Минбар 150 28.10.2019 15:59:48

Тадбиркорлик соҳаси нега биз кутганимиздек ривожлана олмаяпти? (учинчи мақола)

Тадбиркорлик соҳаси нега биз кутганимиздек ривожлана олмаяпти? (учинчи мақола)

Бундай омиллар сирасига, албатта, машҳур учлик ёки биринчи уч ўринни эгалловчи муаммо - тадбиркорлик фаолияти учун “ер (бино), инфраструктура (коммуникация-энергетика) ва кредит ажратиш” киради. Худди ... ҳам сув ҳам дон керак деганларидек. Ер, инфраструктура-коммуникация-энергетика ва кредит қилиб берилса, тадбиркор нега керак, давлатни ўзи ҳам тадбиркорлик қилса бўлаверади деган гап ҳам ҳаёлни бир четидан ўтиши мумкин. Бу ҳаёлда ҳам маълум маънода жон бордир...

Булар ҳақида кейинроқ тўхталамиз, бугун эса, тадбиркорлик фаолияти учун ер (бино) ажратиш масаласида сўз юритамиз.

Кейинги йилларда, ер участкалари билан боғлиқ амалдаги яхлит қонунларга 10 дан ортиқ тузатишлар киритилди. Тадбиркорлик фаолияти учун бино ва иншоатларни ноль қийматда ёки инвестиция киритиш шарти ёхуд аукционда сотиш, қишлоқ хўжалиги учун мулжалланмаган ер участкаларини ажратишнинг янги тартиби ва ҳакозоларга оид Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг бу борада янги даврни бошлаб берган прогрессив норматив ҳуқуқий ҳужжатлари қабул қилинди.

Тан олиб айтиш лозимки, ушбу тизимда бюрократияни йўқ қилиш, шаффофликни таъминлаш, уч-тўрт йил олдин имкони йўқ деб ҳисобланган бозор механизмлари, ер участкаси ва бинони ажратишнинг соддалаштирилган тамойиллари жорий этилди. Бугун уларнинг ижроси юзасидан тизимли ишлар изчил амалга оширилмоқда.

Лекин, тадбиркорлар муаммолари битилган мурожаатлари (Халқ қабулхоналари, портал, Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича қабулхоналари ва маҳаллий ҳокимликлар ва бошқалар)ни ўрганиш натижаси уларнинг салмоқли қисми ер участкаси (бино) билан таъминлашни сўраганлигини кўрсатмоқда. Нега?

Биринчидан, охирги 3 йилда маълум бир Дастурлар ва инвестициявий лойиҳалар асосида ажратилган ер участкаси ёки бино иншоатлардан ташқари аҳоли тадбиркорлиги учун берилган ер участкалари ва бино иншоотларни ўлчаш мумкин бўлса, бу ҳажм Сирдарё вилоят ҳудудининг қарийб ярмига тенг. Биргина мисол жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида республикада 75,6 мингтага яқин корхоналар ва ташкилотлар янги ташкил этилган. Демак, янги тадбиркорлик субъектлари сонида мақтарли ўсиш бор экан (бундан ташқари фаолиятини кенгайтирган мавжуд тадбиркорлар сони ҳам ортган) ўз-ўзидан ер участкаси (бино)га талаб ҳам ортган.

Иккинчидан, чет эл инвесторларининг ҳам ер участкаси (бино)га бўлаётган талаби тоборо ортиб бормоқда.

Учинчидан, ер участкаси (бино)ни ажратишнинг вертикал тизими ва бюрократия ҳолатлари тўлалигича барҳам топмади.

Тўртинчидан, соҳада электрон савдо тизими жорий этилаётган бўлсада, ер участкаси (бино)ни ажратилишида маҳаллий ҳокимликларнинг ҳал этувчи ўрни ва роли мустаҳкамлигича қолмоқда.

Бешинчидан, жойлардаги мутасадди ташкилотлар ва маҳаллий ҳокимликларда ер участкасини ажратишда таъмагирлик, коррупция, тадбиркорга норасмий шарт қўйиш ҳолатлари тўла бартараф этилди, деб бўлмайди.

