Лойиҳалар 143 02.11.2019 10:21:28

“Ўқитувчиликни ташлаб, сартарошликни танладим”

“Ўқитувчиликни ташлаб, сартарошликни танладим”

Орамизда шундай инсонлар борки, уларнинг дарду ташвишлари, заҳматлари фақат ўзларига аён. “Ёнимиздаги одамлар” лойиҳаси орқали меҳнату, машаққатда тобланган, бироқ одамлар эътиборидан четда қолаётган юртдошларимизнинг кечинмалари билан таништириб борамиз. Бу галги қаҳрамонимиз тошкентлик Сарвара Абдуллаева.

“Хиёнатни ҳеч қачон кечирмайман”
Онамнинг қистови билан 18 ёшимда турмуш қурдим. Дастлаб ҳаётимиз яхши кечди. Бироқ йиллар ўтиши. Бора бора муносабатларимиз кескинлашиб борди, орамизга совуқчилик тушди.Қайнонам томонидан кўрсатилган нохақликлар, турмуш ўртоғимнинг хиёнати туфайли икки фарзандим билан ажрашишга мажбур бўлдим. Онам бунга чидолмадилар тақдиримга куюна-куюна қанд касалини орттириб олдилар. Хиёнатни ҳеч қачон кечира олмайман.Мана ўн йилдан бери фарзандларим ва онамни ўзим боқиб келаман. Қизим 15 ёшда бўйга етиб қолди, ўғлим эса 11 ёшда.   

Собиқ турмуш ўртоғим билан бир маҳаллада турамиз. Шундай бўлсада, болаларим отаси кимлиги, қандай инсонлигини билмайди. Чунки у бирор марта бизнинг ҳолимиздан хабар олгани йўқ.Очиғини айтаман, бундан олти ой олдин маст ҳолда фарзандларимни илк бор кўргани келди. Ўн йилдан бери отасини кўрмаган фарзандларим уни бундай ҳолда кўриб, ҳайрон бўлишди. Отасининг олдига чиқишга ҳам қўрқишди. Ўғлим ортимга яширинди. “Мен гаплашмайман ойи” деди. Йиллар давомида “отанг ҳозир ишда, вақти бўлса келади”, деган жавобни эшитавериб, унинг йўқлигига ҳам кўниккан ўғлимга нима дейишни ҳам билмадим. Қизим тўнғич бўлгани учун ҳаётни яхши тушунади. Отасига салом бериб, чиқиб кетди. Шунда ҳам турмуш ўртоғим мени айблади. Фарзандларимизга тарбия бера олмаганмишман, отасини ёмонлаб келганмишман. Ўзингиз ўйланг, бир маҳаллада туриб, 10 йил давомида ақалли бир қўнғироқ ҳам қилмаган, фарзандларининг тақдири билан қизиқмаган отани болалар қандай қабул қилсин? Бир пайтлар ана шу гўдак фарзандларимнинг ризқини қийиб, айш-ишратга берилган собиқ турмуш ўртоғим ҳамон оилага бепарволигича қолибди. 330 минг сўм миқдорда алимент тўлайди. Унинг бизга бераётган ёрдами фақат шу холос. Фарзандларимнинг кийим-кечаги, ўқув-қуроллари билан эса иши йўқ. Ҳаммаси менинг бўйнимда.
photo_2019-11-02_11-22-48.jpg Шукрки, фарзандларим катталарни ҳурмат қилади. Қизим чизишга қизиқади, келажакда малакали дизайнер бўлишига кўмаклашаман. Ўғлим эса техникани жонидан ортиқ кўради. Албатта машина меҳаник ходим бўлишига ишонаман. Уларга доим қай соҳада бўлса ҳам бир сўмни ҳалоллаб топишини уқтираман.   

“Давлат ишида ишлаб, оилани боқиш қийин...”
Ёшлигимдан сартарошликка қизиққардим. Бироқ онам ўқитувчи бўлганликлари учун қизиқишимга қаршилик қилдилар. Шу сабаб, Тошкент Давлат педагогика университетида таҳсил олдим. Магистрлик босқичини ҳам тамомлаб, илмий иш билан ҳам шуғулландим.   

Тошкент транспорт коллежида бир неча йил ўқувчиларга дарс бердим. Бироқ ишдаги турли келишмовчиликлар, маошнинг камлиги, мени сартарошлик касби билан оила тебратишга мажбур қилди. Давлат ишида ишлаб, икки бола ва онамни боқиш қийин. Ҳозирда Сергели туманидаги гўзаллик салонида сартарош бўлиб ишлайман. Бу ерда бир ойда 3-4 миллион сўм атрофида пул топаман.   

Ҳар соҳанинг ўзига яраша қийинчилги бор. Кўпчилик гўзаллик салонида ишлайдиган қизларга енгилтабиат аёлдларга қарагандек, муомала қилади. Тўғри, беш қўл баробар эмас. Балки шундай номусининг қадрини билмайдиганлар ҳам бордир, ичимизда. Бироқ, салонда ишлайдиганларнинг ҳаммаси ҳам енгилтабиат эмас. Агар бир кун ишламасам, фарзандларим оч қолишини жуда яхши биламан. Ҳаммаси менинг гарданимда. Шунинг учун бошқа ишларга умуман вақтим ҳам, хоҳишим ҳам йўқ.
photo_2019-10-30_16-38-14.jpg Мен каби оиласини, фарзандларини боқиш учун керак бўлса, кунни тунга улаб, меҳнат

қиладиган ҳамкасбларим кўп. Биз ҳам кун бўйи тик оёқда туриб, мижозларнинг кўнглидагидек турмак қилиб беришга ҳаракат қиламиз. Меҳнатимиз кимгадир ёқади, кимгадир эса йўқ. Бироқ ҳеч қачон афсусланмаганман. Беш қўл баробар эмас. Барча соҳада сабр қаноат қилиш керак. Сартарошликда қилган меҳнатимга яраша ҳақ оламан. Давлат ишида эса меҳнат қилсанг ҳам, қилмасанг ҳам “калтак сени бошингда синади.”    

Инсоннинг иродаси кучли бўлиши керак экан. Ана шунда бу ҳаётда мустаҳкам ўрнашиш мумкин бўлади.    

Ҳар кимни танқид қилишдан олдин аввал босиб ўтган йўлига бир назар ташлаши, унинг ўрнига ўзини қўйиб кўриши керак. Балки мен бировнинг фикрини ўзгартира олмасман, бироқ ҳар биримиз қилган ишимиз, айтган сўзимиз учун Яратганнинг олдида жавоб берамиз.

Зарнигор АБДУВОҲИДОВА cуҳбатлашди


Мавзуга оид