Суриштирув 268 22.10.2019 09:55:47

Паркентлик тадбиркорнинг муаммолари нега ечим топмаяпти?

Паркентлик тадбиркорнинг муаммолари нега ечим топмаяпти?

Паркент туманидаги Қорақалпоқ маҳалласида ўтган асрнинг 60-90 йилларида вилоят сил касалликлар шифохонаси фаолият кўрсатган. Шифохона бош врачи Шоғулом Шоназаров унинг ён-атрофига мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазиб, боғ қилган, беморлар баҳаво соя-салқинда ўтириб, яйрашган.

1989 йилда вилоят сил касалликлари шифохонаси бошқа жойга кўчирилгач, унинг ўрнига Паркент туман юқумли касалликлар шифохонаси кўчириб келинади. Бу ерга хўжалик ишлари бўйича бўлим мудири вазифасига ишга жойлашган Шоғулом отанинг фарзанди Дилшод Шоназаров отасининг ишини давом эттириб катта кўчадан шифохона биносигача бўлган қарийб юз метрлик масофадаги йўлнинг икки томонига арча, қарағай сингари манзарали дарахтлар, турли гул кўчатлари ўтқазди. Унинг ҳудудида ташландиқ ҳолда ётган 3 гектардан зиёдроқ майдонни ўзлаштириб, ҳам ўзи даромад олишни, ҳам шифохонага даромад келтиришни режалади.

Бош врач Дилшоднинг режасини қўллаб-қувватлади, ҳудудни ободонлаштириш ва кўкамламзорлаштириш хайрли ва савоб иш эканини, ҳаракатни бошлайвериши мумкинлигини билдирди. Бундан руҳланган Дилшод Шоназаров ўз чўнтагидан харажат қилиб, шифохона ҳудудидаги майдонга соз тупроқ тўктириб, текислатди. Шифохонада фаолият кўрсатаётган ошхонани сабзавот маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида ўзи ўзлаштирган майдонда турли экинлар етиштиришни йўлга қўйди. Қолганига ғалла экиб, 7 тоннадан зиёдроқ ҳосил олди. Ундан тушган маблағни қилинган харажатларни қоплаш учун сарфлади.

Ғалладан олинган даромаднинг бир қисмини шифохона касса киримига туширмагани учун ўртада келишмовчилик чиқиб, Дилшод Шоназаров 2002 йилда ишни ташлаб кетади. 2011 йилда юқумли касалликлар шифохонасига бош врач бўлиб келган Ш.Раҳимбердиева Дилшод Шоназаровни аввалги ишига таклиф қилиб, илгари бошлаб қўйган ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишларини давом эттиришни сўради. 8-9 йиллик сарсон-саргардончиликдан сўнг у яна шифохона ён-атрофини ободонлаштиришга киришади. Беморларга керакли шарт-шароит яратиш учун скамейкалар ўрнаттиради. Ошхонани шу ерда етиштирилган экин ва мева-сабзавотлар билан таъминлайди, 1,5 гектар мевали боғ яратади. Ҳозир бу ерда ҳосил бераётган боғ майдони 2,5 гектарни ташкил этади.

2017 йилда Дилшод Шоназаров ўзи ободонлаштириб келаётган 3 гектар ер майдонида қиймати 1 миллион АҚШ долларига тенг бўлган миқдордаги инвестиция киритиш йўли билан лимон етиштирадиган иссиқхона ва музлатгич қуриш ҳақидаги бизнес лойиҳасини Паркент туман ҳокимлигига тақдим этади. Лекин туман ҳокими ўринбосарлари имзоси билан берилган жавобда ҳали шифохона янги бинога кўчмагани рўкач қилинади.

