Ўзбекистон 115 02.12.2019 14:39:41

Аёлларга нисбатан зўравонликка қарши 16 кун қандай ўтмоқда?

Аёлларга нисбатан зўравонликка қарши 16 кун қандай ўтмоқда?

Хабарингиз бор, Ўзбекистон бўйлаб 25 ноябрдан 16 декабрга қадар “Аёлларга нисбатан зўравонликка қарши 16 кун” медиа-кампанияси ўтказилмоқда.

Медиа-кампания доирасида бугун “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда USAIDнинг Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари дастури ҳамкорлигида “Биз хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ва тазйиққа қаршимиз” мавзусида акция бўлиб ўтди.

АҚШнинг вақтинчалик муваққат ишончли вакили Алан Мельцернинг фикрига кўра, Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жараён жорий йилда сезилган. “Масалан, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунлар қабул қилинди. Қонунни амалиётда ишлаши учун USAID Ўзбекистонга техник кўмак кўрсатади. Эндиликда аёлларнинг ҳуқуқи иш жойи, таълим, соғлиқни сақлаш — барча соҳада ҳимоя қилинишини таъминлашга эришиш лозим”, — деди Алан Мельцер.

БМТ маълумотига кўра, дунёдаги аёлларнинг 35 фоизи турли кўринишдаги тазйиққа учраб келмоқда. 2017 йилда 87 минг нафар аёл тазйиқлар оқибатида, шулардан 50 минг нафари (58 фоизи) айнан оила азолари ёки бирга яшаб турган эркаклар томонидан ҳаётдан кўз юмган.1 (1).JPG

“Тараққиёт стратегияси” директори Элдор Туляковнинг сўзларига кўра, бу борада амалий ишлар сўнгги уч йилда, айниқса, кўзга ташланди. “National geographic” халқаро нуфузли компаниясининг “Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик” рейтингида 169 та мамлакат ичида Ўзбекистон айнан гендер тенгликни таъминлаш борасида 89 ўринни қайд этган. Бу албатта, ачинарли ҳол. Шу боис ҳам, яқинда Идоралараро гендер комиссияси тузилди. Бугунги медиа-кампанияда мавзуга оид видеороликлар намойиш этилади ва иллюстратив тарзда ишлаб чиқилган китобнинг тақдимоти ўтказилаётгани, хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини кўпроқ билишига ёрдам беради”, — деди Элдор Туляков.

Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқованинг таъкидлашича, мазкур қонунлар хотин-қизлар ўзини кучли ҳисоблаганидагина ишлайди. “Хотин-қизлар қачон ўзини кучли деб ҳисоблайди? Қачонки, улар ўзини ҳимоя остида эканини сезсагина, уларни давлат, маҳалла, прокуратура, ички ишлар хотин-қизлар қўмитаси ҳимоя қилишини ҳис қилсагина кучли ҳисоблайди. Ён қўшни билмайдими, нариги уйда бақир-чақир бўлаётганини, қўшни аёлнинг кўзи кўкариб ишга кетаётганини ёки йиғлаб чиққанини. Билади. Афсуски, бефарқлик жамиятимизнинг иллатидир”, — деди Светлана Ортиқова. Шунингдек, у хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашишда натижага эришиш учун нима қилиш кераклиги хусусида тўхталиб ўтди. “Оилани сақлаб қолишда биргаликда ҳаракат қилишимиз керак. Лекини бор. Агарда пичоқ куракка бориб тегса, чидаб турмаслик керак. Аёл киши камтарин ва иффатли бўлиши керак, чунки у шарқ аёли. Шу билан бирга кучли ҳам бўла олиши лозим”, — деди Ортиқова.F02A9599.JPG

“Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунга кўра, эндиликда давлат стастистика органлари томонидан гендер статистикаси юритилади ва эълон қилиндаи. Бунда жамият ҳаётининг барча соҳалари қамраб олиниб, унда хотин-қизлар ва эркаклар ҳолатини акс эттирадиган ахборот жамланади. Ушбу статистика орқали эса қайси тармоқларда гендер тенглиги бузилаётганини яққол кўриш мумкин бўлади. Бундан ташқари, гендер тенглигини таъминлаш бўйича давлат органларида раҳбар ўринбосарининг масъуллиги белгилаб қўйилди. Яъни эндиликда ташкилотнинг юқори ваколатга эга мансабдор шахси ўз иш жойидаги гендер кўрсаткичларини таҳлил қилади. Агарда гендер номутаносиблиги аниқланса, аниқ чоралар кўриш бўйича таклиф киритади. Жинс бўйича бевосита ва билвосита камситилишига йўл қўйилмайди.

Дарҳақиқат, акция мобайнида тақдим этилган видеорликлар мазмунидан билиш мумкинки, жамиятда хотин-қизларнинг манфаатларини ҳимояси кун тартибида турган долзарб масаладир. Бинобарин, Янги зеландиялик олим Жеймс Флинн айтганидек: “Аёллар дунёда рўй берган глобал маданий, таълим ва иқтисодий ўзгаришларга тезроқ мослашади”.

Наргиза ЮНУСОВА,
«Human.uz» ахборот портали мухбир

и


Мавзуга оид