Минбар 248 23.11.2019 14:41:13

"Халқни поклаш керак, юрагини, онгини тозалаш керак" - Маҳмуд Саъдий

"Халқни поклаш керак, юрагини, онгини тозалаш керак" - Маҳмуд Саъдий

Аввал хабар берганимиздек, бугун ўзбек журналистикаси ривожига катта ҳисса қўшган ижодкор Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Маҳмуд Саъдий бугун, 23 ноябрь куни оламдан ўтди. Марҳум журналистнинг китоб мутолааси ва унинг инсон камолотида тутган ўрни хусусидаги фикрларини эътиборингизга ҳавол этамиз.

"Азиз фарзандларим! Ҳаёт қийинчиликларию мураккабликларини кўрган, саксонни қоралаган бобонгиз сифатида сизлар билан бирга шу саволга жавоб излагим келди...

Мен ўзимни бахтли инсон деб биламан. Бахтим, аввало, туғилиб-ўсган оилада. Отам раҳматли ўқимишли одам эди, Бухоро мадрасаларини битирганди. Бир сандиқ чиройли-чиройли муқовали китоблари бор эди. Менимча ё турк ё форс, ёки араб тилидаги китоблар бўлса керак. Отамнинг ҳузурига одамлар келар, уларга китобларини ўқиб берар, тушунтирарди. Менга кирилл алифбосини илк бора отам ўргатган. Бу мактабга бормасимдан, 7 ёшга кирмасимдан бурунги гап эди.

Камина Самарқанд вилоятининг олис бир қишлоғида туғилган. Ҳаётимда китобнинг роли жуда катта бўлган. Мени пойтахтга олиб келган ҳам китоб бўлади. Китоб - инсоният тан олган ниҳоятда қудратли куч. Улуғ ёзувчилардан бири “Ўзимда қанақанги яхши фазилатлар бўлса, ҳаммаси китобдан”, дейди. Бу – бежиз эмас.

Китоб гўдаклик пайтимдаёқ ҳаётимда қандайдир ўзгариш ясаган. Ўшанда 4-синфларда ўқир эдим. Қишлоғимизда етти йиллик мактабнинг кутубхонаси бор эди. Ўша кутубхонага борганимда, жавонлардан бирида “Навоий” романига кўзим тушган. Чиройли муқоваланган каттагина китоб. Роман менга ўша пайтда жудаям катта таъсир қилган. Романда Навоий дейсизми, Султонмурод дейсизми, шунақанги зўр образлар борки, уларга қараганда ўзимизнинг қишлоқнинг жайдари одамлари кўзимга қумурсқалар каби кичкина бўлиб кўринган. Мен Навоийдек бўлишни хоҳлаган бўлсам керак-да. Китоб таъсирида анча пайт ўзимга келолмай юрганман.

Ҳаёт бошқа, китоб бошқа... Менинг тушунчаларимга, романлардан олган таассуротларим тўғри келмайди. Ҳатто дафтарим бўлар эди. Энг яхши-яхши фикрларни кўчириб юрардим. “Навоий” романидан кўп сўзларни, кўп ҳикматли гапларни кўчириб ҳам олганман. Ҳозир уни ўқисам, бошқачароқ фикрда бўлишим мумкин... “Болаликда олинган билим тошга ўйилган ёзувга ўхшайди, ҳеч ўчмайди”, дейишади. Ҳақиқатдан ҳам тўғри фикр. “Навоий” романини ўқиб, шунақа катта таассурот олганман.

