Суриштирув 538 28.11.2019 17:31:56

Тармоқларда шов-шув бўлган ветеренария паспорти ҳақида: мақсади, тартиби, суммаси...

Тармоқларда шов-шув бўлган ветеренария паспорти ҳақида: мақсади, тартиби, суммаси...

Шу кунларда ижтимоий тармоқлар ва интернет нашрларида чорва моллари ва бошқа турдаги уй ҳайвонларига паспорт бериш билан боғлиқ мавзу кенг муҳокама қилинмоқда. Тармоқларда тарқаётган турли ҳазиллар, мемлар бу масала фуқароларимизнинг кучли қизиқишларига сабаб бўлганидан далолат беради. Мазкур ҳолат юзасидан туғилган саволларга жавоб олиш мақсадида Human.uz сайти журналисти Муслим Мирзажонов Ветеринария паспорти ва уни бериш тартиби бўйича Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси мутахассислари билан суҳбатлашди.

–Ветеринария паспорти нима? У чиндан кўпчилик ўйлаётганидек, одамларникидек бўладими?
Турсагатов Жаҳонгир, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқарама бошлиғи:
–Йўқ, аксарият юртдошларимиз тасаввур қилаётганидек, ҳайвоннинг шахсини, пропискаси ва фуқаролик ҳолатини тасдиқловчи ҳужжат эмас. Ветеринария паспорти – идентификация қилинган ҳайвонларга расмийлаштирилган, ҳайвон эгасини белгиловчи, ҳайвонларнинг касалликларга қарши профилактикаси ва уларни даволаш ишлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ҳужжат.

Аслида ҳайвонларга биркалаш, тамғалаш, жетонлаш ва чип ўрнатиш орқали индивидуал рақам бериш ва ветеринария паспорти расмийлаштириш тартиби икки йил олдин - 2017 йил 22 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарорига асосан жорий қилинган. Унда сақланаётган (боқилаётган) ҳар бир бош ҳайвонга ветеринария паспорти расмийлаштирилиши алоҳида таъкидлаб ўтилган (қўй ва эчкиларга гуруҳ усулида ветеринария паспорти расмийлаштирилиши мумкин).

– Уй ҳайвонларига паспорт расмийлаштиришнинг қандай афзалликлари мавжуд?
– Уй ҳайвонларини рўйхатга олиш орқали унинг эгаларидан мулк солиғи ундирилмайди ва бундан давлат ғазнасига ҳеч қандай солиқ ёки бошқа манфаатлар йўқ. Идентификация қилинган ҳайвонларни ягона электрон маълумотлар базасига киритиш фақат қулайликлар туғдириб, бир қанча муаммоларнинг олди олишга хизмат қилади.

Яъни, ҳар бир уй ҳайвонини назоратга олиш, унинг саломатлигини назорат қилиш орқали озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланади. Бундан буёғига ҳар бир ҳайвон тури туғилганидан кейин белгиланган муддатда идентификация қилиниб, рўйхатга олинади, унинг қандай касалликларга чалингани, қачон эмлангани, қайд этиб борилади. Келажакда савдо дўконларидан гўшт маҳсулотлари харид қилаётганда уларнинг “тарихи”дан ҳам бохабар бўламиз.

Шунингдек, чорва маҳсулотларини хорижга экспорт қилишда бирмунча қулайликлар яратилади. Айни пайтда ўнлаб халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда ҳайвонларни идентификация қилиш тизимини яратиш учун, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспортга олиб чиқиш мақсадида грантлар ажратаётгани янада эътиборга молик.

Ҳайвонларни касалликларга қарши эмланганлигини тасдиқлаш, уларнинг аниқ ҳисобини юритиш ва рўйхатга олинган ҳайвонлар тўғрисида ягона маълумотлар базасини шакллантиришда, ҳайвон эгасини белгилашда паспорт расмийлаштириш жуда ҳам муҳим. Бундан ташқари, аҳоли ўртасида ҳайвонотга мансуб бўлган турли касалликлар келиб чиқиши, ҳар бир молнинг электрон қайтарилмас рақамга эга бўлиши ва шу асосида уни эгасига расмийлаштириш орқали ҳайвонларни ўғирланишининг олдини олишга эришиш мумкин.
image_2019-11-28_19-27-53.png – Идентификация қилиш ва ҳисобдан чиқариш тартиби қандай?
Наргиза Аманбаева, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқарама бошлиғи:
– Ҳайвон эгалари ҳайвон туғилгандан маълум муддат ўтгач доимий яшаш жойидаги ветеринария хизматининг вакилига мурожаат қилиши лозим. Ветеринария хизмати ходими ариза келиб тушгандан сўнг 3 кун ичида жойига бориб ҳайвонларни идентификация қилади. Низомда белгиланган тўлов шунинг учун ундирилади.

