёти турибди. Бевақт очилган азалар ситами бор улар ортида. Отасидан, онасидан айрилиб бўзлаб қолган фарзандлар кўз ёши, фарзандини қоро тупроққа топшириб, ғамдан букилиб, адо бўлган, йиғлашга мадори, тўкишга кўз ёши қолмаган оналар, қаримасдан асо тутган оталар ноласи ётибди бу рақамлар ортида. Катталарку бугун бўлмаса эртага осмон йироқ, ер қаттиқлигини ҳис этарлар, аммо мурғак ёшида пешонасига етимча деган тамға босилган жажжилар буни тушунишармикин?

Инсон тафаккури ер шари чегарасидан чиқиб чексиз коинот қаърига кириб бормоқда. Аммо, шундай фаровон кунларда кимларнингдир айби билан мудҳиш фалокатлар, аянчли йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлаяпти. Содир бўлса кошки эди, умрларни беаёв юлиб кетаяпти, гулгун чеҳраларни ғам-андуҳ сувлари ила суғориб кун-паякун қилаяпти.

Ҳаётимизда эса бу каби ҳолатлар тез-тез содир бўлиб турибди. Ҳар куни, кун оро инсон аталмуш буюк зот ўзидек бир инсон сабаб бу ёруғ оламни тарк этаяпти. Аслида бундай бўлмаслиги керак эди. Чунки, жон бериш ҳам, жон олиш ҳам яратганнинг измида. Биздан эса гуноҳкор бўлиб қолмаслик, бир умр виждон азобида ўртанмаслик учун кўп нарса талаб этилмайди. 

Фақатгина кибр тўнини ечиб бир-биримизга озгина илтифотли бўлсак, рахм-шафқатни унутмасак, энг муҳими “Йўл ҳаракати қоидалари”га амал қилсак кифоя.

Сизнинг фаоллигингизни қадрлайман, аммо жарималарни камайтириш тўғрисидаги фикрингизга қўшилмайман. Бу нотўғри талқин. Чунки мен ўз кўзим билан кўрган ва гувоҳи бўлган аянчли воқеа-ҳодисаларни хотирамдан ўчириб ташлай олмайман. Худди шундай воқеалар яна такрорланмаслиги учун қўлимдан келган барча ишни қиламан. Чунки, инсон ҳаёти ҳар нарсадан улуғ ва устун. Уни бевақт сўндиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Ўша, “жарималар жуда катта”, деб гапираётганлар муттасил нолийвермасдан “Йўл ҳаракати қоидалари”ни ўқиб ўргансалар, унинг талабларига амал қилсалар, жилла қурса намунали ҳайдовчилардан ўрнак олсалар бахс-мунозараларга ўрин қолмаган бўларди. Нолийдиганларга ҳамиша гапириш учун баҳона топилади. “Радар қўйипсан, йўл белгиси қани?”, “Радарни беркитиб қўйибсан, нега очиқ турмайди?” каби саволларни бераётганлар, уни ижтимоий тармоқларда тарқатаётганлар ўйлаб кўришсин. Қоидаларни бузмайдиган, намунали, маданиятли ҳаракат иштирокчисига буларнинг ҳеч бир аҳамиятли жойи йўқ. Улар йўл белгиси борми, йўқми, бундан қатъий назар қоидаларга амал қилишади. Амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”да эса шундай дейилади:”Аҳоли пунктларида транспорт воситаларининг тезлигини соатига 70 километрдан, турар жой дахалари ва ёндош худудларда (уй-жой бинолари орасидаги ер участкасида) эса соатига 30 километрдан оширмасдан ҳаракатланишга рухсат этилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари, ДЙҲХХ билан келишилган ҳолда, йўл шароитлари юқори тезликда хавфсиз ҳаракатланишни таъминлайдиган ҳолларда, йўлларнинг айрим қисмлари ёки ҳаракатланиш бўлакларида айрим транспорт воситаларига ҳаракатланиш тезлигини оширишга (тегишли йўл белгиларини ўрнатиб) ваколатлидир.

Аҳоли пунктларидан ташқарида:
-енгил автомобилларга ва рухсат этилган тўла вазни 3,5 тоннадан ошмайдиган юк автомобилларига тезликни соатига 100 километрдан оширмасдан;
-шаҳарлараро қатнайдиган автобусларга ва микроавтобусларга тезликни соатига 90 километрдан оширмасдан;
-бошқа автобуслар, тиркамали енгил автомобиллар, мотоцикллар, рухсат этилган тўла вазни 3,5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобилларига тезликни соатига 80 километрдан оширмасдан;
тиркамали юк автомобилларига тезликни соатига 70 километрдан оширмасдан ҳаракатланишга рухсат этилади”.

Энди Сизга бермоқчи бўлган саволимга келсак, қани, айтинг-чи, жарималарни камайтириб, нимага эришмоқчисиз?

Мансуржон РИХСИЕВ, журналист


Мавзуга оид