Суриштирув 214 23.10.2019 08:21:37

“ЯШАШ МУДДАТИ ЧЕКЛАНГАН”ЛАР. Уларга ким ёрдам беради?

 “ЯШАШ МУДДАТИ ЧЕКЛАНГАН”ЛАР. Уларга ким ёрдам беради?

Таҳририятимизга Тошкент вилояти, Зангиота тумани, “Файз” маҳалласи, 1-уй, 39-хонадондан мурожаат бўлди. Унда келтирилишича, уч хонали хонадонда айни пайтда ўн икки киши истиқомат қилар экан. Ачинарлиси, уларнинг барчаси ногиронлиги бор шахслар. Ҳаммаси эшитиш ва гапириш имкониятидан маҳрум кишилар. Таажжубланарлиси, уларга ҳеч ким — на маҳалла, на ҳокимият, на кар ва соқовлар жамияти ёрдам бермаётганмиш. Вазиятни нечоғли жиддий эканини билиш мақсадида айтилган манзил сари отландик.

Эшик қоққанимизда, бизни Муллаёровларнинг вакили Минавар Аминова қарши олди.

— Қирқ йилдан ортиқ кар ва соқовлар жамиятида таржимонлик қилдим, — дейди Минавар Аминова. — Шу давр оралиғида жамиятдаги кар ва соқовларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кўзлаб, кўп жойларга югурдим. Бу оилани ҳам анчадан бери биламан. Кўриб турганингиздек, шу уч хонали уйда ўн иккита ногирон шахс тиқилиб яшайди. Уларга уй-жой сўраб, тегишли жойларга мурожаат қилдим. Бир неча маротаба туман ҳокимлигига, маҳалла идорасига бордим. Афсуски, бу уринишларим натижа бермади. Ҳокимлик ва маҳалла идораси орасида қатнайвериб, “Фармон буви”, деган ном олганим қолди, холос. Бу опага нима зарур экан, деган хаёлга бораётган бўлсангиз керак. Буларга ёрдам беришдан ҳеч қандай манфаатим йўқ. Шунчаки инсонийлик юзасидан ёрдам бераман. Ахир, улар ҳам одам.

Ҳа, шу ўринда опа ҳақ. Гарчи эшитиш ва сўзлашиш қобилиятидан маҳрум бўлса-да, улар ҳам шу жамиятнинг тўла-тўкис аъзоси. Уларнинг ҳам бугунги ислоҳотлар, давлат томонидан яратилаётган қулайлигу имкониятлардан фойдаланишга ҳуқуқлари етарли.

Аслида иккита ва ундан ортиқ болали кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган шахслар, айниқса, аёллар ижтимоий ҳимояга олиниши керак. Тўғри, имконияти чекланганларга давлат томонидан маълум миқдорда ёрдам пули берилади. Бироқ, қўл билан берганга қуш ҳам тўймас, деганларидек арзимас нафақа билан нима ҳам қилиб бўларди?

Муллаёровлар вакили М. Аминованинг қўшимча қилишича, югур-югурлар ҳеч қандай самара бермагач, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига бир неча маротаба мурожаат йўллаган. Аммо, афсуски, мурожаатлар айланиб-айланиб, яна қайтиб, Зангиота тумани ҳокимлигига келиб тушаверган. Охир-оқибат, туман ҳокимлиги томонидан оиланинг тўнғич қизи Ф. Муллаёровага яшаб туриши учун бир хонали уй берилган.
photo_2019-10-23_10-01-28.jpg “Уни уй дейишга тилим бормайди”
— Ҳокимлик томонидан берилган уйда аранг бир ой яшадим, — дейди имо-ишоралар билан Ф. Муллаёрова. — Чунки, унда яшаш учун ҳеч қандай шароит йўқ. Газ ва сув йўқ, электр токи бор, холос. Очиғини айтганда, бу хонани уй деёлмайман. Уч ногирон болам билан тор ва совуқ, харобадан фарқи йўқ хонада қандай қилиб яшайман. Шундан сўнг яна шу ерга қайтиб келдим.
Ф. Муллаёрованинг айтишича, тинимсиз уй сўраб қилган мурожаатларидан безган туман ҳокимлиги раҳбарлари агар бошланғич бадални тўласа, унга ҳам имтиёзли уй-жойлардан хонадон беришга ваъда берган. Шундан сўнг у қарз-қавола қилиб, Халқ банкининг туман филиалига йигирма миллион сўм атрофида маблағ қўйган. Аммо...