2018 йил 1 июндан туман юқумли касалликлар шифохонаси янги қурилган замонавий бинога қўчиб ўтгач, эски бино ва унинг ҳудуди туман ҳокимлигининг бўш турган объектлар заҳирасига олинади. Дилшод Шоназаров яна туман ҳокимига хат билан чиқиб, собиқ юқумли касалликлар шифохонаси ер майдонини лимон етиштирадиган иссиқхона қуриш учун ажратиб беришни сўраб мурожаат қилади. Шифохона жамоаси, Қорақалпоқ қишлоғининг обрўли оқсоқоллари ҳам ана шу масалада ҳокимга ўз хайрихоҳликларини билдирган. Лекин унинг бу мурожаатлари ижобий ечим топмади.

– Шу ерга 20-25 йил умримни сарфладим, – дейди    Дилшод Шоназаров. – Боғдаги ҳар бир дарахт фарзандимдай бўлиб қолган. Шифохона янги бинога кўчиб ўтганидан буён ҳам ҳар куни ундан хабар олиб тураман.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2018 йил 6 мартда республикамизда лимончиликни ривожлантириш тўғрисида қабул қилинган қарордан кейин ўзимга қадрдон бўлиб қолган жойда Россия технологияси асосида лимон етиштиришга мўлжалланган иссиқхона ва музлатгич қуришни режалаштирдим. Бунинг учун инвестор ҳам топдим.

Ҳисоб-китобларга кўра, бу ерда исссиқхона қурилса, 40 нафар ёш иш билан таъминланади. Паркент туманининг 2020 йилда чет элга 56 минг, 2021 йилда 150 минг АҚШ доллари миқдорида юқори сифатли лимон экспорт қилиш салоҳияти пайдо бўлади. Лекин бу мурожаатларим туман ҳокими Неъмат Муҳамедов томонидан эътиборсиз қолдирилмоқда...

2018-2021 йиллар мобайнида Паркент туманида 4 гектар лимонзор барпо қилиниши ҳақидаги Тошкент вилоят ҳокимининг қарори ижро учун қабул қилинган. Қарор бор, ер бор, тадбиркор ўз оёғи билан келиб турибди, муаммо нимада? Ёки, қўпол қилиб айтганда, орага таъма аралашаяптими?

Биз бу масалага ойдинлик киритиш ва жойига бориб ўрганиш учун июнь ойининг ўрталарида туман ҳокими билан учрашдик.

– Бу гапдан хабарим бор, – деди Паркент тумани ҳокими Неъмат Муҳамедов. – Эски юқумли касалликлар шифохонаси биноси ер майдони билан бирга тендерга қўйилган. Пойтахтдан келган бир-иккита тадбиркор шунга қизиқиш билдирган. Сармояси бўлса Дилшод Шоназаров ҳам тендерда қатнашсин, бизнинг қаршилигимиз йўқ. Агар лимонзор қилмоқчи бўлса, бунга ҳам розимиз, марҳамат, фермер хўжалиги тузсин, бошқа жойдан ер ажратиб берамиз...

Тўғриси, туман ҳокимининг валламатлигидан, тадбиркорга ён босаётганидан хурсанд бўлиб, унинг ҳузуридан чиқдим. Тадбиркор Дилшод Шоназаровга қўнғироқ қилиб, унга ҳоким қабулига киришни, лимонзор барпо қилиш учун ер майдони ажратиш масаласи ҳал бўлганини билдирдим.

Лекин...

Орадан бир ярим ой ўтиб, Дилшод Шоназаров қўлида шу масала юзасидан турли юқори ташкилотлардан олинган бир даста жавоб хати билан келиб қолди. Уларнинг айримларига диққатингизни тортмоқчимиз.

Паркент тумани ҳокими имзоси билан 2019 йил 14 июнда берилган жавоб хати:

“Гулистон МФЙ, Наврўз кўчаси, 35-уйда яшовчи Шоназаров Дилшоднинг Паркент тумани тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига қарашли кўп йиллар давомида фойдаланиб келинаётган 2,23 гектар ер майдонида лимончиликни ривожлантириш учун ажратиб берилмаётганлигидан норози бўлиб ёзган мурожаати юзасидан.

