Сайлов-2019 227 29.11.2019 08:07:37

Бухоролик ўқувчилар совуқ хоналарда таълим оляпти. Муаммога ечим борми?

Бухоролик ўқувчилар совуқ хоналарда таълим оляпти. Муаммога ечим борми?

Бу ҳақда O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши матбуот хизмати хабар бермоқда. Унга кўра тумандаги 2-умумий ўрта таълим мактаби биноси бундан 3 йил аввал жуда абгор аҳволда: деворлар дарз кетган, бинонинг умумий аҳволи ўқувчилар ҳаётига хавф соладиган даражада бўлган.

2017 йил Давлат дастурига киритилиб, бино қайта қуриб битказилган. Мазкур таълим муассасасига 2017-2018 ўқув йилидан ўқувчилар кўчиб ўтиб, замонавий бинода таълим ола бошлаган. Бироқ, эски бино 900 ўринга мўлжалланган бўлган янгиси эса 420 ўринли қилиб қурилган. Қолган 500 нафар ўқувчининг қаерда таълим олиши эса ҳеч кимни қизиқтирмаган кўригнади.

Ҳозирда деярли фаолият юритмаётган Бухоро туман педагогика коллежининг куз-қиш мавсумига тайёр бўлмаган қисми мактаб ўқувчилари таълим олиши учун ажратиб берилган. Лекин ўқувчиларнинг ушбу даргоҳда таълим олишлари учун етарлича шароитлар мавжуд эмас.

“Мана куз охирлаб, қиш ҳам кириб келмоқда. Кундан-кунга об-ҳавонинг совиб бораётганини инобатга оладиган бўлсак, бундай қийин шароитда зах, совуқ хоналарда фарзандларимизнинг соғлиғи ёмонлашиб бормоқда. Бу ҳолат яна қачонгача давом этар экан”, — дейди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.

O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши вакиллари ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Бафоев ушбу ҳолатни жойига чиқиб ўрганиб, бу масала бўйича туман халқ таълими бўлими мудири П.Холов билан суҳбатлашган.

Ўрганишлар давомида ушбу муаммо юқори ташкилотлар, хусусан, Бухоро вилоят халқ таълими бошқармаси ва Халқ таълими вазирлиги томонидан ҳал қилиниши мумкинлиги аниқланган.


Мавзуга оид