— Улар сўраган пулни тўлаганимга ҳам бир ойдан ортиқ вақт ўтди, — дея сўзида давом этади Ф. Муллаёрова. — Шундан бери Минавар опа билан ҳокимлик биносида сарсон-саргардонмиз. Мутасаддилар ҳали унга, ҳали бунга учраш, деб у ёқдан бу ёққа югуртиришдан нарига ўтишмаяпти. Мен бошланғич тўловни емай-ичмай, болаларим ризқини қийиб, қарз-қавола қилиб тўласаму, мутасаддилар менга шундай муносабатда бўлмаса? Шу адолатданми? Нима учун улар менга мана шу уй битса, сеники бўлади, деб кўрсатишмаяпти? Ахир, туманимизда айни пайтда кўплаб имтиёзли уй-жойлар қурилмоқда. Ўзим пойтахтдаги кар ва соқовлар мактаб-интернатида таҳсил олганман. Синфдошларим билан тез-тез суҳбатлашиб турамиз. Уларнинг аксарияти давлат томонидан берилган имтиёзли уйларда яшамоқда. Уларга ҳавасим келади. Аслида менинг ҳам шундай уй-жойларда яшагим бор. Турмуш ўртоғим ҳам ногирон. Кунлик ишлар билан банд. Муқим қиладиган иши йўқ. Бир неча жойларга иш сўраб мурожаат қилганмиз. Лекин, бизни кар ва соқов, деб ҳеч ким ишга олишни истамайди. Ўзим онам билан кўрпача тикаман.

— Шу пайтгача давлатдан бирон бир ёрдам сўрамадик, — дейди биз билан М. Аминова ёрдамида суҳбатлашган Умида Холметова. — Уч фарзандни вояга етказишнинг ўзи бўлмади. Не-не азобларни бошдан кечирдик. Қизимни турмушга бердик, бир ўғилни уйлантирдик. Икки ўғлим отаси билан пойтахтдаги автотураргоҳларнинг бирида ишлайди. Кенжа ўғлим уйимизда жой йўқлигидан кўча-кўйда ётиб юрибди. Унинг ёши ҳам йигирма бешдан ошган. Уйлантиришим керак. Ишқилиб ёмон йўлга кириб кетмаса, бирон бир жиноятга қўл уриб қўймаса бўлди, деб кечалари илтижо қилиб чиқаман.

Кўриб турганингиздек, барча ислоҳотлар инсон омили учун амалга оширилаётган, халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак, деган тамойил кун тартибига кўтарилган айни бир паллада ижтимоий ҳимояга муҳтож, боз устига, имконияти чекланган бир оилага шундай “илтифот” кўрсатилмоқда. Хўш, ҳокимликдаги мутасаддиларнинг хатти-ҳаракатини қандай изоҳлаш мумкин? Нима учун улар қўл учида кун кўраётган бир оилани мушкул аҳволда қолдириб, йўқ уй-жой учун бошланғич тўлов ундириб олишди? Халқ дардида “куйиб-пишиб, ёниб, ишлаётган зангиоталик мутасаддилар” мазкур ҳолат бўйича нима дейишаркин?

Ўрни келганда бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтмасак, бўлмас. Бундан олдин ҳам таҳририятимизга айнан Зангиота туманидан келган икки-учта мурожаат юзасидан мақола эълон қилганмиз. Ўша мақолаларни илова қилиб, ҳокимликка мурожаат йўллаганмиз. Афсуски, ҳокимлик томонидан мурожаатларимизга ҳеч қандай муносабат билдирмади.

