Суриштирув 113 02.11.2019 11:56:41

Олий суднинг ажрими бекор қилинди. Давлат санъат музейидан бўшатилган ходим иши қайта кўриб чиқилади

Олий суднинг ажрими бекор қилинди. Давлат санъат музейидан бўшатилган ходим иши қайта кўриб чиқилади

Бугунги кунда аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва роли муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. 

Маълумки, амалдаги меҳнат қонунчилигида аёлларга қўшимча кафолат ва имтиёзлар белгиланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 237-моддасида ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни иш берувчининг ташаббуси билан (МКнинг 100-моддаси асосида) ишдан бўшатиш мумкин эмаслиги қатъий белгилаб қўйилган. 

Шунга қарамай, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимидаги Ўзбекистон Давлат санъат музейининг тадқиқот ишлари бўйича ўринбосари Наргиза Ахмедова билан меҳнат шартномаси унинг ҳомиладор эканлигига қарамай, штат қисқарганлиги бахонаси билан Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 1-бандига асосан бекор қилинган. 

Маълум бўлишича, музей директорининг 2017 йил 29 декабрдаги буйруғига асосан Н.Ахмедова билан тузилган меҳнат шартномаси 2018 йил 4 январдан Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 1-бандига (штатлар қисқариши муносабати билан) кўра бекор қилинган. 

Ходимнинг Ўзбекистон Давлат санъат музейига нисбатан ишга тиклаш ва мажбурий прогул учун ҳақ ундириш тўғрисидаги даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди судьяси Ф.Т.Турсунов томонидан кўриб чиқилган ва 2018 йил 31 майдаги ҳал қилув қарорига асосан рад этилган. 

Қизиғи шундаки, ҳал қилув қарорида ходимнинг ишдан бўшатилиши қонуний ёки ғайриқонуний равишда расмийлаштирилганлигига ҳуқуқий бахо берилмаган. Аксинча, даъво ариза судга даъво қилиш учун белгиланган муддатни ўтказиб юборилганлиги важи билан рад этилган. 

Суд муҳокамаларида ходим ва унинг адвокати тақдим этган даъво муддатини ўтказиб юбормаганлигини асословчи қатор далилларга умуман эътибор қаратилмаган.   

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 270-моддасига кўра ишга тиклаш низолари бўйича ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб бир ой ичида мурожаат қилиш лозим.

Ходимнинг ишдан бўшатилганлиги ҳақидаги буйруқ нусхаси эса унга 2018 йил 19 феврал куни тақдим этилган. Судга даъво аризаси эса 7 март куни (17 кундан сўнг) киритилган.   

Ҳал қилув қароридан кўринишича, суд ходимни 2018 йил 23 январ куни ишдан бўшатилганлигини билганлиги ва ишга чиқмаганлиги сабаби билан даъво муддати ўтишини шу кундан бошлаб ҳисоблаган. 

Ваҳоланки, Н.Ахмедова ишдан бўшатилганлиги тўғрисидаги буйурқ нусхасини 2018 йил 19 феврал куни олган. Амалдаги қонун ҳужжатларида Меҳнат кодексининг 270-моддасидан юқорида келтирилган иқтибосни истесно этувчи қоидалар мавжуд эмас. Ҳаттоки ҳал қилув қарорида ҳам айнан нима учун даъво муддатини 2018 йил 23 январдан ўта бошлаган, деб ҳисоблаш учун қонуний асос ҳам келтирилмаган.   

Шу ўринда, ходимнинг меҳнат шартномасини бекор қилиниши билан боғлиқ ҳужжатларни ўрганар эканмиз иш берувчи қуйидаги асосларга кўра ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар содир этганлигига гувоҳ бўлдик.   

Биринчидан, юқорида таъкидланганидек, Меҳнат кодексининг 237-моддаси биринчи қисмига кўра, ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди.   

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 102-моддасига кўра меҳнат шартномаси технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ҳолати (МК 100-м. иккинчи қисми 1-б.) билан бекор қилинганда ходим камида икки ой олдин огоҳлантирилиши шарт. 

Лекин, ходимга штатдаги ўзгаришлар муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилиниши эҳтимоли ҳақида 2017 йил 1 декабр куни огоҳлантириш хати берилиб, орадан икки ой ўтмасдан 29 декабр куни шартнома бекор қилинган.
Қонун талабига кўра огоҳлантириш муддати фақатгина ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан унинг муддатига мувофиқ келадиган пуллик компенсация билан алмаштирилиши мумкин. Ваҳоланки, ходим ва иш берувчи ўртасида бундай келишув бўлмаган.   

Учинчидан, Музей штатлар жадвалида бирор бир қисқариш содир бўлмаган, аксинча, штатлар доираси қарийб икки баробарга кенгайиб, “Илмий ишлар бўйича директор ўринбосари” лавозими “Тадқиқот ишлари бўйича директор ўринбосари” номига ўзгартирилган, холос.   

Ходимни ишдан бўшатилиши билан боғлиқ ҳолатда бу каби қонунбузилиши ҳолатларини яна бир нечтасини санаш мумкин. Бироқ бу муҳими эмас, муҳими ҳар қандай ҳолатда ҳам қонун ҳомиладор аёл билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга йўл қўймайди.   

Чунки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 148-моддаси иккинчи қисмига кўра аёлни ҳомиладорлиги ёки ёш болани парвариш қилаётганлигини била туриб, уни ишга олишдан ғайриқонуний равишда бош тортиш ёки ишдан бўшатиш энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.   

Суддан адолат кутиб, умиди пучга чиққан ходим нажотни прокуратурадан излади. 

Унинг Миробод туман прокурори номига музей директорига нисбатан ЖКнинг 148-моддаси билан жиноят иши қўзғатишни сўраб йўллаган шикояти, фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг 31.05.2018 йилдаги суднинг ҳал қилув қарорига нисбатан апелляция протести киритиш йўли билан ҳал этилди. Ғайриқонуний эканлиги аниқ кўриниб турган буйруқни бекор қилиш учун протест киритилмади, жиноят иши қўзғатиш ҳақидаги масала эса оқибатсиз қолдирилди. 

Иш шу билан якун топгани йўқ. Ишга тиклашга оид масала 2018 йил 7 декабрда Тошкент шаҳар судининг кассация инстанциясида, 2019 йил 27 май куни эса Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида рад этилди. Миробод туманлараро судининг 31.05.2018 йилдаги суднинг ҳал қилув қарори ўз кучида қолдирилди.   

Шунга қарамай, Н.Ахмедованинг адолатни тикланишига бўлган ишончи йил сайин ортган бўлса ортдики, камаймади. Унинг Бош прокурор номига йўллаган аризаси фуқаролик ишини қайта кўриб чиқилишига сабаб бўлди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Э.Таджиев томонидан 2019 йил 11 снтябр куни имзоланган протест Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатида, шахсан олий суд раиси К.Камилов раислигида кўриб чиқилди. Олий суд Раёсатининг 2019 йил 26 сентябрдаги қарори билан Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2019 йил 27 май кунидаги ажрими бекор қилинди ва иш янгидан кўриш учун шу инстанция судига юборилди. 

Human.uz воқеалар ривожини кузатишда давом этади.


Мавзуга оид