“Навоий”гача ҳам китоб ўқиганман, албатта. Миркарим Осимнинг “Ўтрор” қиссаси эди у. Учинчи синфда эдим. Умримда биринчи маротаба тўлиқ ўқиган бу қисса йигирма беш саҳифалик эди, адашмасам. 1947 йилда нашр қилинган китоб. Ухламасдан эрталабгача ўқиб чиққанман. Ватан ҳимояси йўлида, бизнинг мисолимизда Ўтрор шаҳридаги мўғулларга қарши Темурмаликка ўхшаган буюк боболаримиз қандай кураш олиб борган? Асарда кичкинагина қўшиннинг мўғулларнинг мўр-малахдек ёпирилиб келган лашкарига қарши кураши тасвирланган. Улар Ватанни чин кўнгилдан, тилда эмас, дилда, амалда севган. Ўз жонини ҳам қурбон қилиб юборади. Таслим бўл десаям, бошқа десаям, кўнмайди. Ана шу жиҳатлари билан юрагимни алғов-далғов қилган бу китоб ҳам.

Умуман, китоб ўқишдан мақсад нима? Энди бунинг жуда кўп қирралари бор. Билим олиш учун, дунёни англаш учун, одамларни тушуниш учун, ўша ҳаётнинг мароми қандай бораётганини, жараёнлар моҳиятини билиш учун жуда катта аҳамияти бор. Италиянинг буюк ёзувчиси Умберто Эконинг “Роль читателя” деган, русчасини айтяпман, катта китоби бор. Буюк немис ёзувчиси, Нобель мукофоти лауреати Ҳерман Ҳессенинг китобга бағишланган махсус жуда катта томлик асарлари бор. Умуман, китоб ҳақида айтган билан адо бўлмайди гап. Чунки инсоният бор экан, унга китоб ҳамроҳ бўлади доим. Китоб ҳақидаги фикрлар ҳам, бу ҳақдаги мулоҳазалар ҳам, бу ҳақда ўйлайдиган ўйлар ҳам ҳеч тўхтамайди, давом этади.

Ҳар ким қандайдир бир касбни танлайди. Менинг тушунишимча, одам бир касбни эгаллашга киришар экан, уни ипидан игнасигача билиб, шу ишнинг устаси бўлиши керак, профессионал бўлиши керак. Агарда инсон ўз соҳасида профессионал бўлса, ҳаётда қоқилмайди, қаерда бўлса ҳам, меҳнати орқасидан рўшнолик кўради. Виктор Ветковичнинг бир китоби бор, “Длинные письма» деган. Ўшанда ўтган асрнинг 18-20 йилларидаги Волга бўйидаги очарчиликдан аввал, Неверовнинг романи бор, “Ташкент – город хлебный”. Бир ўқиб кўринглар. Веткович ёзадики, дўконлар эшиги ип билан боғлаб ташлаб кетиларди, қоровул йўқ эди… Мана шундай ҳалол аждодларимиз бўлган. Халқни поклаш керак, юрагини, онгини тозалаш керак. Бунда китобнинг ўрни жуда катта.

Қуръони Карим. Қандай буюк илоҳий асар. Асрлар бўйи яшаб келаётган, одамларга тарбия бераётган. Имом Бухорий, Имом Термизий йиққан ҳадислар. Булар бутун ҳаётни тартибга соладиган китоблардир. Ислом дини ўзимизнинг диёримизда, заминимизда камол топди. Мотурудий, Марғиноний, бошқа улуғ сиймоларимизнинг кўплаб тадбирлари бўлди, бўляпти, яна китоблар чиқяпти. Лекин ҳали бундай сиймоларимиз сони мингдан зиёд. Биттасини мисол келтирмоқчиман. Беруний асарларида ҳам Дабусия қалъаси ҳақида гапиради. Абу Зайд Дабусий деган буюк одам бўлган. Бу одам Дабусия қалъасида яшаган. У ҳозирги Самарқанд вилоятининг Пахтачи (илгари Пахтакор эди) туманида жойлашган. Қалъанинг қолдиқлари бор. Ўша ерда ёдгорликлар ҳам бор. Бу одам “Илм ул-хилоф” деган китоб ёзган. Бу исломдаги ихтилофлар масаласига доир асар бўлиб, уларни изоҳлайдиган таълимот яратган. Дунёнинг ҳеч бир мамлакатида бу таълимот яратилган эмас. Ҳали бу бобокалонимизнинг исмини эшитмаганлар бор. Абдулҳаким Жузжоний деган Афғонистондан келиб, бу ерда фан доктори, профессор бўлган ўзбек бор. Исломшунослик ҳақида дарсликлар ёзди. Жуда зўр одам, шу олимга Абу Зайд Дабусий ҳақида мақола ёздириб, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига битта мақола чиқардик. Кейин яна қаердадир бир-иккита мақола чиқди. Лекин бу ҳеч нарса эмас, ҳали ҳеч ким билмайди. Мавзудан чалғидим чоғи...