Ҳақиқатан ҳам мурожаатда келтирилган Паркент тумани тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига қарашли кўп йиллар давомида фойдаланиб келинаётган 2,23 гектар ер майдонидан фуқаро Шоназаров Дилшод томонидан ички шартнома орқали фойдаланиб келинган. Сўралаётган ер майдони ҳозирги кунда “Паркент фалкон” МЧЖга қарашли аррахона биноси фойдаланишидаги, ер майдони Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги қарори билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда уй-жойқурилиши учун олинганлиги сабабли ўрнига собиқ юқумли касалликлар шифохонаси фойдаланишида бўлган, ҳозирда туман ҳокимлиги балансидаги 1,23 гектар ер майдонидан ажратиб бериш юзасидан расмийлаштириш ишлари бошланганлиги ҳамда қолган 1,0 гектар ер майдони иссиқхона ташкил этиш учун фуқаро Шоназаров Дилшодга таклиф этилганлигини маълум қиламиз”.

Хатга қўшимча тарзда Дилшод Шоназаровнинг шу масала юзасидан Халқ қабулхонасига йўллаган мурожаатини ўрганиш бўйича Паркент туман Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими мутахассислари А.Розиқов, А.Тошкенбоев, Гулистон МФЙ раиси М.Абдураимовлар имзоси билан 2019 йил 7 июнда тузилган, худди ҳоким бова имзолаган мазмундаги далолатнома илова қилинган.

– Қисман бўлса ҳам ер майдони ажратиб берилибдику! – дедим хурсанд бўлиб. Дилшод Шоназаров индамай қўлимга бошқа бир жавоб хатини тутқазди.

“Қарор. 2019 йил, 17 июнь (маълум қисми келтирилган. таҳририят). Паркент тумани, Қорақалпоқ қишлоғи, Марказий МФЙ ҳудудида “Parkent Falkon” МЧЖга тегишли бўлган жами 0,51 гектар ер майдони 20 та арзон уй-жойлар қурилиши муносабати билан туман захирасига қайтариб олисин.

“Parkent Falkon” МЧЖдан туман захирасига қайтариб олинаётган ер майдони ўрнига компесация турини белгилаш ва етказилган зарарни қоплаш мақсадида Паркент тумани Қорақалпоқ массиви қишлоқ хўжалик харитасининг 12, 13-контурларидаги жами 2,17 гектар ер майдони ажратилсин.

Туман ҳокими Н.Муҳамедов”.

Тўғриси, воқеанинг бундай ривожланишидан ҳанг-манг бўлиб қолдим. Ҳоким қароридан уч кун олдин, яъни, 2019 йил 14 июнда Дилшод Шоназаровга Н.Муҳамедов имзоси билан берилган жавоб хатида ҳамда унга илова қилинган далолатномада ер майдони 0,51 гектар бўлган “Паркент фалкон” МЧЖга қарашли аррахона биноси ўрнига собиқ юқумли касалликлар шифохонаси фойдаланишида бўлган, ҳозирда туман ҳокимлиги балансидаги 1,23 гектар ер майдонидан ажратиб бериш юзасидан расмийлаштириш ишлари бошлангани ҳамда қолган 1,0 гектар ер майдони иссиқхона ташкил этиш учун фуқаро Шоназаров Дилшодга таклиф этилгани билдирилган.

Орадан уч кун ўтиб, яна ўша ҳоким қарори билан “Паркент фалкон” МЧЖга қарашли аррахонага 0,51 гектар ер майдони ўрнига юқорида кўрсатилган манзилдан 2,17 гектар ер майдони ажратилаяпти!?

Савол туғилади: аррахона қуриш учун бутун бошли боғни (яна мевали боғ) яксон қилиш қанчалик мантиққа тўғри келади? Бунинг учун аррахонага очиқ майдондан ер ажратиш мақсадга мувофиқ эмасмиди?

