Минбар 229 06.11.2019 15:07:05

“Ҳей қўшни Зиёда опа” — ўзбек эстрада қўшиқчилигига бир назар

“Ҳей қўшни Зиёда опа” — ўзбек эстрада қўшиқчилигига бир назар

Бугун ўзбек эстрадасида янграётган қўшиқларнинг аксарияти олди-қочди сўзлардан иборат. Бунга кўплаб мисолларни келтириш мумкин:

“— Ҳей қўшни Зиёда опа,
— Ҳов лаббай шоттаман,
— Кеча эрим кеч келди яна...
— Манимча бошқасини тоффоган, сизга буни айтмаган, рус қиз билан кўрдим битта рестаранда...”

Бу икки қўшни аёлнинг ўзаро суҳбати эмас. “VIA Marokand” эстрада гуруҳининг “Қўшнилар” қўшиғидан олинган парча. Тўғри, қўшиқ мусиқаси рақсбоп, қулоққа ёқимли. Бироқ қўшиқда қандай мазмун ва маъно борлигини англаш айтувчининг ҳам, эшитувчининг ҳам хаёлига келмайди.

Ёки яна бир мисол. Ёшларнинг севимли хонандасига айланиб улгурган Фаррух Ҳамраевнинг “Бирга бир” қўшиғидан олинган матн:

“Кўчани йиғиб, дабуни йиғиб келдингми гаплашгин биттага битта, ҳанжарни олиб чўнтейга солиб, яширмай гаплашгин биттага битта...”

Қўшиқ матни бирор шоирнинг шеърига эмас, кўпроқ кўчаги гаплардан терилган нимарсага ўхшайди. Сир эмас, аксар ўсмир ёки мактаб ўқувчилари мазкур қўшиқчининг “фанат” ёки “фанатка”си. Эстетик дид қанчалар ўтмаслашиб кетаётганини сиз ҳам сезяпсизми? Хонандалардан бири Маҳлиё Омоннинг “Фарғонадан...” қўшиғини олайлик, бу ерда на қофия, на сўзларда ҳамоҳанглик бор:

Фарғонадан, Фарғонадан келмайди
Нима қилай соғинаман,
Кетганига уч кун бўлди, қайтмайди энди,
Нима қилай, соғинаман?”

Такрор-такрор қайтарилган сўроқларнинг қайси оҳанги мухлисларга манзур бўлибди, ҳайронмиз.

Кўпчилик таниб улгурган ёш хонанда Сардор Бекмуродовнинг “Дегин, дегин..” қўшиғида эса йигит қизнинг розилигини олиш учун ўзига хос “дил изҳори” қиляпти:

“Э ҳа шунақа дегин, сизга тегаман дегин, уйланаман десам, мен ҳам тегаман дегин”

Фақат “дегин” сўзларидан тузилган қўшиқни қандай эшитиш мумкин? Ёки айрим ёшларнинг севимли қўшиқчисига айланган Иззат Шукуровнинг “Ало” қўшиғини олайлик, унда қиз билан танишмоқчи бўлган йигитнинг сўзларига тушуниш қийин:

“Ҳадеб ўтса, ёнимдан ла-ла-ла-ли,
Эсим паришонлар бўлади,
Қадам босса гуллар келади изидан
Мени бу юришда мажнун қилади,
Ало, ало гўзал қиз....”

Инсон чарчаганида бирор тарона эшитиб, ҳордиқ чиқаргиси келади. Бироқ юқоридаги каби “қўшиқлар” ҳордиқ ўрнига одамни ғашини келтиради.

Санъаткорлар доим халқ эътиборида. Халқ уларга эргашади. Улар саёз фикрлар экан, томошабин савияси ҳам шунга яраша бўлади. Хонандалар айтаётган таронаси учун мухлислари олдида масъулиятни ҳис этиши зарур.

Бунда фақат “тўйбоп” ашулаларни айтмасдан, дунёқарашни кенгайтирадиган, маъанавий савияни оширадиган ижодий асарларни тақдим этишса, мақсадга мувофиқ бўларди. Балки бу борада санъаткорлар ўртасида тарғибот ишларини амалга ошириш керакдир. Бўлажак хонандаларга қўшиқ учун шеър танлашда, эътиборли бўлишларини уқтириш лозим. Ана ўшанда халқимиз кўнглидан жой оладиган ҳақиқий санъат асарлари яратиларди.

Зарнигор АБДУВОҲИДОВА, 
журналист


Мавзуга оид