Китобдан биринчи мақсад – одамни шахс сифатида шакллантириш. Бунда биров келиб сизни шакллантириб, сизни камол топтирмайди. Ўзингиз қилишингиз керак ҳамма ишни. Ўзингиз. Навоийнинг машҳур байтларидан бирини эсингизга солмоқчиман:

“Ўз вужудингга тафаккур айлагил,
Ҳар не истарсен, ўзунгдин истагил”.

Демак, одамнинг ўзига даъват қиляпти. Исломда ҳам борку, жузъий ихтиёр деган. Жузъий ихтиёр, худодан, деган гап бор. Лекин бандасига имконият ҳам берилган. Шу имкониятдан фойдаланиш керак. Битта шу имкониятдан фойдаланиб, Бурҳониддин Марғиноний “Ҳидоя”ни яратди. Чунки илгари бўлди, фиқҳ, масалан, ислом қонуншунослиги шу билан тугади, деган жойда ўша тирқишни топиб “Ҳидоя”ни яратдики, бутун мусулмон оламини кенгайтириб юборди. Жуда катта аҳамиятга эга бўлди. Бу ҳам бизнинг заминимизда бўлди. Биз мана шундай буюк боболаримиз билан фахрланишимиз керак. Фахрланиб юраверишнинг ўзи кифоя қилмайди. Авлодлар давом эттириши керак. Давом эттирмасак, у одамларнинг авлоди эмасмиз.

“Қутадғу билиг”, “Ҳибат ул-ҳақойиқ”ларни, албатта, синчиклаб ўқиб чиқишингиз керак. Навоий асарларининг ўзи бир дунё. Бу бир жиҳати. Бир жиҳати – профессионал бўлиш керак. Масалан, “Аристотель поэтика ҳақида нима деган?”, кейин “Аристотелдан таъсирланиб, Фаробий қандай китоб ёзган?”, дея сўрасангиз анграйиб туради анчаси. Ўзингнинг бобонг-ку, Фаробий, дейман куйиниб.

Ҳозирги кунда генни ҳеч ким инкор қилолмайди. Сиз билимдон одам бўлсангиз, касбингизнинг устаси бўлсангиз, бу фарзандларингизга ген орқали ўтади. Туғилмасдан сизнинг болангиз доно бўлади. Илгари гап бор эди: “Ёш бола оқ қоғозга ўхшайди, истаган нарсани ёзиб бўлмайди». Пешонага ёзилган, деган гап бежиз эмас. Пешонага ёзилган, шунинг бир жиҳати ген орқали келади. Агар бундай қарасангиз, қанақа зўр одамлар бир авлоддан чиқади. Мана, Иброҳимҳожи деган одам бўлган. “Ўзбекистон Қаҳрамони” Зикир Муҳаммаджонов унинг набираси. Академик Наби Мажидов - набираси. Энг буюк актрисалардан бири Малика Иброҳимова - набираси. Унинг опасиям режиссёр. Бири Туркияга бориб, биология фанига асос солди. Туркияда! Ген орқали қанча иқтидорлар етишмоқда...

