Сайлов-2019 133 02.12.2019 15:29:39

Тадбиркор: “Свет” ўчиб қолаётгани учун маҳсулотни ҳамкорларга етказиб беролмаяпмиз

Тадбиркор: “Свет” ўчиб қолаётгани учун маҳсулотни ҳамкорларга етказиб беролмаяпмиз

Пастдарғом туманидаги “Камалак текстил инвест” МЧЖда кластер усулида етиштирилган пахта маҳсулотларидан ип калава ишлаб чиқарилади. “Асакабанк”нинг 10 миллион 295 минг АҚШ доллар миқдоридаги кредит эвазига тўлиқ ишга тушган корхонада айни пайтда 300га яқин ишчи-ходим меҳнат қиляпти.

Мазкур жамият раҳбари Бобур Сулаймоновнинг айтишича, бугунги кунда йиллик қуввати 6000 тонна ип калава ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхонада 3 сменада иш ташкил этилган. Корхонада ходимларнинг самарали меҳнат қилишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Лекин айрим муаммолар ҳам борки, улар ишлаб чиқариш кўламига салбий таъсир қилмоқда.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган номзод М.Чўлиева сайловчилар билан учрашган.

Унда корхона билан боғлиқ муаммолар ҳам ўртага ташланган.

“Электр энергиясидаги сабабсиз узилишлар ишлаб чиқаришга жиддий зарар етказмоқда. Кун давомидаги 6-7 соат электр энергиясининг узилиши сабабли экспортга йўналтирилган маҳсулотларимизни ҳамкорларга етказиб беролмаяпмиз. Бу ҳамкорлар томонидан ҳам жиддий эътирозларга сабаб бўлмоқда. Натижада олинган кредит суммаларини қайтаришда ҳам муаммолар юзага келяпти”, — дейди Б.Сулаймонов.

Корхона мутахассисларнинг айтишича, электр энергиясининг тез-тез ўчиб, ёниши оқибатида асбоб ускуналарни қайтадан дастурлашга тўғри келмоқда. Бу жараёнда маҳсулотларнинг бир қисми яроқсиз бўлиб қолаётир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод М.Чўлиева мурожаатни атрофлича ўрганиб, бу масала бўйича O‘zLiDeP депутатлик гуруҳига мурожаат қилган. Шундан сўнг, халқ вакили, партия депутатлик гуруҳи раҳбари Б.Ҳужаёров ушбу масала юзасидан Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси АЖга сўров юборган. Мутасаддилар бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, тез орада муаммони ҳал этади, деган умиддамиз.


Мавзуга оид