Юқоридаги мурожаатни ўрганиш давомида ҳам фақат бир томоннинг сўзи билан кифояланмаслик, вазиятни нохолис ёритмаслик мақсадида ҳокимликка бир неча маротаба қўнғироқ қилдик. Афсуски, бу сафарги уринишларимиз ҳам худди аввалгиларидек бесамар кетди.
photo_2019-10-23_10-40-55.jpg Йиғлаб борсанг, ҳўнграб чиқади!
Ҳа, буни бешавқат ҳаёт дейдилар. У ҳар кимни турлича синайди. Мазкур хонадон соҳиблари ҳам тақдир берган синовга дош бериб яшашмоқда. Тасаввур қилаяпсизми, бир оилада шунча имконияти чекланган инсон-а? Ҳаммаси биринчи гуруҳ ногирони. Ажабланарлиси, барчасининг ногиронлик варақасига “Яшаш муддати чекланган”, деган даҳшатли сўзлар битилган. Наҳотки, шундай инсонларга ҳеч ким ёрдам бермаса? Сўнгги йилларда мамлакатимизда имконияти чекланган, ногиронлиги бор шахсларни қўллаб-қувватлаш борасида бир қанча қарор ва фармонлар эълон қилинмоқда. Нега улар амалиётда ўз самарасини бермаяпти? Балки улар шунчаки қоғозда қолиб кетаётгандир? Борди-ю ҳаётга татбиқ этилаётган бўлса, нега бу оила ижобий ўзгаришлар самарасини сезмаяпти?

Дарвоқе, шу йилнинг бошида давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасига ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни, уй-жойсиз хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш учун бюджетдан 300 миллиард сўм маблағ ажратилган. Хўш, ўша пуллар қаерга сарфланмоқда? Маҳалла, ҳокимият, хотин-қизлар қўмитаси, ногиронлиги бор шахсларни қўллаб-қувватловчи ташкилотлар қаёққа қарамоқда?

Шундай ўй-хаёллар билан хонадондан чиқарканмиз, йўл-йўлакай “Файз” маҳалла фуқаролар йиғинига кириб, оқсоқолга юзландик. Аммо...
Биз йиғлаб боргандик, улар ҳўнграб чиқди.
— Раисликка сайланганимга кўп бўлмади, — дейди оқсоқол Мурод Қодиров. — Аммо, сиз айтаётган оилани жуда яхши танийман. Ҳақиқатан ҳам барчасининг имконияти чекланган. Бироқ, уларнинг қўл-оёғи бутун, меҳнатга яроқли. Бемалол ўзини ўзи эплай олади. Бундан ташқари, ҳокимлик томонидан оиланинг катта қизига яшаб туриши учун шу яқин атрофдан бир хонали уй ажратилган эди. Лекин, у ерда яшашни ўзи истамаяпти. Тўғри, шароити зўр эмасу, аммо бир амаллаб кун кечирса бўларди.

Таъбир жоиз бўлса айтай, маҳалламизда бундан-да абгор, уй-жойсиз, ҳатто, вагонда яшаб юрган оилалар бор. Шундайлар турганда Муллаёровларга қандай ёрдам беришимиз мумкин? Билишимча, уларнинг турмуш шароити жа сиз айтганчалик аянчли эмас. Унча-мунча одамдан яхши яшашади. Шунинг учун бу оилага биз ҳеч қандай ёрдам бера олмаймиз...

Маҳалла раисининг бир имконияти чекланган оила ҳақида айтган гапларидан очиғи, қаттиқ таажжубландик.

Хўп, маҳаллада бунданда хароб оилалар бор экан, унда маҳалла раиси, фаоллари қаерга қараяпти? Улар нима учун давлатдан маош олишади? Гапнинг лўндасини айтганда, ўз маҳалласидаги ночорларни қўллаб-қувватламайдиган, уларнинг дарди билан яшаш ўрнига идорасини қўриқлаб ўтирадиган маҳалла раисининг кимга кераги бор? Фуқаролар, энг аввало, бош уриб борадиган жой — маҳалладаки вазият шу бўлгач, ҳокимликдагилардан хафа бўлмасак ҳам бўлар экан.

Майли, ҳар не бўлганда ҳам, мақола эълон қилингандан сўнг ҳокимлик ва маҳалла идорасидагилар бу оилага ёрдам беришади, деган умиддамиз.

Ғуломжон АҲМАД


Мавзуга оид