Бунда китобнинг ўрни жудаям катта. У ҳаётингизни ўзгартиради, чунки ақлли одамлар ёзган китоблар камчиликларингизни ҳам, ютуқларингизни ҳам кўрсатиб беради, ойна бўлади. Мана, масалан, ўзимнинг бошимдан ўтган воқеа. Бир неча йил аввал автоҳалокатга учраб, 5 ойча ётдим. Ўшанда Жорж Сименонни ўқидим. Жуда зўр ёзувчи. Мен уни классик адиб деб ҳисобламайман. Уни ўқиб психотерапия билан шуғулландим. Унинг бир хусусияти шундаки, ўқиб бўлгач, бир кун ўтиб қайтадан мутолаа қилсангиз, бошқа бир янги асар ўқигандек бўлаверасиз. Аввал ўқиганингиз эсингиздан чиқиб кетади. Энг асосийси, ҳар бир мутолаада руҳингизни тозалаб кетади-да, эсингиздан чиқиб кетади. Яна ўқийверасиз. Шуниси маза.

Китобни танлаб ўқиш керак. Китоб танлаш учун кўп нарсалардан ўтиш керак. Бир воқеани айтиб берай. Набоковнинг “Лолита” деган оламга машҳур романи бор. Дунёда 100 буюк китобнинг биттаси дея рўйхатларга киритилган. Бунинг ўзига хос жиҳатлари бор. ХХ асрдаги одамларга ёлғизлик фожиасини кўрсатган. Кўнглига яқин кўнгил излаш фожиаси, унга эришолмаслик ва ҳоказо. Ўқидим, кечқурун тугатдим. Одатда кеч ётаман. Тунги соат икки ярим, учларда тугатдим. Кўнглим қоп-қора. У ерда фожиалар, бошқа фикрларни ўқисангиз, мазангиз қочади. Жуда кайфиятим бузилди. Нима қилишни билмайман. Уйқу келмайди. Кейин жавонга бир қарадим-да, бир муқоваси йўқ, титилиб кетган китобчага кўзим тушди. Нима экан, деб, шундай тортсам, Алишер Навоийнинг “Ўзбек классиклари” сериясида 60-йилларда чиққан “Танланган асарлар”и. Иккитами, учтами ғазалини ўқидим. Кўнглим жойига тушиб, кейин бемалол ётдим. Мана қаранг, даволади мени китоб. Умуман, мусиқа каби китоб ҳам даволайди. Бизнинг боболаримиз бу борада жуда ақлли бўлишган. Ҳали уларга етишиш учун анча бор, шекилли.

Дурустгина кутубхонам бор, десам ҳам бўлади. Китобларим ичида ўлпонлар ҳақидагиси ҳам бор, химия ҳақида ҳам, математика тарихига оид китоблар ҳам, айниқса, географияга оид китоблар, саёҳатномалар, кейин буюк ихтирочилар ҳақида китоблар, масалан, тестларга ўхшаган китоблар. Баъзи бировлар “соҳангиз бошқа бўлса, сизга нима кераги бор”, дейишади. Менделеев элементлар даврий системасини ҳамма билади. Шунинг икки жилдлик, катта фундаментал деса ҳам бўлади, энциклопедик китобини олдим. Кейин Чехословакияда чиққан математика энциклопедиясини олдим. Шунга ўхшаган китоблар олганманки, кейин керак бўлдими, йўқми, деб сўрарсиз. Битта набирам кимё факультетига ўқишга кирди. Бердим 1-курсдан. У қанақа маза қилди. Натижасини айтай. Ўша неварам жуда яхши ўқиди. Ҳар хил яхши стипендиялар олди. Ҳаттоки, Кореянинг аллақайси ташкилотининг ҳам стипендиясига эришди. Магистратурага кирди. Аспирантурада ўқиди. Диссертацияни жуда яхши ёқлади кимё бўйича. Ундан кейин ишлади, ҳозир ҳам ишлаяпти. Унвониям бор. Майор унвони. Ёш бола, майор бўлди ҳозир. Бунда битта китобнинг ҳам таъсири бўлди.