– Халқ қабулхонасига қилган мурожаатим бўйича тузилган далолатномада мени ҳам иштирок этди, деб ёзилган, – дейди тадбиркор. – Лекин бу нотўғри гап, мени чақиришмаган. Унга имзо қўйганлар “1,0 гектар ер майдони иссиқхона ташкил этиш учун фуқаро Шоназаров Дилшодга таклиф этилган”, деб ҳокимни ва Халқ қабулхонасини алдашган. Шу ёлғон маълумот билан ишни ёпишган. Бу ерда ҳокимни айблаб бўлмайди, унинг мингта иши бор. У ҳам қўл остида ишлаётган мулозимлар нимани тайёрлаб берса, шунга қўл қўяди-да! Ўйинни ана шулар қилаяпти...

Президентимиз Шавкат Мирзиёев: “Бундан буён барча раҳбарлар – президентдан тортиб то энг қуйи бўғингача – халқимизга хизмат қилишади”, – деган эди. Қуйи бўғинда эса ҳолат эскича. Эскича онг, эскича дунёқараш. Улар ҳали ҳанузгача ўз қобиғига ўралиб олган, халққа эмас, ўзига ва яқин таниш-билишларига хизмат қилиш билан банд. Шундан кейин давлатга, ҳукуматга ишонч қоладими?

Ҳозир Дилшод Шоназаров яраттган 2,5 гектар боғ тўлиқ ҳосилга кирган. Бу ерга аррахона кўчиб келишидан унинг ёнгинасида жойлашган, 600 нафарга яқин ўқувчи таҳсил оладиган ўрта умумтаълим мактаби жамоаси, боғ атрофида истиқомат қилаётган Марказ МФЙга қарашли маҳалла аҳли ҳам норози. Мактабда кун бўйи дарс ўтилса, эртага аррахона ишга тушса, унинг шовқинидан қулоғи батанг бўлган ўқувчилар дарсни қандай ўзлаштиради? Бу шовқинда яшаш маҳалла аҳли учун жаҳаннам азобига айланмайдими?

Ҳалиям бўлса кеч эмас. Туман раҳбарияти бу масалани батафсил ўрганиб, оқилона ечим топишига, аррахонанинг эса бошқа жойга кўчирилишига ишонамиз.

Бугун жамият кун тартибига тадбиркорликни ривожлантириш ва унинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш бош вазифа қилиб қўйилди. Тадбиркорлик – амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг энг асосий йўналиши сифатида кўрилмоқда. Бу борада Президентимизнинг қатор қарорлари қабул қилинди. Шунга қарамасдан, афсуски, бу сиёсатнинг моҳиятини англаб етмаётганлар, ёки атайлаб сунъий ғовлар яратаётган ўрта бўғин раҳбарлари учраётгани ачинарли манзара.

Дилшод Шоназаров тадбиркор. У эртага лимон етиштирадиган иссиқхона қурмаса, бошқа ишнинг бошини тутиб кетаверади. Кўчада қолмайди. Лекин Паркент тумани ғайрати жўш уриб турган, сидқидилдан Ватанимга, халқимга хизмат қиламан, деб турган бир лаёқатли тадбиркордан ажралади. Қачонки, эл-юрт, халқ манфаати ҳамма нарсадан устувор бўлмас экан, раҳбарлар бир жойдан иккинчи жойга келиб-кетаверади, алмашаверади. Жамиятимиздаги ижобий ўзгаришлар туфайли ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиш даражасида шаклланган Дилшод Шоназаровга ўхшаган тадбиркорлар эса, Президентга, ўз ишига, келажагига ишонч билан қарайди, боғ яратади, авлодларга қолдиради, халқнинг олқишини олади. Бугун бўлмаса, эртага албатта ўз олдига қўйган мақсадга эришади. Унинг самимиятга тўла сўзларидан шундай хулосага келдим, ғайрат-шижоат балқиб турган кўзларидан шуни уқдим... 

Нуруллоҳ ДОСТОН


Мавзуга оид