Қорамол, қўй ва эчкилар, туяларнинг болалари туғилганидан 14 кундан кейин бир ойликдан кечикмасдан, қулунлар ва хўтиклар 4 ойлигидан, чўчқа болалари 1 ойлигидан, ит ва мушуклар 3 ойлигидан ҳисобга олинади. Ҳайвонлар эгаси алмашганда, бир ҳудуддан бошқа ҳудудга кўчирилганда доимий яшаш жойи бўйича давлат ветеринария хизматининг вакилига 7 кун ичида ҳайвонни ҳисобга қўйиш учун мурожаат қилади. Бунда ҳайвон янгидан идентификация қилинмайди ёки янги паспорт берилмайди. Эски паспортига тегишли ўзгартиришлар киритилади.

Давлат ветеринария хизматининг вакилига ҳайвон эгалари ҳайвон сотилганлиги ёки ҳадя қилинганлигини ветеринария паспортида тасдиқлатишга мажбурдир, бунда ҳайвон эгалари ўзларининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатини ҳам тақдим этади.

– Идентификация қилиш мажбурийми?
– Қорамоллар, қўй ва эчкилар, чўчқалар, отлар, эшаклар ва туялар, итлар ва мушукларни идентификация қилиш шарт. Ушбу шартни бажармаслик ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини бузиш ҳисобланади ва тегишли жавобгарликка олиб келади.

–Ҳайвонларга турларига қараб индивидуал рақам бериш жараёни қандай кечади?
-Мазкур ҳолат қуйидаги усуллар орқали амалга оширилади:
-биркалаш усулида қорамол, қўй ва эчкилар, туялар, чўчқаларнинг қулоғига (электрон, визуал) биркалар тақилади ва у ҳайвонларнинг яшаш даври давомида олинмайди;
-чип ўрнатиш (электрон идентификация) усули ҳайвонларнинг барча турларига қўлланилиши мумкин.

–Нобуд бўлган ёки сўйилган ҳайвонларнинг паспорти ветеринария вакилига қайтариб бериладими?
-Ҳайвон эгалари ҳайвон сўйилганда (нобуд бўлганда, йўқ қилинганда) ҳайвоннинг идентификация рақамини сақловчи атрибут ва ветеринария паспортини (электрон идентификациялашда фақат ветеринария паспортини) 7 кун муддатда доимий яшаш манзили бўйича давлат ветеринария хизматининг вакилига ҳисобдан чиқариш учун тақдим қилади. Сўйилган ҳайвонларга ихтисослашган сўйиш корхонасининг ветеринария врачи томонидан ҳайвон эгасига берилган “Ҳайвон сўйилганлиги тўғрисида” маълумотнома ҳам тақдим этилади.

Сўйиш мақсадида импорт қилинган ҳайвонлар идентификация қилинмайди. Ушбу ҳайвонлар келтирилган вақтдан бошлаб етти календарь кунида сўйилиши шарт.

–Ҳайвонларни идентификация қилиш хизматлари учун тўлов ундириладими?
–Ҳа, аммо кўп миқдорда эмас. Идентификация қилиш шартномага асосан амалга оширилади ва қуйидаги миқдорларда тўлов ундирилади:
-ҳар бир қорамол, от, эшак ва туялар учун 4 минг 460 сўм;
-ҳар бир қўй, эчки ва чўчқалар учун 3 минг 345 сўм;
-ҳар бир ит ва мушуклар учун 2 минг 230 сўм.

Идентификация учун тўлов туман (шаҳар) ветеринария бўлимлари ҳисобварағига, нақд пул ва нақд пулсиз шаклда бажарилади. Ветеринария паспорти йўқолганда ёки яроқсиз ҳолга келиб қолганда унинг дубликати бепул берилади.

– Шу кунгача қанча ҳайвонлар рўйхатдан ўтказилди?
–2018 йил 1 январдан шу пайтга қадар қўмита томонидан 82 мингдан зиёд чорва моллари идентификациядан ўтказилди. Айни пайтда ҳайвонларни рўйхатдан ўтказишнинг соддалаштирилган усулини йўлга қўйиш ва бу соҳага инновацияларни жалб қилиш жиддий ишлар олиб бориляпти. Йил якунигача махсус дастур ва иловалар ишлаб чиқилиши кўзда тутилган. Ҳайвон эгаси базанинг электрон манзили орқали кириб, ўзига тегишли бўлган маълумотларни ягона электрон маълумотлар базасидан онлайн тарзда олиш имкониятига эга бўлади.


Мавзуга оид