Ўзбекистон 117 02.12.2019 16:13:19

Ногиронлар, кексалар ва болаларнинг музейларга ташрифи осонлашади

Ногиронлар, кексалар ва болаларнинг музейларга ташрифи осонлашади

2020-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси музейларининг инклюзивлиги дастурида тактиль йўлаклар, овозли хабар бериш светофорлари, метро бекатларида махсус кўтарилиш воситаларини ўрнатиш назарда тутилган. Мазкур дастур имконияти чекланган шахслар, мактаб ёшидаги болалар, кекса ташриф буюрувчилар ва уларга ҳамроҳлик қиладиган шахсларнинг музейларга ташриф буюришлари учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида ишлаб чиқилган. Инклюзив талабларни ҳисобга олган ҳолда айрим вазифалар белгиланган. Музейлар ва унга туташ ҳудудлар инфратузилмасини такомиллаштириш мақсадида қуйидагилар режалаштирилган:

маъмурий биноларга қўйиладиган талабларни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш (2020 йилнинг II чорагига келиб идоравий НҲҲ ишлаб чиқилади);

тактиль йўлаклар, музейларда она ва бола хоналарини ташкил этиш, бекатлар ва жамоат транспортида аудиовизуал хабар бериш тизимларини жорий этиш, овозли хабар бериш светофорлари, метро бекатларида имконияти чекланган шахслар учун кўтарилиш воситаларини ўрнатиш;

тегишли участкаларда махсус сирғалмайдиган қопламали, жароҳат етказмайдиган ушлагич ва пандуслар ўрнатиш. Ташкилий тадбирлар кейинги йилнинг III чорагидан бошланади ҳам мунтазам равишда давом эттирилади;

иккинчидан, инклюзив хизмат кўрсатиш амалиёти жорий қилинади. Хусусан, кўзи ожизлар ва яхши кўрмайдиган ташриф буюрувчилар учун маданий тадбирларни тифлошарҳлаш амалиётини жорий қилиш (кўзи ожизлар ва яхши кўрмайдиган ташриф буюрувчилар учун содир бўлаётганларни тасвирлаб бериш, таҳр. изоҳи). Шунингдек, ҳид, товуш, мусиқа орқали онгли ва вербал тавсифлаш мумкин бўлган экспонатлар кўргазмаларини ташкил этиш (2020 йил III чорак) ва бошқалар;

учинчидан, музей кадрларини тайёрлаш тизимини такомиллаштириш. Ходимлар учун имконияти чекланган ташриф буюрувчилар билан ўзига хос муомала қилиш ва зарур ҳолларда уларга бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмасига эга бўлган кадрларни тайёрлаш учун махсус курслар ташкил этилади. Мазкур тадбирлар 2020–2022 йилларга мўлжалланган.

“2021 йилда музейларнинг моддий-техника базаси янгиланиб, санитария-маиший биноларда махсус кабиналар, тактиль белгилар, хавф-хатардан огоҳлантирувчи сигнализация тизимлари, синхрон таржима учун асбоб-ускуналар, кўзи ожиз ташриф буюрувчилар учун радиомаёқлар, тадбирлар ўтказиш чоғида имконияти чекланган шахслар учун махсус ўриндиқлар ўрнатилади”, — дейилади хабарда.


Мавзуга оид