Олтинчидан, ер участкаси (бино)ни ҳам ҳукумат ва ҳам маҳаллий ҳокимликлар ваколатлари доирасида ажратишда эхтиёткорлик (бир қатор ортиқча хулосалар тўплаш орқали масъулиятни ўзидан соқит қилиш), коллегиал ҳал этиш, имзо тўплаш (визалаштириш) каби кераксиз амалиётга чек қўйилмаётир.

Еттинчидан, Тошкент шаҳар туманлари, вилоятлардаги туман марказлари ва аҳоли гавжум ҳудудларда жойлашган ер участкалари (бино, иншоот) тадбиркорлар ўртасида олди-сотди объекти ёки даромад олишнинг манбаига айланиб қолди.

Саккизинчидан, тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш мумкин бўлган ёки рухсат этилган мавжуд ер учаскаларининг асосий қисми инфраструктура (коммуникация-энергетика) билан лозим даражада ёхуд умуман таъминланмаган.

Тўққизинчидан, айрим ҳудудларда тадбиркорларнинг ер участкалари, бино-иншоотларини олиб қўйиш ва бузиш (снос) жараёнида “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қатор нормалари, жумладан шу қонуннинг 19-моддаси ҳамда бошқа қатор норматив ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган “олиб қўйилган мол-мулкка тенг мол-мулк берилади ва у кўрган бошқа зарарларнинг ўрни қопланади ёки мулк ҳуқуқи бекор қилиниши туфайли етказилган зарарнинг ўрни тўла ҳажмда қоплашдек талабларин ўз вақтида бажармаслик ҳолатлари ҳам кўзатилди.

Ушбу ҳолатлар ҳуқуқбузарлик деб эътироф этилди. Уларни зудлик билан бартараф этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши ва ҳукуматнинг тегишли қарори қабул қилинди.Ер участкалари ноқонуний олиб қўйилганлиги муносабати билан мулкдорларга зарар етказилганлиги учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш, ер участкаларини олиб қўйиш ҳамда кўчмас мулк объектларини бузиш ишларининг уч босқичли тартиби жорий этилди.

Партиялар тарихида илк марта O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳларининг мулкдорлар синфи вакиллари манфаатларини ҳимоя қилиш, мулк ва мулкий муносабатларни қонуний тартибга солиш юзасидан қўшма баёноти эълон қилинди.

Бир сўз билан айтганда, ер участкаси бугун ҳар қачонгидан кўра бозори чаққон товарга айланиб улгурган.

Яна бир гап, юртимиз ҳудудининг 85 фоизга яқини чўл, яримчўл ерлардан ташкил топган. Бундан ташқари, аҳоли ихтиёрида 480 минг гектардан ортиқ томорқа экин майдонлари мавжуд. Шундай экан, мамлакатимизда тадбиркорлик фаолияти учун энг қиммат мулклардан, қимматбаҳо товарлардан бири албатта ер участкаси бўлиб қолади. Қиммат мулк ва қиммат товар атрофида эса, ҳар доим рақобат, муаммо бўлган.

Айтиш мумкинки, тадбиркорлик фаолиятидаги ер участкаси билан таъминлашдаги тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган бугунги прогрессив ислоҳотлар, хусусан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш механизмлари ва ерга нисбатан хусусий мулк ҳуқуқи босқичма-босқич амалга оширилади.

Ана шу, ер участкасини хусусийлаштириш жараёнининг бошланиши бу бозор муносабатларини янада чуқурлашувига, мулкдорлик ҳиссини кучайишига, инвесторларни, айниқса, чет эл инвесторларини мамлакатимиз томон оқиб келишига йўл очади, шунингдек мулкдорни ўз мол-мулки – ер участкасини ҳеч қачон қўлдан чиқармасликка ундайди.

Нуриддин Муродов,
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши
Ижроия қўмитаси котибият мудири


Мавзуга оид