Кейин қолганларида ҳам мана шу математикага қизиққанлар учун китоблар бор, бемалол ўқийди. Ҳозир дизайнга қизиқиш кучли. Битта ўғлим дизайнер. Дизайн ҳақида дастлабки китобларни сотиб олганман. Чунки фарзандларга, боя айтдимку, ген орқали ўтади. Фақат ген орқали ўтди деб, қараб ўтирмасдан ота-она ёрдам ҳам бериши керак. Сизнинг фарзандингиз бўладими, неварангиз бўладими, қариндошингиз бўладими, уларга ёрдамлашишингиз керак. Бу ҳам китобнинг таъсири, китобнинг натижаси деб биламан. Абу Райҳон Берунийни оладиган бўлсангиз, у одам фармакология ҳақида, доривор ўсимликлар, моддалар ҳақида буюк китоб ёзган. Беруний юнон тилини ҳам билган. Энди бу китоб эмаску. Ўшанда юнонлар келиб қолганлардан ўрганган. Берунийнинг “Одиссея” ҳақида ибратли гаплари ҳам бор. У “Одиссея”нинг оригиналини, яъни асли, юнончасини ўқиган. (Сиз билан биз эса русчасини ҳам ўқимаймиз). Ҳатто асарларида мисоллар келтиради. Ўша Гомерни Омер дейди. Омер шундай дейди, дея мисоллар келтиради. Берунийнинг “Сайдана” деган асари фармакологияга бағишланган. Жуда буюк асар, ягона деса ҳам бўлади. Астрономияга алоқадор “Қонуни Маъсудий” деган ўлмас асар яратган. Ундан бошқа бир алломамиз Мирзо Улуғбек фойдаланган, кутубхоналарида бўлган. “Ҳиндистон” асарининг ҳозир ҳам дунёда тенги йўқ. Ҳиндистонга Маҳмуд Ғазнавийнинг қўшини сафида бориб, ҳар хил астрономик текширишлар олиб борган. Айтмоқчи бўлганим шуки, боболаримиз китобларни ўқиб, улуғ ишлар қилган, мана шу даражага етган.

Китоблар одамларни ҳамжиҳатликка, бирдамликка чақиради. Китоблар одамларнинг кўнглини яқинлаштиради. Кўнглини яқинлаштиргани, демак, ўзгартиргани шу-да. Бир миллат вакили бошқа миллат вакилининг юрагини билса, унинг кўнглини билса... дунёда қанақанги яхши одамлар бор. Ҳамма, ҳамма халқ яхши. Энг сара китобларда, бадиий жиҳатдан бақувват китобларда, ҳаётни ҳаққоний тарзда тасвирлаган китобларда барча халқларга тегишли эзгу ғоялар бор. Мана шу ғоялар одамларни бирлаштиради, тарбиялайди. Битта мисол келтиришим мумкин. “Чин инсон ҳақида қисса”. Борис Полевойники. Эрон ислом инқилобининг доҳийси Ҳаётулла Ҳумайний Б.Полевойнинг “Чин инсон ҳақида қисса” китоби ҳақида шунақанги яхши фикрлар ёзади. Аслида ислом билан собиқ совет мафкураси ўртасида қанчалик катта фарқ бор, дейсиз. Ҳумайний эса унинг мафкурасини қўйинг, дейди. Унинг иродаси, матонати, унинг қаҳрамонлиги, фидоийлигидан ўрнак олиш керак, дейди. Оёғи йўқ, душманга, фашизмга қарши, ёвузликка қарши кураш олиб боради. Албатта, зўр асар миллат танламайди.

Китоб миллатнинг кўзини очиши керак. Кўзи очиқ одам ҳаётнинг баланд-пастликларини тўғри баҳолай олади. Азиз фарзандим, қанчалик билимдон, китобхон бўлсангиз, авлодларингиз сиздан ўзади. Бутун халқ шунақа зўр бўлади. Халқ зўр бўлса, бундан ортиқ бахт бўладими?!

Маҳмуд САЪДИЙ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист



Мавзуга оид